Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё тумани кенгаши раиси Муроджон Ҳаитқулов ходимларнинг ижтимоий ҳимоясига ниҳоятда жиддий қарайди.
Бунга ўз фаолиятимиз мисолида ҳам яна бир бор амин бўлдик.
Ўтган йили ташкилотимизда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан иш фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу орада гап-сўзлар ҳам оралаб қолди. Эмишки, ходим учун «ойлик» ёзилмайди.
Ана шунда бошланғич касаба уюшма қўмита аъзолари билан иш ҳақларини тўлашни тўхтатмаслик юзасидан Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё тумани кенгашига оғзаки мурожаат қилдик.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё тумани кенгаши аралашуви билан 18 нафар ходимга 5 ойлик, жами 82 миллион сўмлик иш ҳақи ўз вақтида ойма-ой тўлаб борилишига эришилди. Тумандаги яна икки ташкилотнинг ҳам шу мазмундаги мурожаати ижобий ечим топди.
Ишонч ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ўз касбининг моҳир устаси, чинакам жонкуяр инсонгина бунга муяссар бўла олади. Сабаби, кичик муаммо ечими ҳам етакчидан катта масъулият талаб қилади.
Дилором МИРЗАҚУЛОВА,
Сирдарё туманидаги 17-давлат мактабгача таълим ташкилоти
бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси
