Бахт ва фаровонликка йўналтирувчи куч

1071

Конституциядаги ҳар бир модданинг ўзига хос яратилиш тарихи ва сабаблари бор.Масалан, «Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурч­лари» деб номланган II бўлимдаги 18-моддани олайлик. Унда барча фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги эътироф этилади.

Тарихдан маълумки, мулкий тенгсизликлар, турли ирқлар ўртасидаги камситилишлар, низолар, диний келишмовчиликлар давлатнинг емирилишига, кучсизланишига сабаб бўлган, яхлитликка путур етган. 18-модданинг яна бир аҳамиятли жиҳати шуки, унда фуқароларнинг жинс жиҳатдан ҳам тенглиги қайд этилган ва «Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари» номли бобда ҳам шундай мазмундаги норма белгилаб қўйилган. Бундан кўзланган асосий мақсад – хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини мустаҳкам асослашдан иборат. Чунки хотин-қизларни камситиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ҳолатлари тарихда кўп кузатилган. Масалан, ХVIII-ХIХ асрларда кўплаб мамлакатларда, ҳатто ривожланган давлатларда ҳам аёллар сайлаш, сайланиш, мулкдор бўлиш ва бошқа бир қанча сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларга эга бўлмаган. Бугунги кунда ҳам аёллар ва ­эркаклар тенглиги масаласи ўз долзарблигини йўқотмаган.
Таълимда, меҳнат муносабатлари ва бошқа ҳолатларда гендер тенгсизлик билан боғлиқ муаммолар йўқ эмас. Айнан уларни камайтириш учун Конституциямизда гендер тенглиги кафолатлаб қўйилган модда 2019 йилда қабул қилинган «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонун билан мустаҳкамланди.
Асосий қонунда, шунингдек, «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга» деб таъкидланган. Ушбу модданинг киритилиши яқин ўтмишда юз берган доғули воқеалар билан боғлиқ. ХVIII-ХIХ асрлардаги хонликлар, шунингдек, ХХ аср охиригача давом этган советларга қарамлик даврида сўз эркинлиги ниҳоятда чекланган эди. Айниқса, 1937-1938-йиллардаги қатағонларда Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Фитрат, Отажон Ҳошим сингари ўз асарлари билан халқнинг кўзини очишга ҳаракат қилган, миллатни қарамлик ва жаҳолат ботқоғидан ёруғликка олиб чиқишга уринган ҳурфикр аждодларимиз сохта гувоҳлар ва далиллар билан асоссиз равишда қатл этилганлигини унутиб бўларканми ахир! Ўша даврда сўз эркинлиги ниҳоятда чеклангани сабабли давлат етарли даражада тараққий этмаган, аҳолининг яшаш даражаси ҳам жуда паст бўлган.
Бугунги кунда мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритишини таъминлаш борасида катта қадамлар ташланмоқда. Конституциямизда оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги ва қонунга мувофиқ ишлаши, шунингдек, цензурага йўл қўйилмаслиги таъкидланган.
Конституциянинг 35-моддасида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги ҳамда ариза, таклиф ва шикоятлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган ташаббуслари асосида мамлакатимизда кўплаб ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш тизими такомиллашиб бормоқда. «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги ҳамда «Жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. Ушбу қонунларда фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилиш тартиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари аниқ белгилаб қўйилган.
Бош Қомусимизда ҳар бир шахснинг ­мулкдор бўлишга ҳақли экани ҳам алоҳида таъкидланган. Маълумки, мустамлака даврида хусусий мулк эгаларига «ўгай кўз» билан қаралган. «Қулоқлаштириш» сиёсати натижасида кўпчиликнинг ер-мулки тортиб олиниб, ўзлари сургун қилинган. Хусусий мулк ҳимоя қилинмаган давлатда рақобат бўлмайди. Бу эса давлатнинг тараққиётда оқсашга сабаб бўлади. Конституция­миздаги модда асосида «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Унда хусусий мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмаслиги, хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги белгиланган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Конституциядаги ҳар бир модданинг ўзига хос тарихий аҳамияти бор. Шунингдек, бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришларнинг асосини ­Конституцияда белгиланган нормалар ва принцип­лар ташкил этади. Шундай экан, Конституциямизни фаровон ҳаётимизнинг энг асосий кафолатларидан бири, дея бемалол айта оламиз.

Наргиза ШАРИПОВА,
Тошкент давлат юридик
университети талабаси