Фанда қўриқ очган олим

2239

Бегали Қосимовнинг ҳаёт йўли, миллатни севиши ваулуғлаши, фақат адолатга интилиши бугунги ёшларимизучун ибрат олса арзигулик мактабдир

…Бегали билан ўтган асрнинг 50-йилларида Қашқадарёнинг ривожланишдан анча ортда қолган қиш­лоқларидан биридаги мактабда бир синфда ўқиганмиз. Биз яқин дўст эдик.
У барча дарсларда фаол қатнашарди. Бирор фанни четга суриб қўймас, математика бўладими, физика ёки химиями, тарихми, адабиётми – ҳаммасини қунт билан ўзлаштирарди. Лекин иккимиз адабиёт ва она тили фанига алоҳида меҳр қўйгандик. Бу фандан сабоқ берувчи ўқитувчимиз раҳматли Ҳалим Додхаев эса ниҳоятда қаттиққўл, билимли, ўқувчи қалбини чуқур англайдиган инсон бўлиб, машғулотларни жонли ўтишга ҳаракат қиларди. Ҳар бир мавзуни қўшимча манбалардан фойдаланган ҳолда чуқур тушунтирар, шунингдек, дарсликдан ташқари қандайдир янгилик айтишга ҳаракат қиларди. Таъбир жоиз бўлса, ҳаммамизни адабиётнинг сирли оламига олиб кириб, гўёки сеҳрлаб қўярди. Биз дарсдан кейин ҳам ўтилган мавзу доирасида, образлар, воқеа-ҳодисалар, кечинмалар оғушида яшардик. Машғулотдан кейин бошланадиган баҳс-мунозара, айтишув ва шеърхонликда Бегали барчамизга намуна бўларди.

Адашмасам, 9-синфда ўқирдик, бир куни Ҳалим Додхаев Бегали иккаламизни дарсдан сўнг олиб қолиб, бизга иккита мавзу ­бўйича жиддий тайёргарлик кўриб келиш вазифасини топширди. Эртаси куни бизни имтиҳон қилиб кўргач, жавобларимиздан хурсанд бўлди. Айни чоғда, мавзунинг эътиборимиздан четда қолган жиҳатларини ҳам кўрсатиб ўтди. Сўнгра энди 10-синф ўқувчиларига дарс ўтишимизни маълум қилиб, бунинг учун янада пухта ҳозирлик кўришимиз ва билимимизни бойитишимиз зарурлигини уқтирди.
Ўшанда топшириққа ниҳоятда катта масъулият билан ёндашганмиз. Чунки биз учун энг буюк адабиётшунос ҳам, энг билимли инсон ҳам муаллимимиз эди. Унинг услубида қўшимча маълумотлар билан бойитилган машғулотларимизни юқори синф ўқувчилари қизиқиш билан тинглашгани, роса савол-жавоб, баҳс-мунозалар бўлгани ҳамон эсимда. Дарс жараёнларини Ҳалим Додхаев энг охирги партада ўтирганча жимгина кузатар, пировардида уй вазифаларини белгилаб, машғулотга ўзи якун ясарди. Бегали билан мени эса синфда олиб қолиб, йўл қўйган хатоларимизни кўрсатар, лекин дилидагини тилига чиқариб, ютуқларимизни айтмас, аксинча, бизни янада кўпроқ ўқишга ва изланишга ундарди. Фақат орадан бир йилча ўтиб, битирув кечасида кўнглида борини рўй-рост баён этди. «Мен меҳнатим самарасини ҳозирданоқ кўриб турибман, ўқувчиларимнинг келажаги порлоқ эканини яхши биламан, олдиндаги улкан довонлардан ўтиш эса уларнинг ўзига боғлиқ», деди.
Бегалининг хотираси кучли эди. Шеър, монолог ёдлашда, ғазал ўқишда зукко қобилиятга эга эканини кўрсатарди. Халқ оғзаки ижодини, маталу достонларни, ривоятларни, тилдан тилга кўчиб юрадиган ибораларни яхши биларди.
Баъзан синфдошларимиз билан Бегалиларнинг уйига ёки каттагина ўрикзор боғига бориб дарс тайёрлар ва шеърхонлик қилардик. Унинг отаси Абулқосим бобо саводли ва мулоҳазали инсон эди. Онаси Ҳиммат хола ҳам хокисоргина, меҳнаткаш, бир умр рўзғорим, деб яшаган ақлли аёл эди. Илтимосимизга кўра, бу онахон бизга дос­тон ва маталлар айтиб берарди.
Бегалининг жуссаси кичик бўлишига қарамасдан, жуда чаққон ва чайир эди. Мактабда ва мактаблараро ўтказиладиган волейбол мусобақаларида унинг олдига тушадигани йўқ эди. Энг кўп очко олиб берадиган бу синфдошимизни ўз жамоаларига олиш учун баъзан мураббийлар тортишиб қолардилар. Бундан ташқари, у шахматни ҳам яхши ўйнарди.
Бегалига хос яна бир муҳим фазилат ниҳоятда камтарлиги эди. У мактабимизнинг энг аълочи ўқувчиларидан саналса-да, ўзини оддийгина тутар, ҳаммамиз билан самимий дўст бўлишга, ёрдам сўраганларга қўлидан келганча кўмаклашишга интиларди. Кейинчалик ҳаётда катта ютуқларга эришса-да, болалик давридагидек камтар-камсуқум бўлиб қолди.
Бегали 60 ёшга тўлганида фан доктори илмий даражасини олган, профессорлик унвонига эга бўлган, ўнлаб шогирдлар етиштирган олим сифатида мамлакатимиз илмий жамоатчилиги, зиёлилари ўртасида катта обрў-эътибор қозонганди. Унинг юбилейи Тошкент шаҳридаги илмий марказларда ёки вилоят миқёсида кенг даврада нишонланишини кутганимиз сабабли синфдошларимиз билан бу тадбирда иштирок этишни режалаштириб қўйгандик. Шунга кўра, таваллуд санаси арафасида Бегалига сим қоқиб таб­рикладим ва самимий тилакларимни билдирдим. У менга бир гуруҳ касбдош дўстлари билан вилоятга келаётганини айтди.
Эртаси куни Қаршида меҳмонларни кутиб олдик. Сўнг­­ра Касби туманидаги Денов қишлоғига жўнадик. У ердаги қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида жамоатчилик вакиллари билан учрашув бўлди. Тошкентдан ташриф буюрган олимлар, ижодкорлар, қишлоқдошлари ва дўст-биродарлари Бегали Қосимовнинг ҳаёт йўли, инсоний фазилатлари, мамлакатимиз илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритишди. Тадбир ниҳоятда самимий руҳда ўтди.
Индинига меҳмонлар шу тумандаги Султон Мирҳайдар қадамжосини ва бошқа муқаддас мас­канларни зиёрат қилиб, пойтахтга қайтиб кетишди. Бегали қишлоқдош­лари – самимий, соддадил, тўғрисўз инсонлар даврасида ўтган учрашувдан ниҳоятда хурсанд бўлди.
Тамагирлик, кўрсатган ёрдамини миннат қилиш каби иллатлар Бегалининг характерига бутунлай ёт эди. У олдига ножўя илтимос билан келганларни ёқтирмас, ҳар бир масалага адолат кўзи билан қарашга интиларди. Мен буни яхши билганим туфайли «Бегали сизнинг яқин дўстингиз, гапингизни рад этмайди, айтинг, фарзандим ўқишга киришига ёки имтиҳондан ўтишига ёрдамлашсин», деганларга ҳамиша унинг феъл-атворини, ўта приципиаллиги ва қаттиққўллигини тушунтиришга интилганман. Ўзим ҳам унинг олдига бирор марта илтимос билан бормагандим. Лекин гоҳида ўзинг истамаган ҳолда нохолис хизмат қилишга, бировнинг кўнглига озор етказмаслик ёки муҳтож инсонга кўмак бериш учун илтимос кўчасига киришга ҳам тўғри келар экан.
Дарвоқе, анча йиллар бурун яқин танишимнинг тобора чўзилиб кетаётган илмий иши ҳимояси юзасидан Тошкентдаги обрўли олимлардан бирининг ҳузурига бордим. Домла ҳурматимни жойига қўйиб кутиб олгач, биродарим анча пайтдан буён қийналиб юргани учун ёрдам беришини сўрадим. Домла бироз ўйланиб тургач, «Бу масалага фақатгина ҳамюртингиз Бегали Қосимов ёрдам бера олади», дея вазиятни тушунтирди. Дўстимнинг табиатини яхши билганим учун ўзим истар-истамас унинг уйига йўл олдим. Анча йиллардан бери кўришмаганимиз, асосан телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашиб турганимиз сабабли узоқ вақт дилдан суҳбатлашдик. Сўнг у нима юмуш билан келганимни сўради. Мен дангалига ўтиб, имкони бўлса, қийналиб юрган бўлажак олимга ёрдам бериш лозимлигини айтдим.
У одати бўйича гапларимни жимгина эшитди, кейин столи ғаладонларини титкилаб, нималарнидир қидирган бўлди. Мен унинг ўйчан ҳолатда мулоҳаза қилаётганини сезиб турардим. Охирида менга юзланиб, «Биламан, менинг олдимга келишингиз осон бўлмаган. Лекин муаммони ижобий ҳал этишнинг битта тўғри йўли бор, у ҳам бўлса, диссертацияни қайтадан ёзиш», деди-да, бўлажак олим уч кундан сўнг ўзи билан учрашиши лозимлигини тайин­лади. Мен бироз ранжигандек бўлиб, ортимга қайтдим.
Кейин эшитишимча, Бегали ёш олимнинг илмий ишини кўриб чиқиб, камчиликларини кўрсатибди. Муаллиф уларни тузатибди ва диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилибди. Мен бу ўринда ҳам дўстим тўғри йўл тутганини, ўзим ундан ноўрин ранжиганимни тан олдим.
Ҳа, Бегали Қосимов ана шундай ажойиб инсон эди. У ҳеч қачон виждонига қарши иш қилмас, қийинчиликлардан чўчимасди. Энг муҳими, у илмнинг ниҳоятда машаққатли йўлини катта матонат билан босиб ўтди. Адабиётимизда, ўзбек фанида улкан кашфиётлар қилди. Мен унинг илмий тадқиқотларини таҳлил қила оладиган олим эмасман. Лекин болаликдан қадрдон дўст сифатида бутун ижодини кузатиб борганман, ютуқларидан ҳамиша қувонганман.
Қаҳрамон шоиримиз Абдулла Орипов айтганидек, Бегали «фанда қўриқ очди». Унинг илм йўлидаги жасорати, ватанпарварлиги, истеъдоди кўпчиликни лол қолдирди. Қалтис сиёсий жараёнлар ҳукм сураётган бир пайтда қатағонга учраган жадид боболаримизнинг табаррук номларини тиклаш, уларнинг бой маънавий меъросни ўрганиш учун ўзида журъат ва куч-қувват топа олди. Эҳтимол, унинг бу мураккаб ишга дадил киришишига мактабда адабиёт фани бўйича ўқитувчимиз томонидан берилган чуқур таълим ҳам сабаб бўлгандир. Чунки биз илк бор Фитрат, Беҳбудий, Чўлпон, Мунавварқори Абдурашидхонов каби жадид боболаримиз ҳақида устозимиз Ҳалим Додхаевдан эшитганмиз.
Бугун ўтган аср бошларида халқни ўзлигини англашга, илм йўлида бирлашишга, маънавий юксалишга даъват этган жадид боболаримиз ҳаёти, маънавий мероси ўрганилиб, хотиралари эъзозланмоқда, ҳали-ҳануз эскирмаган ўгитлари бизни хайрли ишларга чорламоқда. Шу ўринда инкор этиб бўлмас бир ҳақиқатни ҳам айтиб ўтай, Қарши давлат университети профессори, сенатор Абдураҳим Эркаев таъкидлаганидек, «Жадидлар ижоди бугунги миллий ғоямизнинг энг яқин ва энг теран томирларидан биридир. Жадидлар ҳаёти, амалий ва адабий фаолияти халқимизга ўзлигини англашда, миллий ғояни чуқурроқ идрок этиб, қалбига, онги ва шуурига жо қилишида завол билмас манба, ҳаётбахш булоқдир. Бу булоқнинг кўзини очиб, обиҳаётни халқига улашганларнинг биринчиси Бегали Қосимовдир».
Бултур Президентимизнинг эътибори туфайли жадид боболаримиздан Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.
Давлатимиз раҳбарининг жадид боболаримизга кўрсатган бу эҳтироми, уларнинг халқимиз, миллатимиз олдидаги тарихий хизматлари эътироф этилаётгани, миллатчи деган тавқи лаънат ёпиштирилган пок номлари улуғланаётгани бутун онгли ҳаётини, соғлиғини жадид адабиётини ўрганишга бахшида этган буюк олим Бегали Қосимовнинг ушалган армонларидир.
Бегали орамиздан кетганига ҳам 10 йилдан ошди. Бу дунёни тарк этгач, дастлабки йилларда у ҳақида матбуотда қатор мақолалар чоп этилди, оммага етказилмай қолган илмий ишлари эълон қилинди. Кейинги пайтда эса, Бегалининг шахси ва ижоди хусусида сукут сақланаётгандек туюлади менга. Ҳолбуки, у адабий меросини жуда катта меҳнат ва машаққат билан арабча имлодан ўзбек кирилл имлосига ўгириб, халқимизга қайтариб берган эди. У умрини бахшида этган мавзу – жадид боболаримизнинг ибратли ҳаёти, ватанпарварлиги, миллатпарварлиги зиёлиларимиз, қалам аҳли учун ҳамон муҳим мавзу бўлиб қоляпти.
Шу ўринда бир таклиф: олимнинг шогирдлари ва ишлаган илм даргоҳи томонидан Бегали Қосимовнинг номзоди давлат мукофотларига тавсия этилса, номини абадийлаштириш юзасидан тегиш­ли идораларга таклиф киритилса, менимча, жуда адолатли иш бўлар эди. Зеро, Ватан ва миллат манфаати учун хизмат қилган инсонлар авлодлар ардоғига, эъзозига муносибдир. Юксак истеъдод соҳиби, бутун турк дунёси тан олган олим Бегали Қосимов ҳам халқимизнинг ана шундай ҳурмат-эъзозига лойиқ фарзандларидан бири эди.
Биз ҳозир ҳам давраларда Бегалини тез-тез эслаймиз. Чунки у ҳамиша эслашга, эъзозлашга, ардоқлашга муносиб инсон эди. Мен ҳаётда ўзидан муносиб из қолдирган, забардаст олим сифатида ўзбек фани, адабиёти тарихига номини муҳрлаб кетган Бегали Қосимовдек дўстим бўлганидан ҳамиша фахрланаман.

Эсон РАЖАБОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерациясининг Қашқадарё вилояти
кенгаши раиси маслаҳатчиси,
«Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби