ёхуд инсон тақдири билан ҳазиллашаётганлар
Кейинги пайтлар кўча ва йўлларимизда автомобиллар ҳам, улар билан боғлиқ фалокатлар ҳам кўпайди. Бунинг сабаблари ҳар хил изоҳланади. Жумладан, мутасаддиларнинг таъкидлашича, ўтган йилги йўл-транспорт ҳодисаларининг 20 фоизидан ортиғи белгиланган тезликка риоя қилмаслик, 20 фоизи йўл инфратузилмасидаги камчиликлар, 14 фоизи пиёдалар учун хавфсиз шароитлар яратилмагани, 9,1 фоизи ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги туфайли рўй берган.
Баъзилар машинани катта тезликда ҳайдашни ўзлари учун фахр деб биладилар. Айниқса, бирор қариндоши ёки дўсти каттароқ лавозимда ишлайдиганлар босар-тусарини билмайди. ЙПХ ходими тўхтатса, дарров ўша танишига қўнғироқ қилади. Аксарияти шу тариқа жазодан қутулиб ҳам қолади. Бироқ жаримага тортилмаслик тезликни истаганча оширса бўлаверади, дегани эмас. Акс ҳолда, ҳайдовчи ё ўзининг, ё бошқанинг соғлиғи ва ҳаётини хавф остида қолдириши, ҳатто умрига зомин бўлиши ҳам мумкин. Қолаверса, манзилга беш-ўн дақиқа эртароқ етиш илинжида машинани юқори тезликда ҳайдайдиганларни вақтни қадрловчилар деб бўлмайди.
Хўш, таниш-билишчилик ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, бу шоввозларни орқаваротдан қўллаб-қувватлаётганлар-чи? Улар, эҳтимол, кимнидир жаримадан қутқариб қолишлари мумкиндир, лекин автофалокатдан асраб қола олишмайди-ку! Қонунларга лоқайд бўлиш кишига мартаба ҳам, обрў ҳам келтирмаслиги тайин-ку!
Кузатишларимиздан аён бўлишича, ҳайдовчиларнинг аксарияти камар тақмайди. Бахтсиз ҳодисалар оқибатида келиб чиқадиган ўлимларнинг 70 фоизи худди мана шу ҳолат сабабли содир бўлади.
Назаримизда, бундай нохушликлар, қонунбузарликлар ва муаммоларнинг асосий сабабларидан бири ички интизомнинг етишмаслигидир. Биз ўзимизни назорат қилишни истамаймиз, ўзимизга ҳисобот бермаймиз, демакки, қонунга ҳам бўйсунмаймиз.
Йўлларимизнинг замон талабларига жавоб бермаслиги эса оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тез-тез ёритилади. Аммо бу муаммо ҳануз ижобий ечим топгани йўқ. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: хўш, автофалокатлар илдизларидан бири йўлларнинг абгорлигига бориб тақалса, уларни таъмирлашни пайсалга солгани ёки сифатсиз таъмирлагани учун масъуллардан неча нафари жавобгарликка тортилган?
Афсус, бу ҳақда сўз очилганда, мутасаддилар кўпинча маблағ етишмаслиги, об-ҳаво ноқулайликлари ва бошқа баҳоналарни рўкач қилишади. Лекин машиналар эгалари томонидан тўланган маблағларнинг неча фоизи автомобиль йўлларини таъмирлашга, автотураргоҳлар бунёд этишга, йўл белгиларини ўрнатишга сарфланаётгани ҳақида аниқ маълумот беришмайди. Ушбу масалаларга инновацион ёндашиш лозимлигига етарли даражада эътибор қаратишмайди.
Мавриди келганда, аҳоли ва автомобиллар сони тобора кўпайиб бораётган бир пайтда йўлларнинг торлиги ва автотураргоҳлар ниҳоятда камлиги ҳам қатновга халақит бераётганини эслатиб ўтиш жоиз. Бунинг оқибатида ҳайдовчиларга ҳам, пиёдаларга ҳам кўплаб ноқулайликлар туғилди. Шу боис йўл бўйларида қад ростлаётган турли иморатлар ертўлаларида автотураргоҳлар очилса, айни муддао бўларди. Акс ҳолда, келгусида бинолар атрофида машиналарни қўйиш тугул, пиёдалар юриши учун ҳам жой топилмай қолишимиз эҳтимолдан холи эмас.
Айрим кишилар йўл-транспорт ҳодисаларида «Дамас» русумли йўналишсиз таксиларнинг «улуши» катталигини айтишади. Бундай автоуловлар Урганчда ҳам кўп. Улар аҳоли учун қулай. Биринчидан, тиқилинч бўлмайди, иккинчидан, автобус ярим соатда борадиган манзилга ўн дақиқада етади. Бироқ «Дамас»чиларнинг аксарияти йўл қоидаларига риоя қилмайди. Тезроқ ва кўпроқ йўловчи олиш илинжида тезликни оширади, йўл четидаги чизиқлардан ташқарида ҳам ҳаракатланаверади. Шу тариқа бошқа ҳайдовчиларга халақит беради. Лекин ҳозирча бу таксилардан воз кечиб бўлмайди. Чунки бошқа жамоат транспорти кам. Қолаверса, Урганчда автобус бекатлари йўқ. Шунга кўра, автобуслар истаган жойида тўхтаб, йўловчи олади ёки туширади. Бу аслида ўзга машиналар ҳаракатига халақит қилувчи омиллар сирасига киради.
Автофалокатларда пиёдаларнинг ҳам ҳиссаси бор. Аввало, кўчаларда улар ўтишига мўлжалланган жойлар кам. Қолаверса, йўлнинг истаган жойидан кесиб ўтиш кўпчиликка одат бўлиб қолган. Устига-устак, аксариятининг қулоғида «наушник», на машина сигналини эшитади, на унинг ўзидан қанча узоқликда ва қандай тезликда келаётганига эътибор беради. Ушбу муаммони аҳолининг ҳуқуқий маданиятни ошириш баробарида пиёдалар ўтадиган ер ости ва ер усти йўлакларини кўпайтириш орқали бартараф этиш мумкин. Бунга, айниқса, машиналар сероб кўчаларда эҳтиёж катта. Аммо Урганчда атиги иккитагина шунақа ер ости йўлаги бор. Туманлар марказларида уларни мутлақо кўрмайсиз.
Юқорида бултурги йўл-транспорт ҳодисаларининг 9,1 фоизи ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги оқибатида содир бўлганини айтгандик. Хўш, бундай ҳайдовчилар қандай пайдо бўляпти?
Бошқа халқларни билмадим-у, бизда негадир ҳамма машинали бўлишини орзу қилади. Айрим кишилар унга жамиятда қандай обрў-эътиборга эгалигини билдирувчи мезон сифатида қарайдилар. Шу дунёқараш таъсирида фарзандлари вояга етар-етмас, қарз-ҳавола қилиб бўлса-да, машина олиб беришга ошиқадилар.
Тўғри, орзуга айб йўқ. Бироқ орзу-ҳавасларимиз жамиятда мавжуд тартиб-қоидаларга зид бўлмаслиги, ўзимиз билиб-билмаган ҳолда зурриётларимизни охири фожиали ва аянчли якун топиши эҳтимоли бор нотўғри йўлга бошламаслигимиз керак.
– Мен Европанинг бир неча давлатида бўлдим, – дейди тиббиёт фанлари номзоди Бектурди Норметов. – Улардаги йўлларнинг текис-равонлигига, автомобиль эгаларининг тартиб-интизомига ҳавасим келди. Ҳайдовчилар орасида биздаги сингари йўл талашиш, тезликни ошириш, бир-бирини сўкиб, бақириш йўқ. Транспорт воситасини бошқариш маданияти, пиёдаларга ҳурмат жуда юқори савияда. Жажжигина боласи ёки невараси қўлига машина рулини ушлатиб қўйиб эркалаш, уларни олд ёки орқа ўриндиққа ўтиргизиб олиб, сайр қилдириш Европада идиотизм, яъни ақли заифлик деб баҳоланади. Мен ҳам шу фикрга қўшиламан.
Ҳа, шифокор ҳақ. Йўл қоидаларига ўзимиз амал қилмаганимиз етмагандай, болаларимизни ҳам шу йўсинда тарбиялаяпмиз.
Автофалокатларнинг навбатдаги сабаби турмуш шароитимиз билан боғлиқ. Зеро, бугун кўпчилик стресс ҳолатида кун кечирмоқда. Ишдаги, уйдаги муаммолар, саломатликдаги нуқсонлар туфайли асабийлашиш, диққатини бир нуқтага жамлай олмаслик ҳайдовчиларга ҳам бегона эмас.
Қандайлигидан қатъи назар, биз йўл қўяётган хато-камчиликларимизни бартараф қилмас эканмиз, автофалокатлардан қутула олмаймиз. Айниқса, спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, машина бошқарадиганларни асло кечириб бўлмайди. Сархуш ҳолатда рулга ўтириш телбаликдан бошқа нарса эмас! Биз уларга қарата шундай деймиз: пулингиз ҳар куни жарима тўлашга етадиган даражада кўп бўлса ҳам, чўнтагингизда чексиз ҳақ-ҳуқуқлар берувчи гувоҳномангиз бўлса ҳам, ДАН ходимини менсимасангиз ҳам мастликда машинани бошқарманг! Ота-онангизни йиғлатиб кетманг! Норасидаларингизни етим қилиб қўйманг! Ўзгалар соғлиғига зарар етказманг, умрига зомин бўлманг!
Яқинда бир манбада Ўзбекистонда автофалокатлар қўшни мамлакатлардагига нисбатан камлиги ҳақида фикр билдирилди. Ваҳоланки, фалокатнинг биттаси ҳам кўп. Чунки у туфайли кимдир дунёдан эрта ўтиб кетади, кимдир умрбод майиб бўлиб қолади. Демак, ҳар бир автофалокат инсон тақдири билан боғлиқ бўлади. Шундай экан йўл-транспорт ҳодисаларига бепарво бўлмаслигимиз керак. Билъакс, барчамиз йўл қоидаларига қатъий риоя қилишимиз, уларни бузганларга нисбатан муросасиз бўлишимиз шарт!
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»
