Жавобини кутаётган саволлар?

4589

«АДАШИШ» ҚАЧОНГАЧА ДАВОМ ЭТАДИ?

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига!

Яқин-яқингача журналистика йўналишидаги олий ўқув юртларига ўқишга ҳужжат топширганлар давлат имтиҳонларидан аввал ижодий имтиҳондан ўтарди, улардан даврий нашрларда эълон қилинган муаллифлик мақолалари ҳам сўраларди.
Лекин пандемия сабаб сўнгги икки йилдан буён қабул чоғи ижодий имтиҳонлар ўтказилмаяпти. Бу эса истеъдодсиз, қўлидан ёзиш-чизиш келмайдиган, ижодга қизиқмайдиган ёшларнинг ҳам журналистика факультетларига кириб қолишига сабаб бўляпти. Афсуски, бу «адашиш» яқин беш йилда ўз мевасини беради. Лекин бу «мева»нинг на жамиятга, на журналистикага фойдаси тегади.
Савол: олий ўқув юртларида ижодий имтиҳонлар талаб этиладиган мутахассисликлар бўйича ижодий имтиҳонлар қачон тикланади?

Шавкат ТЎХТАЕВ
Булунғур тумани

Халқ таълими ҳамда Молия вазирлиги эътиборига!

ЗАМОНАВИЙ КОМПЬЮТЕРЛАР ОРЗУЛИГИЧА ҚОЛАВЕРАДИМИ?

Бугун таълим-тарбияни замонавий технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Аммо шаҳар ва қишлоқ мактаб­ларидаги шароит, алмисоқдан қолган компьютер техникаси, интернет тезлиги ўқувчиларнинг билим даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда. Боз устига, чекка мактабларда интернет, компьютер технологияларидан самарали фойдаланишнинг имконияти ўта паст.
Жойларда шундай мактаблар борки, ўқув жараёнида фойдаланилаётган компьютерлар аллақачон муддатини ўтаб бўлган. Гарчанд компьютер синф хоналари мавжуд бўлса-да, уларнинг барчаси «хўжакўрсин»га.
Баъзи мактабларда бир-иккита компьютер билан юзлаб ўқувчиларни «алдаш», болаларнинг компьютер саводхонлигини ошириш ҳақидаги гаплар қуруқ чўпчак, холос!
Савол: мутасадди вазирликларнинг бу ҳолатдан хабари борми? Қолаверса, замонавий IT технология­ларини мактабларга олиб кириш, ўқувчиларнинг бу соҳадаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича қандай чора-тадбирлар белгиланган?

Ҳулкар САФАРОВА
Жиззах вилояти

Молия вазирлигига!

ФАРМОН ИЖРОСИ НЕГА ТАЪМИНЛАНМАЯПТИ?

Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида 2021 йил 1 январдан барча давлат органлари ва ташкилотларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга «Спорт тарғиботчиси» қўшимча вазифасини юклаш ва унинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама белгилашни йўлга қўйиш белгиланган.
Афсуски, орадан бир йилдан зиёд вақт ўтганига қарамасдан, ушбу талаб тўлиқ бажарилмаяпти. Айтайлик, Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфида 600 дан зиёд ташкилот бор. Уларнинг ҳаммасида қайсидир ходимга «Спорт тарғиботчиси» вазифаси юклатилган. Бироқ молия идоралари зарур маблағни ажратмаётгани боис фармонда белгиланган устамалар тўланмаяпти.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бу таълим тизими ёки фақат Хоразм вилоятидаги муаммо эмас. Республикамизнинг бошқа ҳудудларида ва давлат бюджетидан молиялаштириладиган, қўшимча маблағ топиш имконига эга бўлмаган ташкилотларда ҳам шу аҳвол.
Савол: молия идоралари фармон асосида белгиланган устамалар учун маблағ ажратилмаётганини қандай изоҳлайди?

Юнусбек РЎЗМЕТОВ
Урганч шаҳри

 

Автомобиль йўллари қўмитасига!

ЙЎЛ ҚАЧОН СОНГА КИРАДИ?

Сўнгги пайтларда Бектемир йўл-патруль хизмати ­маскани орқали пойтахтга кириб келаётган транспорт воситаларининг кўплиги туфайли эрталаб икки километргача чўзилган тирбандлик ҳосил бўлмоқда.
Айниқса, иш кунлари эрталаб соат 7:30 дан 9:30 гача тирбандлик кучаяди. Натижада, ҳайдовчилар камида 15-20 дақиқалик қимматли вақтларини йўқотяпти. Устига-­устак, ЙПХ масканидан шаҳарга киришдаги чорраҳагача бўлган йўл жуда тор. Янги йилдан аввал шу кўчанинг бир томонидаги текис асфальт йўл қўпорилиб, канализация қувурлари ётқизилди. Қувурлар ётқизиб бўлинса-да, қўпорилган асфальт ўрнига янги асфальт у ёқда турсин, шағал ҳам ётқизилмади. Оқибатда, йўлнинг яроқсиз ҳолга келтирилган қисмида транспортлар ҳаракатлана олмай қолди.
Савол: ҳар куни ўн минглаб ҳайдовчи ва йўловчиларнинг асабини бузиб, ишчанлик кайфиятига салбий таъсир этувчи бу ҳолат наҳотки мутасаддиларни ташвиш­лантирмаса?

Дилмурод Қирғизбоев
Тошкент вилояти

Бектемир тумани ҳокимлигига!

ДЎКОН ҚИДИРИБ ОВОРА БЎЛМАНГ!

Бектемир тумани марказида на китоб дўкони, на газета-журналлар сотиладиган матбуот шохобчаси бор. Ҳолбуки, китоб ва китобхонлик маданиятини юксалтириш, китоб савдосини йўлга қўйиш бўйича бир қатор фармойиш ва қарорлар қабул қилинган.
Савол: туман мутасаддилари давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган бу муҳим ҳужжатлардан бехабарми?

Қуддусбек НЕЪМАТОВ
Бектемир тумани

Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигига!

МОЗИЙГА МУНОСАБАТ ШУМИ?

Бухоро шаҳрида XII асрда бунёд этилган Абдулазизхон мадрасаси ички ва ташқи деворларидаги миниатюралар турли услубда ишлангани билан тарихчиларнинг ­эътиборига тушган эди.
Вақт ва муносабат ўз сўзини айтди…
2018 йилда мазкур меъморий ёдгорликнинг шарқий пештоқига тегишли орқа қисми ва унга ёндош ҳужралар қулаб тушди. Ёдгорликнинг бош­­қа қисмлари ҳам нураб бормоқда. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кўплаб чиқиш­лар қилинди. Шунга қарамай, ­масъуллар таъмирлаш ишларини пайсалга солиб келмоқда.
Савол: мадрасани консервация ва реставрация қилиш 2021 йил дастурига киритилганига қарамай, ўтган йили бирон-бир амалий иш кўзга ташланмади. Нега?
Қолаверса, мадраса жуда мураккаб таъмирлаш, тиклаш ишларини талаб қилади. Айниқса, ундаги миниатюралар, безакларни тиклаш илмий экспертиза кенгашини тузишни ва ушбу кенгаш назоратида иш олиб боришни тақозо этади. Мадраса таъмири учун илмий экспертлар кенгаши қачон тузилади-ю, консервация ва реставрация ишлари қачон бош­ланади? Умуман, бу мавзу мутасаддилар эътиборидан четда қолмадимикин?

Шоира РАҲМОНОВА
Бухоро вилояти

 

Маданият вазирлигига!

СОВУҚ ЗАЛДАГИ ИССИҚ ТОМОША

Яқинда Аброр Ҳидоятов номидаги ўзбек давлат драма театрига бориб, «Ромео ва ­Жульетта» спектаклини томоша қилдик. спектакль яхши саҳналаштирилибди, актёрлар ижросидан ҳам кўнглимиз тўлди. Аммо бизни театр биноси таъмирталаб ҳолатда экани, томоша залининг совуқлиги ажаблантирди. Совуқ бўлгани боис одамлар қалин кийимларини гардеробда қолдирмай, томоша залига кириб ўтиришди.
Савол: Маданият вазирлигининг бу театрдаги аҳволдан хабари борми? Агар бор бўлса, яқин вақтда қандай чора-тадбирлар кўрилади?

Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА
Тошкент шаҳри

 

Транспорт вазирлиги ҳамда
Самарқанд шаҳар ҳокимлигига!

«ПРОЕЗДНОЙ»СИЗ ТАЛАБАЛАР

Самарқанд вилоятида ўндан ортиқ олий таълим ва бундан икки баробар кўпроқ махсус таълим муассасаси бор. Бир кунда минглаб талабалар икки-уч марта жамоат транспорти хизматидан фойдаланади. Шундай пайтда жамоат транспорти хизматидан фойдаланишда асқотадиган ойлик чиптанинг қадри ниҳоятда билинади.
Савол: Самарқанд шаҳрида талабалар учун имтиёзли ойлик чипталарни жорий этиш масаласи бир неча бор кўтарилса-да, мутасаддилар назаридан ҳамон четда қолмоқда. Хўш, талабаларга қулайлик яратиш учун мутасаддиларга нималар халақит бермоқда?

Эътибор АҲМЕДОВА
Самарқанд шаҳри

 

Миллий Олимпия қўмитасига!

МАРКАЗ ҚАЧОН ИШ БОШЛАЙДИ?

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида жойлашган «Гулнора» болалар оромгоҳи уч йилдан буён фаолият кўрсатмаяпти. Бунга сабаб шуки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 мартдаги «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, мазкур оромгоҳ негизида спорт яккакурашлари бўйича олимпия тайёргарлиги маркази ташкил этилиши керак эди. Аммо…
Мана, фармон эълон қилинганига салкам тўрт йил бўлди, лекин оромгоҳни марказга айлантириш борасида кўзга ташланадиган ишлар ҳалигача амалга оширилгани йўқ.
Савол: фармонда ташкил этилиши кўзда тутилган Спорт яккакурашлари ­бўйича олимпия тайёргарлиги маркази қачон иш бошлайди? Фармон ижроси қачон таъминланади?

Норбобо МУРОДОВ
Шаҳрисабз тумани