Чиқитлар муаммосини қандай бартараф этиш мумкин?

8982

Экологик маданият ошса, юртда тартиб, барака бўлади

Эсласангиз, яқин-яқингача кўчалар, «дом»лар орасидаги айрим жойларда, деворларда шундай қўлбола эълонлар бўларди: «Ахлат ташламанг, жарима … сўм!».

Балки ҳозир ҳам бундай ёзувлар бордир, тўғриси, яқин орада кўзим тушгани йўқ. Лекин бир жиҳат аёнки, қаерда ана шундай огоҳлантириш бўлса, унинг остида доим ахлат уюми ҳам турарди. Чунки одамлар, аввало, бундай ёзувларга, отнинг калласидек қилиб белгиланган жарима суммаларига унчалик ҳам ишонмасди. Шу боис бир-икки қадам наридаги чиқиндихонага боришга эриниб, ўзи ўрганиб қолган жойга бемалол чиқит ташлашда давом этаверарди (бундай ҳолатлар ҳозир ҳам учраб туришига шубҳа йўқ). Тўғри, кимлардир ҳушёр тортиб, чиқинди улоқтиришдан тийилгандир. Аммо фоиз ҳисобида олсангиз, ундайлар сони жудаям кам.
Аслида, аҳолининг экологик маданияти юқори бўлса, огоҳлантирувчи эълонга ҳам, назоратчига ҳам, кузатув камерасига ҳам ҳожат қолмайди. Бундай жамиятда ҳаммаси худди соатдек аниқ ишлайверади: одамлар ерга чиқинди ташлаш эмас, аксинча, ерда қандайдир чиқит кўриб қолса, уни олиб, белгиланган жойга элтиб, ён-атроф тозалигига ҳисса қўшиш ҳақида ўйлайди. Кўчаларни, йўлакларни ўзи каби бир юртдоши, онаси, опаси ё синглиси тенги аёл супуриб-сидирганини ҳис қилиб, уларнинг меҳнатини қадрлайди. Фарзандларининг ҳам шундай фазилатлар соҳиби бўлиб улғайиши учун интилади. Яхши ва ёмон одатларни тушунтирганда, ерга чиқинди ташлаш энг катта тарбиясизлик эканини уқтиради, зинҳор бундай қилмаслик кераклигини ўргатади.
Бир вақтлар бизда экологик тарбия шаклланган шундай ажойиб муҳит бор эди: ариқлар тоза-озода сақланарди, одамлар бемалол ундан сув ичарди, ўша сувда нон оқизиб ейишарди, фарзандлари, набираларига сувга ахлат ташлаш, тупуриш гуноҳ эканини тушунтиришарди, одобсизлик қилганларни эса тартибга чақириб туришарди. Уйлар атрофи, кўчалар доим супуриб-сидирилган бўларди. Қисқаси, ҳавас қилса, кўз-кўз қилса арзийдиган манзара бор эди.
Лекин бугун қани ўша манзара? Ариқларга бир қаранг, айниқса, шаҳар ва туманлар марказидаги ариқларни кўринг – аксарияти чиқит билан тўлиб-тошган. Елим идиш дейсизми, полиэтилен пакетми, музқаймоқ қоғози дейсизми, қўйингки, ҳамма нарса топилади ичида. Деярли барча кўчалар, йўлак­ларда сигарета қолдиғи, писта пўчоғи учрайди. Пандемия туфайли бундай чиқиндилар қаторига тиббий ниқоб ҳам қўшилди. «Ободонлаштириш ходимлари бор-ку, тозалайди-да, нимага ойлик олишяпти, ахир», деган сурбетларча муносабат ҳам, афсуски, шаклланиб қолган. Шаҳарлардаги айрим «дом»лар атрофи ҳам ойлаб тозаланмайди. Қачонки умумхалқ ҳашари бўлиб, тартибга келиб қолмаса, бошқа пайтда кўпинча бундай оммавий тозалов ўтказиш анъанаси деярли кузатилмайди. «Менга нима» қабилида иш тутилади.
Ишонасизми, ҳатто баъзи кўп қаватли уйларнинг юқори қаватларида турадиганлар дераза ойнасини очиб, ҳеч таптортмай ташқарига дастурхон қоқишади, чиқит улоқтиришади. Ахир биз ноннинг ушоғини ҳам эъзозлайдиган, ерга тушса, уни ўпиб, кўзимизга суртиб, биров босмайдиган жойга олиб қўядиган миллатмиз-ку! Бизга нима бўлди ўзи? Нега бундай ўзгариб кетдик? Саволлар кўп, жавоблар эса…
Шу йилнинг 2 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев айнан чиқиндилар билан ишлаш тизими ва экологик ҳолатни яхшилашга оид долзарб масалалар хусусида сўз юритиб, жамоатчиликка мурожаат қилар экан, жуда оғриқли манзарага эътибор қаратди: «Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш. Бугун кўчага ёки исталган жойга қаранг. Ҳамма жойда одамлар ташлаб кетган чиқиндиларни кўрасиз. Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Нима учун уни тоза-­озода сақламаймиз? Ахир, муқаддас китобларимизда ҳам «Поклик иймондандур» дейилган», дея куйиниб гапирди Юрт раҳбари.
Ва, албатта, Президент бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмаслигини, бунга ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкинлигини, маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда, «бу ишингиз нотўғри бўлди», дейдиган муҳитни шакллантириш, одамларни шунга ўргатиш кераклигини ­таъкидлади.
Дарҳақиқат, биз ҳаммамиз ушбу эзгу даъватга «лаббай» деб жавоб беришимиз, юртимизнинг ҳар бир қарич ерини худди ўз хонадонимиздек асраб-авайлаб, тоза-озода сақлаш ҳақида ўйлашимиз, буни юрак амри билан бажаришимиз лозим. Ишонинг, бу орқали кўп нарса ўзгаради. Одамлар бир-бирини тарбиялайди, экологик маданият яхшиланади. Мусаффо муҳит таъминланади.

Хавотирли рақам

Умуман, чиқинди муаммоси бугунги кунда глобал аҳамиятга эга энг долзарб масалага айланган. Маълумотларга кўра, ҳар йили 2 миллиард тоннадан зиёд қаттиқ маиший чиқинди пайдо бўлади. 2050 йилга бориб, ушбу кўрсаткич 3,4 миллиард тоннага етиши кутилмоқда. Бу – жуда хавотирли рақам. Чунки шусиз ҳам экология, иқлим тобора ёмонлашиб боряпти, унинг ортидан ўнлаб, юзлаб муаммолар пайдо бўляпти.
Таъкидлаш жоиз, жаҳонда чиқиндиларни бошқариш бўйича ўзига хос тизим яратган давлатлар ҳам кўп. Уларнинг тажрибаси билан танишиш, маъқул келган жиҳатларини ўрганиш, назаримда, фойдадан ҳоли бўлмайди. Шу маънода, мавзуга доир материаллар йиғаётган вақтимда ТАСС агентлигининг халқаро мухбирлари томонидан тайёрланган қизиқарли маълумотларга кўзим тушди. Тўғри, ундаги айрим факт ва рақамлар бугун қисман ўзгарган бўлиши мумкин. Лекин, муҳими, яратилган механизмда. Келинг, қуйида ана шу жиҳатларга эътибор қаратсак.

«Фандомат»лар одамларни тарбиялайди

Германия тажрибаси чиқиндиларни бошқариш бўйича Европанинг энг муваффақиятли намуналаридан бири ҳисобланади. Мамлакат аҳолиси ўтган асрнинг 80-йиллари охиридаёқ чиқиндиларни алоҳида йиғишни бошлаган ва бугунги кунга келиб, бу ерда чуқур саралаш тизими шаклланган.
Масалан, тураржойларга тегишли ҳудудларда озиқ-овқат чиқиндилари, пластмасса, пакет, қадоқ, қоғоз ва картонлар учун камида учта контейнер бўлиши керак. Шиша идишлар ҳамда банкалар эса кўчаларда алоҳида, умумфойдаланиш учун қўйилган бакларга ташланади.
Бундан ташқари, ичимликлар идишларини тармоқ дўконларига ўрнатилган махсус ускуналар – «фандомат»ларга топшириш ҳам мумкин. Мазкур амалиётнинг ўзига хос жиҳати шундаки, пластик ёки шиша идишда сотилаётган деярли барча ичимликлар нархига айнан «фандомат»лар учун қўшимча устама ҳам киритилади. Агарда сиз шу пулингизни қайтариб олмоқчи бўлсангиз, бўшаган идишни ускунага келтириб топширишингиз зарур. Автомат маблағингизни қайтариб беради. Мабодо бунга эринсангиз ёки пулингизни қайтариб олишни истамасангиз, идишни бемалол кўчадаги махсус чиқинди қутисига ташлашингиз мумкин. Ихтиёр ўзингизда. Давлат бу билан аҳолини атроф-муҳитни зарарли идишлар билан ифлослантирмасликка ўргатди.
Мебель ва шу каби катта ўлчамдаги чиқиндиларни эса ўзингиз ёки юк ташувчилар хизмати ёрдамида чиқинди полигонларига элтишингиз лозим. Кераксиз кийим-кечаклар хайрия ташкилотлари томонидан қабул қилинади. Хизматини ўтаб бўлган батарейкалар дўконларга ўрнатилган махсус қутиларга ташланади.
Ушбу қоидаларни бузганлик учун барча федерал ерларда жарималар турлича. Чиқиндини нотўғри жойга ташлаганингиз, эски шкаф ёки музлаткични уй ёнида ёхуд белгиланмаган жойда қолдирганингиз оила бюджетига жиддий зарар келтириши мумкин.
Мамлакатда ҳар йили 40 миллион тоннадан ортиқроқ чиқинди ҳосил бўлади. Турли манбаларга кўра, бунинг 60 дан 80 фоизгача қисми қайта ишлаш ёки ёқиш заводларига, қолгани чиқиндихоналарга кетади. Эътиборлиси, Германия саноатида фойдаланиладиган хомашёнинг деярли 15 фоизи айнан қайта ишлаш орқали олинади. Бундан ташқари, у самарали бизнес сифатида ҳам ўзини намоён қилган – 2017 йилда чиқиндини қайта ишлаш саноатининг айланмаси тахминан 70 миллиард еврони ташкил этган. Мазкур соҳада 250 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган.
Лекин Германияда чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар ҳам йўқ эмас. Бу ҳозирда асосан замонавий иррационал истеъмол маданиятига дахлдор. Экологларнинг таъкидлашича, сўнгги ўн йил ичида бир марталик идишлар, қошиқ, пичоқлар, салфеткалар, қадоқлаш ва бошқа маҳсулотлардан фойдаланиш шунчалик кўпайиб кетдики, жамият муаммони ўз вақтида баҳолай олмади. Бу оғриқли масалага айланди. Мутахассислар ушбу муаммонинг ечимини ижтимоий рекламадан излашни таклиф қилмоқдалар.

Чиқиндиларни саралаш қандай ўргатилган?

Францияда чиқиндиларни алоҳида йиғиш анъанаси узоқ вақтдан бери бор. Чиқинди қутилари турли рангдаги қопқоқлар билан ажратиб қўйилади. Хусусан, оқ ранглисига шишалар, сариғига қайта ишлашга юбориладиган чиқиндилар, жигарранглисига эса ёқиб юбориш ёки кўмиш учун мўлжалланган чиқиндилар ташланади. Фармацевтика маҳсулотлари – эски таблеткалар, уларнинг қадоқлари, термометр ва ­бошқаларни исталган дорихонага топшириш мумкин. Бу орқали заҳарли моддаларнинг қайта ишлаш жараёнига ёки умумий чиқинди полигонига тушиб қолишининг олди олинади.
Ҳукумат аҳолига осон бўлиши учун уларга чиқиндиларни саралаш бўйича маълумот беришга ҳам алоҳида эътибор қаратган. Мисол учун, бир вақтлар Парижда «электрон ёрдамчилар» тизими кенг тарқалган эди. Яъни, чиқинди қутисига осиб қўйилган ускунадаги сканердан маҳсулот қадоғи ўтказилса, у мазкур чиқинди қайси қутига солиниши кераклигини маълум қиларди. Натижада аҳоли саралашни ўрганди.
Маълумотларга қараганда, мамлакатда чиқиндиларни қайта ишлашнинг умумий ҳажми 50 фоиз атрофида. Аммо ҳамма чиқиндиларни ҳам қайта ишлаб бўлмайди. Шу боис улар ёқиб юборилади. Ёндирилганидан кейин ҳосил бўлган кул йўл қурилишида, жараёнда ажралиб чиқадиган иссиқлик эса яқин атрофдаги уйларни иситишда фойдаланилади. Баъзи заводлар ер остида жойлашган бўлиб, улар тутун ҳам, ёқимсиз ҳид ҳам чиқармайдиган технологияларга эга.

Кераксиз маҳсулотдан унумли фойдаланиш йўли

Италияда чиқиндиларни алоҳида йиғиш деярли бутун мамлакат бўйлаб амал қилади. Бу қаердадир яхшироқ, қаердадир ўртачароқ йўлга қўйилган. Масалан, Римда сиз тоза қоғоз ва картонни, пластмасса ва металлни, органик чиқиндиларни ва қайта ишланмайдиган чиқитларни, шунингдек, шишани алоҳида-алоҳида ташлашингиз керак. Ҳар бири учун контейнер қўйилган.
Катта ўлчамдаги чиқиндиларни олиб чиқиш учун эса хусусий корхоналарга мурожаат қилиш ва қўшимча ҳақ тўлаш зарур. Кир ювиш машинаси, шкаф, матрасни коммунал хизматлар бепул олиб кетади. Ва нотўғри жойга ташланган чиқинди учун катта миқдордаги жарималар белгиланган.
Чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича намунали ҳудудлардан бири Сардиния ороли бўлиб, у ерда энг сўнгги авлод технологияларига эга ёқиш заводлари ишлайди. Умуман, Италияда чиқинди ёқишга ихтисослаштирилган 40 га яқин завод фаолият кўрсатмоқда. 2017 йилда улар 18 фоиз чиқиндини утилизация қилиб, 4,5 миллион МВт электр энергияси ва 2 миллион МВт иссиқлик энергияси ишлаб чиқарган…
Лекин шуни ҳам айтиш керак, кўплаб давлатларда чиқинди муаммосини ёқиш орқали ҳал этишга ижобий қаралмайди…

Атроф-муҳитга муносабат шундай

Ўтган аср 80-йилларининг бошидаёқ Канадада чиқиндиларни алоҳида йиғиш ва уни қайта ишлаш масаласи кун тартибига кўтарилди. Натижада аҳолида саралаш кўникмаси шаклланди.
Мовий қути – шиша, металл банкалар, пластмасса, сут қутилари ва пластик қоплар, қора қути – қоғоз, газета, журнал ва картон, яшил қути – озиқ-овқат ва бошқа кичик чиқиндилар учун мўлжалланган. Тураржой биноларида бундай баклар одатда ер ости гаражларига жойлаштирилади. Аммо ранглар баъзан фарқ қилиши ҳам мумкин. Асосийси, чиқиндилар турига қараб ажратилади. 2018 йил охирида эса батареялар, шприц­лар ва игналар учун алоҳида идишлар ҳам пайдо бўлди.
Оттава аҳолиси катта ўлчамдаги чиқиндилар, айтайлик, мебель, телевизор ёки маиший техника буюмларини махсус йиғиш пунктларига ўзлари олиб боришади. Ёки муайян маблағ эвазига утилизация қилиш бўйича мутахассисларни чақиришади. Шунингдек, Канадада кераксиз буюмларни, масалан, кийим-кечакларни муҳтожларга тарқатадиган хайрия ташкилотларига таклиф қилиш одат тусига кирган.
Шаҳарликлар чиқиндини қандай саралашаётганини махсус инспекторлар назорат қилади. Бундан ташқари, Канадада ҳар хил турдаги чиқиндиларни кунларга ажратилган жадвал бўйича олиб чиқиш анъанаси мавжуд. Нотўғри кунда қўйилган чиқинди учун уй эгаси дастлаб огоҳлантирилади. Кейинги қоидабузарликка эса жарима ёзилади.
Канадада, умуман олганда, атроф-муҳитга жиддий муносабатда бўлинади. Экологик таълим-тарбияга катта эътибор қаратилади.
2018 йил бошида Монреалда чакана савдода бир марталик пластик қоплардан фойдаланиш тўлиқ тақиқланди. Ҳозир бу қоида учта провинциядаги яна олтита муниципалитетда амал қилади. Оттавадаги супермаркетлар ҳам харидорларни полиэтилен пакетлардан воз кечишга ундамоқда. Баъзи ишлаб чиқарувчилар эса маҳсулотларининг қадоғи қайта ишланган чиқиндилардан тайёрланганини кўрсатмоқда.

Асосий тамойиллар ҳамма жойда бир хил

Японияда узоқ вақтдан бери чиқиндиларни алоҳида йиғиш тизими амал қилади – баъзи шаҳарларда 1970 йилларнинг биринчи ярмидан бошлаб саралашга ўтилган. Ҳозир бу япон маданиятининг ажралмас қисмига айланган.
Талаблар ҳудудга қараб фарқ қилади, лекин асосий ­тамойиллар ҳамма жойда бир хил. Катта ҳажмдаги маиший чиқиндилар тўлов қилинганидан кейингина олиб кетилиши мумкин. Одатий чиқиндиларни ташлашда эса уларнинг таркибига эътибор қаратиш зарур. Агар ишчилар ҳафтанинг қайсидир кунида бошқа турдаги чиқинди чиқарилганини аниқлашса, уни олиб кетишмайди. Бу муаммо туғдиради.
Мен Японияда бўлганимда, бир жиҳат эътиборимни тортган. Одамлар кўчаларга чиқинди улоқтиришмайди, аксинча, кўп ҳолларда ерда чиқитни кўришса, уни олиб бориб, махсус жойга ташлашади. Аҳоли атроф-муҳитни тоза-­озода сақлашни бурч, деб ҳисоблайди.
Японияда пиёдалар йўлакчаларида ерга чекишни тақиқловчи белгилар сурати туширилган. Ҳаракатланаётган одамнинг унга кўзи тушади, ҳушёр тортади. Чекиш мумкин эмаслигини англайди. Битта истисно билан чекишга рухсат берилиши мумкин: чекувчининг қўлида, албатта, махсус кичик кулдон бўлиши шарт. Агарда бирор назоратчи тўхтатганда, унда кулдон бўлмаса, бу катта жарима ёзилишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, йўлаклар бўйлаб махсус чекиш жойлари ҳам ташкил қилинган. Бу – ўзига хос тажриба.
Умуман, биз халқаро мусобақаларда япон томошабинларининг баҳслардан кейин стадионларни, спортчилар эса ўзлари фойдаланган кийиниш хоналарини қандай тозалаб, тартибга келтириб қўйишганини ижтимоий тармоқлар орқали бир неча бор кўрганмиз. Улар мана шу хатти-ҳаракати орқали экологик маданиятини дунёга намоён этиб, барчанинг ҳурматини қозонган.

…Аслида, ҳамманинг қўлидан келади. Айниқса, буюк тарихга, қадриятларга эга халқ сифатида биз бу борада ҳаммага ўрнак бўла оладиган даражага кўтарилишимиз мумкин. Бунинг учун қатъий киришсак, болаларимизга яхши одатларни ўргатсак, кифоя.

Шавкат ОРТИҚОВ,
журналист