2022 йилнинг баҳори юртимиз хотин-қизлари ҳаётида ўта муҳим ўзгаришлар ва янгиликлар билан бошланди. 1 март куни Президентимиз бошчилигида бўлиб ўтган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши йиллар мобайнида мазкур тизимда амалга оширилган ишлар бир ёну, бу гал аёллар учун берилаётган имкониятлар, имтиёз ва янгиликлар бир ён бўлаётганини намоён этди.
Йиғилишда қатнашар эканман, юртимиз аёллари тақдирида туб бурилиш ясайдиган ҳужжатлар қабул қилинаётганидан беҳад ҳаяжонландим. Ушбу тизимда ишлаган инсон сифатида яхши биламанки, шу пайтгача юртимиз тарихида хотин-қизларимиз учун бу қадар кенг имкониятлар берилмаган эди. Келинг, яхшиси, жорий этилаётган янгиликлардан айримлари опа-сингилларимиз тақдирига қандай таъсир этиши ҳақида мулоҳаза юритайлик.
Аввало, Президентимизнинг «Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига тўхталиб ўтайлик. Маълумки, 2017 йилда Хотин-қизлар қўмитаси фаолияти тугатилиб, унинг вазифалари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги зиммасига юклатилган эди. У ваколати доирасида маҳалла тизимида ўзига хос ишларни амалга оширди, аммо оила ва аёлларнинг дардига чинакам малҳам бўла олмади.
Нодавлат-нотижорат ташкилот бўлгани туфайли олдинги Хотин-қизлар қўмитасининг имкониятлари ҳам ҳавас қиладиган даражада эмасди. Масалан, марказий бошқарма тизими, шаҳар ва туманлар кесимидаги штатлар ҳозирги янги қўмитага нисбатан анча кам эди. Бу унинг «қўли»ни калта қиларди. Чунки аёллар ва оила масалаларида чекка-чекка ҳудудларгача кириб бориш, қарор ва фармонлар ижросини таъминлаш, натижага эришишда малакали кадрлар, уларнинг сифати билан бирга сони ҳам муҳим роль ўйнайди. Қолаверса, қандайдир лойиҳа амалга ошириладиган бўлса, у албатта ҳомийлик ёки бошқа тақиқланмаган манбалар асосида ташкил қилинарди. Оқибатда қўмита фаолиятининг натижадорлиги маълум маънода бошқаларга боғлиқ бўлиб қоларди.
Янги ташкил этилаётган Оила ва хотин-қизлар қўмитаси эса бу жиҳатдан анча мустаҳкам тузилмага эга бўлади. Қарор иловаси билан танишган киши қўмита раисига уч ўринбосар берилаётганига, уларнинг зиммасига тизимдаги ҳар бир муҳим йўналиш ўз ўрнида тақсимланаётганига амин бўлади.
Бир пайтлар ҳар бир маҳалла қошида хотин-қизлар комиссияси раиҳси бўлиб, улар жамоатчилик асосида, ойлик маошсиз ишлашган. 2003 йилларда эса диний-ахлоқий тарбия ва маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди. Аммо уларнинг маоши ҳам жуда кам эди. Табиийки, моддий манфаатдорлик ва меҳнатга яраша рағбат бўлмаган жойда иш ривожланмайди.
Шуларни ўйлар эканман, бугун хотин-қизлар билан ишлаш тизимида рўй бераётган янгиликлардан ва яратилаётган имкониятлардан ўринли ва оқилона фойдаланиш зарур, деб ҳисоблайман. Бунинг учун фақат янги ташкил этилаётган қўмита эмас, корхона-ташкилотлар ҳам шунга муносиб равишда ҳаракат қилмоғи лозим. Чунки уларда ҳам ўнлаб, юзлаб, ҳатто минглаб опа-сингилларимиз меҳнат қилади. Бу жамоалар раҳбарлари, ҳар бир оила бошлиғи, «Қўл остимда ишлаётган аёл ходимларим ёки оиламдаги онам, рафиқам ва қизим бахтли бўлиши учун нималар қилишим керак?», деган саволни ўзига берса ва унга амалда жавоб топишга интилса, қанчадан-қанча хотин-қизларнинг муаммолари ижобий ҳал этилган бўларди. Президентимиз ўз нутқида «Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади» деган эзгу қараш ҳаётимиз қоидасига айланиши учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак», деганида масаланинг айнан шу жиҳатларини ҳам назарда тутгани аниқ.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси сўнгги йилларда «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва шу йўналишдаги ишлар ижроси билан шуғулланиб келмоқда. Ҳудудларда хонадонма-хонадон юриб, аёллар билан суҳбатлашганимизда, илмсизлик, олий маълумот ололмаганлик, бир ҳунарнинг этагидан тутмаганлик кўпинча аёлларимизнинг ҳаёт сўқмоқларида қоқилишига, қийин вазиятларга тушиб қолишига сабаб бўлмоқда. Оилавий турмуш бузилганда эса эркакларга нисбатан аёллар кўпроқ жабр кўрмоқдалар. Уларнинг зиммасига фарзандини ёлғиз ўзи боқиб тарбиялаш вазифаси тушгани етмагандай, баъзилари уй-жойсиз ва ишсиз бўлиб қолмоқдалар. Бундай аёллар эҳтиёжманд қатламнинг асосий қисмини ташкил этмоқда.
Энди шу ўринда савол туғилади: хўш, бу янглиғ муаммоларнинг комплекс ечими борми?
Йиғилишда худди шу муаммолар кўриб чиқилиб, қатор вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, эҳтиёжманд ёлғиз аёллар фарзандлари учун давлат боғчалари тўловлари бюджетдан қоплаб берилади. Йирик ишлаб чиқариш корхоналари тўқимачилик кластерлари ва кечки сменада аксарият аёллар ишлайдиган корхоналар боғча ташкил қилганда, улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақи давлат томонидан тўланади. 2022 йилда ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи (12 мингта уй-жой олиш учун) хотин-қизларга йўналтирилади. Уй-жойга муҳтож 15 минг нафар хотин-қизларга ижара тўловлари учун 500 минг сўмгача компенсация ажратилади. Жорий йилда республика бўйича мингта ижтимоий уй сотиб олиниб, 700 таси уй-жойга муҳтож ёлғиз аёлларга ижарага берилади.
Магистратурада ўқийдиган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджет ҳисобидан қопланиши, ҳар йили 50 нафар қиз нуфузли хорижий олий таълим муассасалари бакалавриатига ва 10 нафари магистратурага юборилиши, ҳар бир вилоятдан 150 нафардан эҳтиёжманд оилалар қизларининг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланиши ҳам аёлларнинг ўта долзарб муаммолари келгусида сезиларли даражада камайишига ёки барҳам топишига олиб келиши, шубҳасиз.
Энди опа-сингилларимизни «эҳтиёжманд» қатламидан чиқариш ғояси ҳақида ҳам икки оғиз сўз. Менимча, саломатлиги яхши ҳисобланган, уйида қарайдиган ногирон фарзанди бўлмаган аёлни эҳтиёжмандлик ботқоғидан чиқариш ҳозир катта муаммо эмас. Ўзида хоҳиш бўлса, у истаган жойида ҳунар ўрганиши мумкин. Агар олий маълумот оламан, деса, марҳамат, бунинг учун эшиклар янада кенгроқ очилмоқда.
Дарҳақиқат, 2022 йил 1 июндан бошлаб ҳар бир вилоятда мономарказлар, олий ўқув юртлари қошида Малакани баҳолаш марказлари ташкил этилади. Улар аёлларнинг талаби юқори бўлган касбларга ўқишини ташкил этади ва кейин уларга малакасини тасдиқлаб беради. Бу марказлар орқали жорий йилнинг ўзида 30 минг нафар хотин-қизни ўқитиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, 20 минг нафар қизни IT технологиялари бўйича ўқитиш, нодавлат-нотижорат ташкилотларга эса қишлоқ жойлардаги аёлларни касбга ўқитиш, тадбиркорликка жалб этиш ва иш билан таъминлаш лойиҳаларини амалга ошириш учун 2 миллиард сўмгача грантлар ажратиш белгиланган. Шунга кўра, Халқ банки, «Агробанк» ва «Микрокредитбанк»да аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида тузилма ташкил этилади.
Хуллас, барча йўналишларда аёлларимиз қаддини кўтарадиган кўплаб янгиликларга қўл урилмоқда. Шунингдек, ҳар йили минглаб опа-сингилларимиз касаба уюшмалари орқали санаторийларга йўлланма олиб, соғлиқларини тиклашмоқда. Аммо орамизда топганини кийим-кечакка ва ортиқча ҳою ҳавасларга сарфлайдиган, ҳаётнинг асл маъноси қалб ва вужуд саломатлигида эканини тушунмаётганлар ҳам топилади.
Аёл ўзи ҳамда фарзандлари тўғри ва соғлом овқатланишига, фурсат ғаниматлигида чуқур билим олишига масъул саналади. Мен бир она, раҳбар аёл ва жамиятнинг уйғоқ вакили сифатида опа-сингилларимиз ва тенгдошларимнинг тоғора кўтариб, тўй-ҳашамга боришларининг эмас, балки фарзандлари ва набираларининг соғлиқлари мустаҳкам, билимли ва касб-ҳунарли бўлиб вояга етишлари йўлида кўпроқ жон куйдиришлари тарафдориман.
Шунингдек, ҳар бир оиланинг эркаги, таъбир жоиз бўлса, тоғи ва суянчиғига ҳам масъулият, ғурур ва ор-номус тилайман. Улар туфайли ўзбек аёлининг ҳаёти фаровон, бахти тўкис бўлсин. Жамиятимизда аёлларни эъзозлаётган ташкилот ва корхоналар, уйида рафиқаси ва қизларини ардоқлаб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган эркаклар жуда кўп. Ниятимиз, уларнинг сафи янада кенгайсин. Хотин-қизларимиз ҳаётига янги нафас ва тоза ҳаво олиб кириши кутилаётган янги ислоҳотлар ўз мевасини бериб, барча аёлларимиз бахтли бўлишсин!
Фарида АКБАРОВА,
«Бўстон» санаторийси директори
