Юртимиздаги маданият марказлари ва дўстлик жамиятлари кўпмиллатли халқимиз орасида тинчлик ва тотувликни асрашга, аҳилликни кучайтиришга хизмат қилувчи даргоҳлардир. Хўш, уларнинг шу кеча-кундуздаги фаолияти қандай кечмоқда?
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов билан бўлган суҳбатимиз она диёримизда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида қилинаётган ишлар, эътиқод эркинлигининг аҳамияти ва юртимизда фаолият юритаётган маданият марказлари ҳусусида бўлди.
– Рустамбек Жавдатович, сиз шу Қўмитанинг раиси сифатида айтинг-чи, Ўзбекистон каби кўпмиллатли мамлакатларда этник низолар ва келишмовчиликлар келиб чиқмаслигининг энг зарур шартлари нимада?
–Албатта, Ўзбекистон 35 миллионли аҳолиси бор, 130 дан ошиқ миллат ва элатлар яшаётган бағрикенг ва кўпмиллатли давлатлардан бири. Бундай давлатларда тинчликни асраш, аҳоли ўртасида аҳилчилик ва ҳамжиҳатликни сақлашнинг бир қанча шартлари бор. Аввало, миллатидан қатъий назар, давлат ўз фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, уларнинг турли динга эътиқод қилишини инобатга олиб, виждон эркинлигини жорий этиши, ҳар бир элатларнинг ўз анъана ва маданиятини тарғиб қилиши, ривожлантириши ва унга амал қилиши учун шароит яратиб бериши зарур. Бу шартлар мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Кониституциясининг 4-,8-,13- моддаларига асосан мустаҳкамланиб, амалда ҳам жорий этилган. Қолаверса, Жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга каратилган давлат сиёсатини амалга ошириш, дўстона алоқаларни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатларнинг фуқаролик ҳамжамиятлари, шу жумладан, чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни самарали мувофиқлаштириш мақсадида тегишли ташкилотлар фаолият юритади. Улардан бири бизнинг Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитасидир.
Қўмитамиз 2017 йил 19 майда Президентнинг фармонига биноан Республика байналмилал маданият маркази ва Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида ташкил қилинган. У 36 та дўстлик жамиятлари ва 150 та миллий маданий марказ фаолиятини қамраб олган. Бундан ташқари хориждаги ватандошларимиз билан ҳам турли йўналишларда ишлаймиз. Юртимизда таълим 7 тилда — ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилишини назарда тутсак, бу кўрсаткич ҳам дунёнинг бирорта мамлакатида йўқ. Биз кенгфеълли ва бағрикенг ўзбек халқининг анъаналарига содиқ қолган ҳолда, барча халқлар билан дўстона алоқларимизни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаймиз.
Жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини, мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2021 йилда Қўмита ҳамкорлигида миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари иштирокида республика миқёсида 6391 та маънавий-маърифий тадбир ўтказилиб, 981,5 мингдан ортиқ аҳоли қамраб олинди. Шулардан 885 та илмий-амалий конференция ва семинар, 1571 та давра суҳбати, 1062 та кўргазма ва 575 та форум-фестиваль ташкил этилди.
–Аксарият маданият марказларида “Якшанба мактаблари” ташкил этилган экан. Бу мактабларда ёшлар нима билан машғул бўлишади?
–Юртимизда 150 та миллий маданий марказ фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг аксариятида “Якшанба Мактаблари” ташкил этилган. Уларда ёшларга она тили ва давлат тили, урф-одат ва анъаналар, маданият ва санъат йўналишларида билим бериб борилади.
Аксарият Миллий маданий марказлар қошида Фахрийлар кенгаши, Хотин-қизлар кенгаши, Ёшлар қаноти ва Жамоат ташкилотлари билан алоқалар кенгаши тузилган. Шунингдек, адабиёт, маданият, санъат, бадиий ҳунармандчилик, спорт ва бошқа миллий қадриятлар билан миллий анъаналарнинг турли йўналишлари бўйича тўгараклар мавжуд бўлиб, уларнинг тўлақонли фаолият юритишлари учун барча имкониятлар яратилган. Маданий марказлар ўзларининг бой кутубхонасига эга. Бугунги кунда Ўзбекистон корейс маданий марказлари уюшмаси, арман, грек, грузин, поляк, рус, татар, хитой ва яҳудий бошқа миллий маданий марказларда ана шундай мактаблар муваффақиятли иш олиб бормоқда.
Хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик жамиятларининг узоқ муддатли ижобий тажрибаси шуни кўрсатадики, улар халқ дипломатиясининг самарали воситаси бўлиб халқаро ҳамкорликни ривожлантириш вазифасини амалга ошириш учун муҳим восита ҳисобланади.
Қўмитанинг яна бир муҳим вазифалардан бу хорижий давлатлар билан дўстлик жамиятлари фаолиятини юргизиш ва чет элдаги ватандошлар билан алоқалар ўрнатиш. Республикада 36 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда. Яқин ва узоқ хорижий давлатларда ўзбек маданий марказлар билан доимий мулоқотлар ўрнатилган.
Қўмита ва дўстлик жамиятлари томонидан турли хил тадбирлар амалга оширилади. Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларнинг миллий байрамлари, тарихий шахслари, шоир ва ёзувчилари ва бошқа турли байрамларга бағишланган тадбирлар, халқаро илмий-амалий семинарлар, видеоконференциялар ўтказилади.
Шунингдек, Қўмита ва дўстлик жамиятлари томонидан хорижий мамлакатларга хизмат сафарлари, хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга делегация ташрифлари амалга оширилади, учрашувларда ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланади.
–Хориждаги ватандошларимиз билан қандай алоқалар йўлга қўйилган?
–Ҳозирги кунда 10 миллиондан ортиқ ватандошларимиз хорижда яшаб келмоқда. Булар этник ўзбеклар ва Ўзбекистондан чиққан турли миллат вакилларидан иборат фуқаролар. Улар томонидан хорижий давлатларда 170 га яқин этномаданий жамият ва ташкилотлар тузилган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ватандошларимизга кўмаклашиш, улар билан алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш масалалари Қўмитамиз томонидан олиб борилаётган асосий йўналишларидан ҳисобланади. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 августдаги Қарорига асосан ташкил этилган “Ватандошлар” жамоат фонди хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни тарихий Ватани атрофида янада жипслаштириш, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлашнинг амалий механизмини яратди.
Бугунги кунда 20 та хорижий давлатда 158та ватандошлар ташкилотлари фаолият юритиб келмоқда. Ўзбекистоннинг турли давлатлар билан кенг қамровли битимлари ижросини таъминлашда миллатлараро муносабатлар йўналишида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга бағишланган 41 та тадбирлар (Мустақиллик куни, Буюк алломалар таваллуд кунлари, “Наврўз”), чет мамлакатларнинг миллий байрамлари ва хорижлик атоқли инсонлар ҳаёти ва ижодига бағишланган 23 та дўстлик кечалари ташкил этилди. 14 та халқаро конференция ва семинарларда иштирок этилди, 20 дан ортиқ хорижий ОАВда мақолалар, кўрсатувлар, эшиттиришлар чиқарилди, 13 давлатдаги 100 дан ортиқ ватандошлар билан учрашувлар (шу жумладан онлайн) ташкил этилиб, шунингдек, улар дуч келаётган муаммолар ўрганилди, амалий семинарлар ташкиллаштирилди.
Хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизга ўзбек тилида бадиий адабиётлар ва журналлар, ўқув дарсликлари, фотоальбомлар, китоблар, ўзбек миллий қўл ҳунармандлари усталари ишларидан намуналар, миллий либослар ва чолғу асбоблари, мамлакатимиз ҳаёти ва маданияти ҳақида суратга олинган фильмлар тақдим этиб бораяпмиз. Бунда дўстлик жамиятлари бизга яқиндан ёрдам бериб келмоқда.
Қўмитада ва хорижда ватандошларимиз билан учрашувлар, видеоконференция, видеомурожаат ва видеотабриклар ташкил этаяпмиз. Меморандумлар имзолаш, шунингдек, хориждаги ўзбеклар ва ўзбекистонликлар томонидан тузилган ОАВ, босма ва интернет нашрлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатаяпмиз. Масалан, саъй- ҳаракатларимиз билан Франциянинг “France 5” телеканалида Ўзбекистон ҳақидаги кўрсатув эфирга узатилди, “ТНВ Планета” каналининг “Татарлар” кўрсатувида 12та лавҳани эфирга кетди, АҚШнинг “The Bukharian times” газетаси, Исроилдаги «Бухарская газета», Тожикистоннинг «Халқ овози» ва «Суғд ҳақиқати» газеталари, Қозоғистоннинг “Жанубий Қозоғистон”, «Сайрам садоси» ва «Туркистон» газеталри, Россиянинг «Ўзбек», Кирғизистоннинг «Ўш садоси» номли газеталари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз.
–Бирор маданият марказига аъзо ёки доимий вакили бўлмаган фуқароларга қизиқ-да, оддий аҳоли ёки уларнинг фарзандлари учун маданият марказларининг қандай имкониятлари бор?
–Албатта, миллий маданий марказлар қошида фаолият юритаётган турли тўгараклар ва ўқув мактабларида айнан шу миллатга мансуб ёшларнинг аъзолиги шарт эмас. Масалан, хорижий тилларни ўрганиш ниятида бўлган йигит-қизларимиз немис, поляк, рус, корейс ёки бошқа тилларни ўзлаштириш ниятида шу марказдаги тил ўрганиш тўгаракларига қатнашиши мумкин. Шунингдек, ҳунар ўрганиш тўгараклари ҳам ўз эшикларини барча ёшларга очиб берган. Бу ўз навбатида ёшларимизга қизиққан соҳалари билан машғул бўлиш, келгусида маълум бир касбга эга бўлиш имконини яратади.
–Аҳолидан шикоят ва мурожаатларни ҳам қабул қилар экансизлар. Сир бўлмаса, кўпроқ қандай мурожаат ва шикоятлар тушади. Уларни қандай ҳал қиласизлар?
–Қўмитамизда жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушадиган мурожаатлар ва аризалар билан ишлаш бўлими мавжуд. 2021 йил январдан ва 27 декабргача бўлган муддатда жами 123та мурожаат келиб тушган.
Уларнинг ҳар бири белгиланган тартибда ўрганилиб, имкон қадар ижобий ҳал қилинган. Зарур ҳолатларда фуқароларга тушантириш берилган. Бундан ташқари ўтган йили Қўмитада 111 фуқаролар қабул қилиниб, улар мурожаатларининг 79 фоизи ижобий ҳал этилди. Қолганларига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Жумладан, Андижон вилояти, Булоқбоши туманида яшовчи фуқаро Дилмурод Атахановдан келган мурожаат хатида мурожаатчининг қирғиз маҳалласида яшаши ва унга нисбатан айрим маҳалладошлари томонидан ирқий айирмачилик қилинаётгани айтилиб, амалий ёрдам сўралган. Шундан сўнг биз Дилмурод Атахановнинг мурожаати ўрганиб, маҳалла аҳли ва фаоллари билан тушунтириш ишлари олиб бордик. Натижада икки томон яраштирилиб, мавжуд муаммо бартараф этилди.
–Сўнгги йилларда кўпчилик юртдошларимиз фуқароликка эга бўлди. Бу ўша инсонлар ва давлатимиз учун нечоғли ижобий ўзгаришларга туртки бўлади деб ўйлайсиз?
–1995 йилгача юртимизга кўчиб келганларга Ўзбекистон фуқаролигини тўғридан-тўғри бериш тартиби белгиланди. Бунинг натижасида 70 минг нафардан ортиқ шахсларга фуқаролик олиш имконияти яратилди. Бу ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида юртимизда амалга оширилаётган ишларнинг тасдиғидир. Ушбу масаланинг БМТ минбаридан яна бир бор янграши Ўзбекистонда демократик ислоҳотларнинг ортга қайтмайдиган тус олганлигининг исботидир. Бундан албатта давлат ҳам, одамлар ҳам фақат ва фақат ютади. Аввало, инсон ўзи истаб яшаётган ҳудудининг фуқароси сифатида рўйхатга олинар экан, давлат ҳимоясида бўлади. Бу унинг шу мамлакатда фуқаро сифатида тан олинганлигининг тасдиғи. Энди у янада ғайрат ва шижоат билан ишлайди. Кайфияти кўтарилади, юртга муҳаббати, садоқати ошади. Давлатнинг эса бу бағрикенглиги эвазига садоқатли, фидоий фуқаролари сони кўпаяди, уларнинг меҳнати билан янада қудрати ошади. Натижада мамлакатда маънавий барқарорлик, ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади.
–Тинчлик ва ҳамжиҳатликни асрашда диннинг ролини қандай баҳолайсиз?
–Глобаллашув жараёнларида миллий маданиятларни соф ҳолда сақлаш ва ҳар бир миллатнинг асл анъаналарига ҳамоҳанг тарзда ривожлантириш долзарб. Дунёда иқтисодий, сиёсий, миллий, диний ва бошқа зиддиятлар кучайиб, ахборот маконида кураш ортиб бораётган бир шароитда, миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида ўз ечимини кутаётган масалалар сақланиб қолмоқда. Диний низолар ҳам шулардан бири бўлиб, айрим давлатлар баъзи мамлакатларда диний ихтилофлар келтириб чиқариш орқали иқтисодий ва сиёсий босиб ўтказишга уринмоқдалар. Бу жиҳатдан ҳар биримиз сиёсий уйғоқ бўлишимиз, дунёда юз бераётган ўзгаришларни мунтазам кузатиб боришимиз лозим. Мамлакатимизда эса юқорида таъкидлаганимиздек, қайси миллат вакили бўлишидан қатъи назар диний қадриятларига эътиқод қилиши ва уларни бажариши учун барча шароитлар яратиб берилган.
Турли динга мансуб ранг-баранг элатлар аралаш ҳолатда яшаётган бир даврда бу ниҳоятда зарур. Чунки ҳар бир инсон қаерда бўлишидан қатъий назар, ўз эътиқоди, инсонийлик ҳақ-ҳуқуларидан эмин-эркин фойдаланишга муҳтож бўлади. Бир-бирининг дини ва урф-одатлари ҳурмат қилинмаган, чегара ва тўсиқлар қўйилган жамиятда албатта низолар келиб чиқиши тайин. Бизнинг бағрикенг халқимиз эса азалдан кўп динлар ва маданиятларга ҳурмат бажо келтириб, тинчлик ва тотувликни олий ўринга қўювчидир. Ишончим комилки, бундан кейин ҳам ватанимизда тинчлик ва барқарорлик мустаҳкам бўлиб, турли дин вакиллари бир юртда дўст-биродар бўлиб яшашади.
–Мазмунли мулоқотингиз учун раҳмат, саломат бўлинг!
Зебо НАМОЗОВА
суҳбатлашди



