Озарбайжон ва Ўзбекистон шоирлари иштирокида  «Мажлиси  фарамушон» шеърий мушоиралари ўтказилади 

1141

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон mаданият маркази ташаббуси билан юртимизда Озарбайжон ва Ўзбекистон ёш шоирлари иштирокида «Мажлиси фарамушон» шеърий учрашувлари ташкил этилади.

Қайта тикланган ва тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган «Мажлиси фарамушон» мушоира мажлисида ҳар икки мамлакат ёш шоирлари қатнашиб, ўз шеърларини ўқиб беради.

Озарбайжон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил «Шуша йили»деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистонда кўплаб тадбирлар ва лойиҳалар режалаштирилган. Шу мақсадда ўтказиладиган шеърий учрашув ХIХ асрда Қорабоғда ўтказилган шоирлар мажлисининг давоми сифатида ташкил этилмоқда. Келажакда туркий дунёнинг бошқа давлатлари ҳам шеърий мажлисда иштирок этиши назарда тутилмоқда.

Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги, икки мамлакат Ёзувчилар уюшмаси,  Жаҳон Ёш Туркий Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон-Озарбайжон Дўстлик жамияти томонидан қўллаб-қувватланадиган шеърий мажлиснинг асосий мақсади ҳар икки халқ классикларини чуқур ўрганиш, шеърлар ўқиш, истеъдодли ёш шоирларни аниқлаш, шеъриятнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашиш, туркий дунё шоирлари ўртасидаги адабий алоқаларни кенгайтиришдир.

Шоирлар мажлиси шу йилнинг март – декабрь ойларида бўлиб ўтади. Мажлис ойига бир марта онлайн шаклда (Зоом дастури) бўлиб ўтади. Август ойида мажлис Озарбайжон маданияти пойтахти Шуша шаҳри, Жидир текислиги, Мулла Паноҳ Воқиф мақбараси, ҳамда Хуршидбону Нотаван саройи олдида бўлиб ўтади ва Озарбайжон телевидениеси орқали эфирга узатилади.

Иккала мамлакатнинг ёш шоирлари иштирок этадиган мажлисларда қатнашиш учун номзод бугунги кунгача шеърий фаолиятга эга бўлиши ёки унинг шеърлари мамлакат матбуотида эълон қилинган бўлиши шарт. Тадбир шу йилнинг ноябр ойида якунланади ва мажлисларда эшитиладиган шеърлар озарбайжон ва ўзбек тилларида таржима қилиниб, тўплам ҳолида нашр этилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, турли даврларда яратилган адабий мажлисларнинг Озарбайжон шеърияти тараққиётида аҳамияти катта бўлган. Мажлислар вақти-вақти билан турли шаҳарларда фаолият юритган ва кўплаб шоирларнинг тан олинишида алоҳида рол ўйнаган. 1872 йилда Озарбайжоннинг маданияти бешиги Қорабоғда, тарихий Шўро шаҳри, машҳур шоир, адабиётшунос олим Мир Муҳсин Наввобнинг уйида ташкил қилинган «Мажлиси фарамушон» шоирлар йиғини 1910 йилгача мавжуд бўлиб, ўша даврнинг машҳур шоирлари М. Навваб, Ҳ. Нотавон, Ҳ. Қоратоғий, Ф. Камина, А. Аси, В. Сабур, Б. Фидоий, шунингдек Қорабоғ хонандалари яқиндан иштирок этганлар.

«Шуша йили» муносабати билан Озарбайжон Маданият вазирлиги томонидан амалга оширилган «Шуша маданияти дурдоналари» лойиҳасининг давоми сифатида ўтказилган «Мажлиси фарамушон» шоирлар йиғинида 16 дан 40 ёшгача бўлган иштирокчилар қатнаша олади.

Мажлисда иштирок этиш истагида бўлган шоирлар эълон қилинган мавзуга оид шеърни она тилида ёзишлари ва мажлисда ўқишлари керак. Мушоирага ҳар бир иштирокчи томонидан фақат битта шеър тақдим этилиши мумкин ва матннинг максимал ҳажми иккита А4 форматидан ошмаслиги керак. Топширилаётган иш компьютерда ёзилиши керак (Ариал шрифти, 12-ўлчамда).

Шеър талабгорнинг ўзига хос асари бўлиши, асосий мавзуси миллий маънавий қадриятлар, Ватанга, инсонга муҳаббат, инсонпарварлик, ахлоқий-тарбиявий мазмундаги асарларга алоҳида эътибор қаратилади.

Мажлисга шеър топшираётганда муаллиф ўзи ҳақида маълумот (исм, фамилия, отасининг исми, таълим муассасасининг номи, бўлим, синф, шахсий телефон рақами ва электрон почта манзили) тақдим этиши керак. Мажлисда иштирок этиш учун шеърларни Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказининг электрон почтасига (culcenter.az@gmail.cом) юбориш лозим.

Ҳакамлар ҳайъати таркибига ҳар икки мамлакат Ёзувчилар уюшмаси ҳамда ижодий ташкилотлар вакиллари, шоирлар киритилган.

Шоирларнинг ҳар ой ўтказиладиган учрашувида уч ой якунларига кўра, икки мамлакатнинг фаол ва танлаб олинган шоирларга Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказининг пул мукофоти, фахрий диплом, Шушага икки кунлик сафар ва рағбатлантирувчи совғалар тақдим этилади.

 Зебо НАМОЗОВА