Тишинг борида тишлаб қол…

4182

ёки бюджет маблағларини бемақсад совуриш бўйича «Андижонча тажриба»дан бир кўриниш

Шу кунларда Андижон шаҳри ободонлаштириш бошқармаси буюртмаси билан вилоят марказидаги кўчаларда йўл ўртасидаги – қатновнинг икки томонини ажратиб турувчи бетон тўсиқлар устига ҳар ўн метр оралиқда барпо этилган сунъий гулхоналар бузилиб, декоратив ғиштдан қайтадантикланяпти.

Албатта, ҳудуд қиёфасининг ораста ва кўркам бўлиши муҳим масала. Бироқ декоратив манзара яратиш ва ушбу юмушларга маблағ ажратишда маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари қуюшқондан чиқаётгандек…

Гап шундаки, беш йиллар аввал ўзига хос имиж яратиш ниқоби остида барча асосий кўчалар – йўлнинг ўртасига темир панжарали тўсиқлар ўрнатиб чиқилганди. Кўп ўтмай, номаълум сабабларга кўра, панжаралар йиғиштириб олинди ҳамда икки йил аввал бетон тўсиқлар устида ҳар 7-10 метр оралиқда атрофи металл тўр ҳамда ҳарсанг бўлаклари билан ўралган сунъий гулхоналар қурилди. Энди эса, юқорида қайд этилганидек, гулхоналар қимматбаҳо ғиштдан қайтадан барпо этиляпти.

Турган гапки, жамоатчилик «Гулхоналар туппа-тузуккина эди, янгилаш шартми?», деган саволни кун тартибига қўймоқда.
Ушбу ишлар ташкилотчилари бу сўровни андак малол олиб, энсасини қотириб жавоб қайтаришаётгани ҳам бор гап. Эмишки, ҳарсанг тош бўлаклари ёзда гулнинг томирини қуритиб қўяркан. (Ия, ўзлари шуни аввалроқ билишмасмиди?).
Буюртмани ким бажаряпти? Гулхонанинг бир донаси неча сўмга тушяпти? Умуман ушбу мақсад учун қанча маблағ ажратилган?
Бу каби саволларга ободонлаштириш бош­қармаси масъул ходими Тўланбой Тоҳиров қисқагина қилиб «Universal maxsus trans» масъулияти чекланган жамияти пудратчи сифатида танлангани-ю шу йил шаҳарнинг қарийб барча кўчаларида ғиштли гулхоналар қурилишини айтиш билан кифояланди.
Давлат харидлари порталидаги маълумотларга кўра, ободонлаштириш бошқармаси 2021 йилнинг декабрь ойида «Миллий тикланиш, Амир Темур ва Аэропорт кўчаларида автомобиль йўлини ажратувчи бетон тўсиқлар қаторига ғиштдан гулдонлар қуриш, мукаммал таъмирлаш ишлари» учун танлов эълон қилиб, бу ишларга 251 миллион 461 минг сўм маблағ ажратгани аёнлашади. Қолган кўчаларда амалга оширилаётган шу турдаги қурилишлар юзасидан эса бирор-бир маълумотга кўзингиз тушмайди. Аммо учта кўча учун мўлжалланган маблағга қиёслаб, сарфланаётган умумий харажат шаҳар аҳолисига камида 1 миллиард сўмга тушаётганини чамалаб-чўтлаш қийин эмас. Чунки танловда номлари зикр этилган кўчалардан ташқари, Навоий, Бобур, Чўлпон шоҳкўчалари ҳамда Мустақиллик кўчасидаги гулхоналар ҳам шитоб билан бузилиб, қайтадан қуриляпти-да!
Хўп, қисқа муддатда бетон тўсиқларга учинчи бор маблағ ажратилаётган экан, бу ҳол шаҳар маҳаллий бюджетининг ошиб-тошиб кетаётганидан далолат берадими? Вилоят марказида одамларнинг умумий эҳтиёжи билан боғлиқ барча масалалар бадастиру, гулхона қуришдан бўлак ҳал этилиши зарурроқ бўлган муаммо қолмаганми?
Аксинча, Андижон шаҳрида одамларнинг ҳаёт тарзига бевосита таъсир кўрсатаётган қатор муаммолар борки, уларни илғаш учун жимжимадор имиж яратиш мақсадида, ҳар турли тажрибалар қилиб, қайта-қайта пул сарфланадиган Навоий шоҳкўчасидан икки юз метр ичкарига кирилса кифоя: йиллар давомида асфальт кўрмаган ички маҳаллалар, киши ёнидан хотиржам юриб ўтишга ҳайиқадиган – йиқилай-йиқилай деб турган ­симёғочларга кўзингиз тушади.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, энергетиклар тилида «110 лик» деб юритиладиган – эски симёғочлардан кўра бир неча баробар ­мустаҳкам, хавфсиз ва замонавий бетон устунларнинг бир донаси 997 минг сўмга тушади. Дейлик, гулхоналар учун бесамар кетаётган 1 миллиард сўмга ана шундай мингта янги бетон устун харид қилиб, ички кўча ва маҳаллалардаги эски симёғочларни алмаштириш мумкин. Одамлар учун иккисидан қай бири муҳим: гулдонми ё ­симёғоч?
Ёки айтайлик, Андижон шаҳридаги катта йўлларнинг икки четидаги ариқ ва лотоклардан тўлиб сув оқмаганига камида 10 йил бўлди. Ободонлаштиришга масъул ходимлар гул, дарахт ва буталарни ичимлик суви билан майда фавворалар орқали ёки кези келса, челакда сув ташиб суғоришяпти. Ҳолбуки, бир пайтлар вилоят марказини сув билан таъминлаган – шаҳар чегарасидан оқиб ўтувчи маълуму машҳур каналдан Андижон марказига оқова сув йўналтириш учун катта маблағ ҳам, катта куч ҳам керак эмас. Хоҳиш-истак бўлса кифоя. Шу йўл билан наинки бюджет маблағи ва ичимлик сувини тежаш, балки суғоришга сарфланаётган ишчи кучини бошқа фойдалироқ юмушларга йўналтириш мумкин. Бироқ ҳозирча маҳаллий ҳокимлик ҳам, унинг қошидаги ободонлаштириш бошқармаси ҳам бу ҳақда ўйлаб кўргани йўқ.
Бошқарманинг маҳаллий бюджет маблағларини сарф этиши савол остига олинаётган экан, манфаатлар тўқнашувига ишора қилувчи бир жиҳатга тўхталиб ўтмасак бўлмайди.
Андижон шаҳри ҳокими Баҳром Ҳайдаровнинг 2021 йил 7 октябрдаги қарори билан ободонлаштириш бошқармасига Ғуломхон Шокиров бошлиқ этиб тайинланади. Унга қадар бошқармага Улуғбек Каримов раҳбарлик қилган. Очиқ маълумотлар асосида ўтказган суриштирувимизга кўра, Улуғбек Каримов раҳбарлик қилган даврда (асосан, 2021 йилга эътибор қаратилди) «Dunyo Benazir savdo», «Cable and electrical products» ­масъулияти чекланган жамиятлари томонидан қатор давлат буюртмалари қўлга киритилган.
Жумладан, «Dunyo Benazir savdo» МЧЖ бир неча ҳолатда, яъни 34 миллион 999 минг, 49 миллион 992 минг, уч марта 50 миллиондан, 100 миллион сўмлик буюртмаларни тўғридан-тўғри бажариб, ободонлаштириш бошқармасига гулдан тортиб электр чойнаккача етказиб берган (гул қайда-ю, электр чойнак қайда?).
Худди шу каби «Cable and electrical products» МЧЖ ҳам бошқарманинг 49 миллион 850 минг, 100 миллион ҳамда 250 миллион сўмлик буюртмаларига тўғридан-тўғри эга чиққан.
Хўш, нима бўпти дерсиз? Гап шундаки, ҳар икки тадбиркорлик субъектининг юридик манзили сифатида Андижон тумани Ҳакан қишлоғи кўрсатилган. Қизиқ жиҳати, бошқарманинг собиқ раҳбари Улуғбек Каримов айни шу ҳудудда истиқомат қилади. Юқоридаги жиҳатлар мазкур МЧЖлар Улуғбек Каримовга алоқадор эканига ишора қилмаяптими?
Бошқармага Ғуломхон Шокиров раҳбар бўлиб келгач, бир қанча тадбиркорлик субъектлари қаторида «Prospect trade» МЧЖ билан шаҳардаги «Мустақилликнинг 27 йиллиги» МФЙ ҳудудида ташқи ёритиш электр тармоқларини мукаммал таъмирлаш юзасидан 562 миллион 525 минг сўмлик буюртмани бажариш бўйича тўғридан-тўғри шартнома имзоланади. Очиқ маълумотларда мазкур МЧЖнинг юридик манзили Пахтаобод туманининг «Иттифоқ» ҚФЙ ҳудуди кўрсатилган эди. Қизиқ жиҳати, Ғ.Шокировнинг номидаги МЧЖ ҳам айнан «Иттифоқ» ҚФЙдан рўйхатдан ўтган бўлиб, «Prospect trade» МЧЖ янги раҳбарга бевосита ёки билвосита алоқадор, деган хулосага ундаяпти.
Янаям содда тушунтирсак, бошқарма бош­лиғи қайси ҳудуддан бўлса, давлат буюртмаларини теварак-атрофидаги маҳаллаларда жойлашган корхоналарга тақсимлаяпти: Улуғбек Каримов даврида ҳаканликларга, Ғуломхон Шокиров етакчилик қилаётган вақтда иттифоқликларга… ­Қойилмисиз?
Мақолага нуқта қўяр чоғи «Prospect trade» МЧЖ билан боғлиқ очиқ маълумотларга яна бир ­сидра кўз ташладик. Ажабки, Пахтаобод туманининг ­«Иттифоқ» ҚФЙ ҳудудида рўйхатда турувчи мазкур корхона айни кунларда юридик манзилини Андижон туманининг Ҳакан қишлоғига ўзгартирибди. Яна ҳам аниқроқ айтсак, юқорида сўз юритилган «Cable and electrical products» МЧЖ билан бир манзилни кўрсатиб турибди. Бошқарманинг давлат буюртмалари турли номлар остидаги, аммо бир ёки икки шахсга тегишли субъектлардан ошмаслигига, айни вазиятда манфаатлар тўқнашуви мавжудлигига эндиям шубҳангиз борми?
Афтидан, яқинда Андижон шаҳридаги перинатал марказ ҳовлисидан дарахт кесиб кетилиши ортидан ҳуқуқ идоралари суриштирув бошлагач, бошқарма раҳбари Ғуломхон Шокиров ғалвалар «тинчигунга» қадар ўзига алоқадор МЧЖнинг манзилини вақтинча аввалги раҳбар Улуғбек Каримовга тегишли субъектга бириктириб турганга ўхшаяпти.
Хулоса шуки, солиқ тўловчилар ҳисобидан шаклланган катта маблағлар бемақсад ҳавога совурилаётган ва бундан бир гуруҳ «тадбиркорлар» бели оғримай манфаат топаётган экан, масъул идоралар ушбу ҳолатларни қонун қаричи билан ўлчаб қўйишлари зарур. Йўқса, ободонлаштириш бошқармасида «Тишинг борида тишлаб қол» қабилида иш тутуми давом этаверади.
Мазкур мақола сарлавҳасидаги «Андижонча тажрибадан бир шингил» жумласи бежиз қўлланилмади. Вилоятда маҳаллий бюджетга чанг солиш бўйича бошқа соҳаларда ҳам ўзига хос «мактаб» яратилганки, бу энди кейинги мақолалар мавзуси…

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«Ishonch»