«Обод»даги оқ ва қора ранглар

1548

Ғузор туманидаги «Обод» маҳалласида бўлганимизда ҳам ижобий, ҳам салбий ҳолатга дуч келдик.

– Шу маҳаллада яшайман, – дейди Фазлиддин Аралов. – 26 та оила яшайдиган «дом»нинг шиферлари эскириб, яроқсиз бўлиб қолганди. Ўтган йили уйнинг том қисми тўлиқ янгиланди. Уйимиз олдида болалар майдончаси ташкил этилганидан ўғил-қизларимиз хурсанд. Ёритгич чироқлар ўрнатилгани боис, кечалари кўчалар ойдин бўлди. Ҳаммаси яхши, аммо 26 та хонадон аҳолисига хизмат кўрсатадиган умумий ҳожатхонани янгилаш зарур. Чунки сифатсиз қурилгани учун деворлари ёрилиб кетган. Ҳожатхонага ёндош қилиб қурилган хоналарнинг том қисмини шамол учириб кетгани боис, биров фойдаланмайди. Киши таъбини хира қилади, холос.
Қўшни аёл Комила Қурбонованинг айтишича, ёғин-сочинли кунларда сув кўллаб қолиши сабабли уй олдидаги кўчадан юриб бўлмас экан. Улар айтганидек, асфальт қилишса, яхши бўларди.
– Кўчаларимиз маҳалла номига мос эмас, – деди шу маҳаллада яшовчи Ўрол Дўрмонов. – Ўйдим-чўнқирлигидан ҳеч туман марказидаги кўчага ўхшамайди. Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман. Тегишли ташкилотларга маҳалламиз обод бўлиши учун мурожаат қилишдан эринмайман. Сал ноқулай бўлса-да, айтай, маҳалламизда фаолият муддатини ўтаб бўлган эски ва хароба ҳожатхоналар бор. Уларни олиб ташлаб, ҳудудни обод қилиш, дарахтлар экиб, кўкаламзорлаштириш, бўш ҳудудда спорт ­ўйингоҳи ташкил этиш вақти келди.
Кўрдик, маҳаллада ижобий ўзгаришлар бор. Аммо оқ ранглардан ташқари қора доғлар ҳам йўқ эмас. Умид қиламизки, бу камчиликлар тез орада бартараф этилиб, Ғузор тумани марказидаги «Обод» маҳалласи чинданам кўркам ва обод маҳаллага айланади.

Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»