Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг 2021 йилги фаолияти ва 2022 йилга мўлжалланган иш режаси муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда уюшма бошқаруви аъзолари, унинг қошидаги ижодий кенгашлар раислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар қатнашди.
Тадбирда дастлаб уюшма раиси Олимжон Ўсаров ташкилотнинг ўтган йилги фаолияти бўйича ҳисобот берди. Унинг таъкидлашича, бу вақт оралиғида уюшма томонидан 157 та давра суҳбати, 87 та тақдимот, 29 та семинар, 46 та медиа-тур, 59 та учрашув, шунингдек, республика миқёсида 3 та, ҳудудлар кесимида 36 та кўрик-танлов ўтказилган. Қорақалпоғистон, Самарқанд, Бўстонлиқ ва Фарғонада ташкил этилган минтақавий семинар ҳамда медиафорумларда маҳаллий ва вилоятлардан келган журналистлар ўзаро тажриба алмашишган.
Бундан ташқари, ҳисобот даврида Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятида фаолияти тўхтаб қолган ҳудудий бўлинмалари фаолияти қайта тикланди. «Муштум», «Ўзбекистон матбуоти» каби журналларнинг яна чоп этилиши бошланди. Аёл журналистлар ўртасида бир неча йилдан буён ўтказилмаётган «Атиргул» танлови қайта «жонланди». Қолаверса, босма нашрлар ходимларининг ўртача ёши 57 да экани эътиборга олиниб, «Yurida NYSA» корхонаси томонидан тайёрланган махсус дастур ҳомийлар кўмагида сотиб олинди ҳамда юртимиздаги барча газета-журналлар таҳририятларига тақдим этиш учун тайёр ҳолатга келтирилди.
Уюшма саъй-ҳаракати билан тегишли ташкилотларга журналистикага оид айрим меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, танловлар ўтказиш тартиби ва уларнинг мукофот жамғармасини янада ошириш бўйича қатор таклифлар киритилди.
Ҳисобот йиғилишида келгуси режалар ҳақида ҳам сўз юритилиб, фойдали таклифлар билдирилди.
Ўз мухбиримиз
