Чангли ва қумли бўронлар нега кўпаймоқда?

2853

Сўнгги икки уч йил инсоният учун жиддий синовларга бой бўлди. Аввало, икки йил аввал авж олган коронавирус пандемияси аҳли башариятнинг яшаш тарзини сезиларли даражада ўзгартирди. Бундан ташқари, замондошларимиз яна бир катта хавф – иқлим ўзгариш­ларига рўбарў келишди.

Бизнинг юртимизда ҳам жиддий талафот келтирган бир нечта табиат ҳодисалари кузатилди. Жумладан, 2020 йил Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларида ҳалокатли шамол бўлди. Ўтган йили эса кучли қумли бўронлар билан бот-бот юзлашимизга тўғри келди. Бу, аслида, табиатга нисбатан ниҳоятда эҳтиёткорона муносабатда бўлишимиз кераклиги ҳақидаги огоҳлантирувчи сигналдир. Мутахассислар хулосасига кўра, сўнгги ўн йилликда Осиё қитъасида қумли бўронлар сони анча кўпайган.
Хўш, қумли ва чангли бўрон нима ўзи ва у қандай пайдо бўлади? Бу офатнинг зарарлари ва ундан сақланишнинг йўллари қандай? Қуйида ушбу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Қумли бўронлар – нафақат инсон саломатлиги, балки атроф-муҳит ва мамлакат иқтисодиёти учун ҳам катта зарар етказувчи табиат ҳодисаси. Чунки кучли шамол тақир ва қуруқ ердан ­кўплаб минерал чангларни ҳавога кўтариб, уларни юзлаб-минглаб километр масофага учириб боради. Шу тариқа чангли туманлар ҳосил қилади.
2021 йил ноябрь ойида Ўзбекис­тоннинг айрим ҳудудларида, чунончи, Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кучли шамол қўзғалиб, қумли бўронларни келтириб чиқарди. Чанг-ғуборли туманда кўриш даражаси 500-1000 метргача пасайди. Кучли шамол тупроқнинг ўта қуруқ устки қатламини ҳавога кўтарди. Оқибатда. юртимизда атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдагидан 30 баробар ошди.
«Ўзгидромет» мутахассисларининг таъкидлашларича, чангли бўронлар кўпинча қурғоқчил ҳудудларда – чўл ва ярим чўл ҳудудларда содир бўлади. Улар Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бош­­қа ҳудудларида ҳам тез-тез рўй бериб туради. Аммо бизнинг диёримизда ­сўнгги 150 йил ичида бу сафаргидек кучли ­чангли бўрон ҳодисаси кузатилмаган. Ёш физик олим Рустам Ашуров серқуёш заминимизга ёпирилган чанг бошқа жойлардаги чанглардан нимаси билан фарқланишини ўзининг «Facebook»даги саҳифасида қуйидагича тушунтириб берди:
«Биздаги чанг зарралари тузилиши, таркиби, шакли бўйича қумли бўронлар қўзғаладиган жойлардаги чангларникидан мураккаброқ. Зарядланиши ҳам осон. Шу боис у қўнган юзаларни тозалаш анча мушкул. Қолаверса, бизда бир қават чанг устига иккинчисининг ўтириши осон кечади. Бундан ташқари, чўллардан келаётган чанг зарралари таркибида турли маъданлар ва тузлар бор. Шунга кўра, йўл-йўлакай мусбат зарядланиб, юзага маҳкам ўрнаша олади. Уларни фақат ҳўл латта ёрдамида тозалаш мумкин.
Арабистонда қумли бўронлар тез-тез рўй берса-да, чанг зарраларининг шакли шарсимонлиги, усти силлиқлиги ва зарядланиш даражаси пастлиги туфайли енгил шамол ҳам юзадаги чанг зарраларини учириб кета олади».
Ҳудудлар кесимида олиб қарасак, бу қумли бўрондаги чанг миқдори ­бўйича энг юқори ўринни (меъёридан 33 баробар кўп!) Тошкент шаҳри эгаллади. Ваҳоланки, пойтахтимиз қурғоқчил ҳудуд саналмайди, лекин сўнгги йилларда унда ва бутун Ўзбекистонда жадал суръатларда олиб борилаётган қурилиш­лар жуда кўп миқдордаги қум ва чанг вужудга келишига сабаб бўлмоқда. Улар ҳатто кучсиз шамол эсганда ҳам ҳавога кўтарилади. Дарахтлар ва ўсимликлар сони кескин камайгани туфайли пойтахт энг кўп талафот кўрди.
Қумли бўронлар бир неча дақиқа давом этган тақдирда ҳам чанг атроф-муҳитда бир неча кун, ҳатто ойлар давомида сақланиб қолиши мумкин. Қумли ва чангли бўронлар етказадиган зарарлар ниҳоятда кўпдир.
Ўз-ўзидан аёнки, қумли бўронларни бутунлай тўхтатишнинг иложи йўқ. Лекин олдини олиш мумкин. Масалан, Хитой сўнгги йилларда бор имкониятларини ишга солиб, дам-бадам так­рорланиб турадиган қумли бўронлар асоратларини камайтиришга эришди. Мамлакатда кўплаб дарахтлар экилгани ва ўрмонлар яратилгани ижобий самара берди.
Зеро, дарахтлар қанча кўп бўлса, қум бўронлари пайтида шамолнинг тезлиги шунча пасаяди, ҳаво орқали тарқалган зарраларнинг тутиб қолиниши кўпаяди. Бундан ташқари, ўсимликлар қумли бўронлардан кейин чанг­­ни ютиб, фильтр вазифасини ўтайди. Борди-ю, биз аксинча йўл тутиб, дарахт­ларни кўр-кўрона кесаверсак, ўрнига янгиларини экмасак, фақат чиройли расмларга тушиш ва юқоридан мақтов эшитиш учун номигагина кўчат ўтқазсак, боғ-роғларни ва ўрмонзорларни кўпайтирмасак, фарзандларимиз қалбида табиатга нисбатан меҳр уйғота олмасак, кўкаламзорлаштириш ишларига беписанд­лик билан қарасак, қумли ва чангли бўронлар такрорланаверади.
Демак, бу борадаги ислоҳни ҳар биримиз, аввало, ўзимиздан, оиламиздан ва маҳалламиздан бошлашимиз, ҳар қайси шаҳар-туманнинг иқлим шароитини ҳисобга олиб, унга мос мевали ва манзарали дарахтлар экишни кучайтиришимиз керак!

Зуҳро АСАДОВА,
журналист