Ҳақли даъво

1160

Жиззах шаҳрида яшовчи Жасуржон Жўраев «Balton Тrading (Asia)» хорижий корхонасида савдо агенти вазифасида ишлаб келар эди. У 2020 йилнинг 29 январь куни йўл-транспорт ҳодисасига учрайди-ю, ногирон бўлиб қолади. Унга 29-сонли Жиззах туманлар­аро ТМЭКнинг 2020 йил 19 декабрдаги № 002156-сонли хулосасига асосан III-гуруҳ ногирони, 15 фоиз касбий меҳнат фаолиятини йўқотганлик даражаси белгиланади.

«Balton Тrading (Asia)» хорижий корхонаси Тошкент шаҳри, Миробод туманида жойлашган. Жабрланувчи корхона иш берувчисига соғлиғига етказилган зарар пулларини тўлаб беришни сўраб, «Тошкент-Жиззах» йўлида бўзчининг мокисидек зир қатнади. Аммо дийдаси қаттиқ раҳбардан садо чиқмади. шундан сўнг Ж.Жўраев Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилояти кенгашига мурожаат қилди.
Мурожаат меҳнат техник инспектори Икром Жабборов, меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати мутахассиси Алишер Бурхонов томонидан атрофлича ўрганилди.
Улар норматив ҳужжатларга асосланган ҳолда «Balton Тrading (Asia)» хорижий корхонаси иш берувчиси номига жабрланувчи Ж.Жўраевга бир марталик бир йўла тўланадиган нафақа пули – 44 994 339 (қирқ тўрт миллион тўққиз юз тўқсон тўрт минг уч юз ўттиз тўққиз) сўм ҳамда ойма-ой тўланиши лозим бўлган соғлиғига етказилган зарар пули 6 135 891 (олти миллион бир юз ўттиз беш минг саккиз юз тўқсон бир) сўмни тўлаб беришни сўраб тақдимнома киритди.
Орадан маълум вақт ўтиб, корхона томонидан жавоб хати келди. Аммо жавоб хатида жабрланувчига соғлиғига етказилган зарар пуллари тўлаб берилгани ва тақдимнома талаби бажарилгани ҳақида лом-мим дейилмаган эди.
Шундан сўнг низони суд тартибида кўриб чиқиш учун корхонанинг Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашганини инобатга олиниб, Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлар­аро судига даъво аризаси киритилди.
«Alfa invest» суғурта компанияси ҳамда «Balton Тrading (Asia)» хорижий корхонасидан жабрланувчи Ж.Жўраев фойдасига жами 54 130 230 (эллик тўрт миллион бир юз ўттиз минг икки юз ўттиз) сўм тўлаб бериш бўйича суднинг ажрими ва ҳал қилув қарори чиқарилди.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«Ishonch»