«уддабурон» тадбиркорнинг жавобгарлигига сабаб бўлди
Бугун мамлакатимизда яратилган очиқ ва кенг ишбилармонлик муҳити сабаб, бирини икки, иккисини ўн қилаётган, шу билан бирга, аҳоли дастурхони тўкинлиги, хонадони ободлиги, турмуш фаровонлигига ҳисса қўшаётган инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмагани каби улар орасида фақат ўз шахсий манфаатини ўйлайдиганлар ҳам учраб турибди. Бундай кишилар ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб бераётирлар. Яқинда жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ тумани суди ана шундай тадбиркорлардан бири устидан ҳукм ўқиди.
Андижон шаҳрида туғилган, ўзбек миллатига мансуб, 3 фарзанднинг отаси Навфалбек Бурҳониддинов яхши ниятлар билан бирданига иккита масъулияти чекланган жамият ташкил этди. Дастлаб тадбиркор йигитнинг бу қадамларидан яқинлари севинди – тадбиркор бўлса, сармояси кўпайса, бундан фақат ўзига эмас, жамият ва давлатга ҳам фойдаси тегади. Бироқ яқинларнинг умидлари сароб экани аста-аста сув бетидаги кўпикдек юзага чиқа бошлади. 2020 йилда тадбиркорнинг банк муассасасидаги биринчи масъулияти чекланган жамияти ҳисобрақамига жами 17 миллион 7 минг сўм келиб тушди. Бу пулларни тадбиркор турли-туман хўжалик юритувчи субъект ва корхоналарга маҳсулот хариди учун ўтказиб берди ва аҳоли учун зарур маҳсулотлар харид қилиб олди. Мана шунинг ҳисобига унинг бозори чаққон, халқ тилида айтганда, пичоғи мой устида бўлди. У давлатга топшириши керак бўлган пул маблағларини йил якуни ҳисоботларида 1 миллиард 155 миллион 229 минг сўмга нотўғри ҳисоблаб, катта миқдордаги солиқ тўловларини тўлашдан қасддан бўйин товлади.
Навфалбек бу билан кифояланса кошки эди. У иккинчи масъулияти чекланган жамият ҳисоботларида ҳам шундай қонунбузилиши ҳолатига йўл қўйди. Жамият ҳисобига келиб тушган 14 176 570,6 минг сўмни маҳсулот сотиб олиш учун турли корхона ва ташкилотларга ўтказиб берди. Бу пулларга ҳам энг харидоргир маҳсулотлар сотиб олди. Тадбиркорнинг ишлари юришгандан-юришиб кетди. Топган маҳсулотини харидорларга пешма-пеш етказиб бериш ҳам бир санъат. Навфалбек мана шу ишларнинг ҳадисини олганди, гўё. Йил якуни ҳисоботлари бўйича солиқ органларига ҳисобот топшираркан, тадбиркор бу ерда ҳам қонун талабларини бузди. 746 миллион 603 минг сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисоботларда ўз аксини топмади. Бу ҳам майли, тадбиркор савдо жараёнида Вазирлар Маҳкамасининг назорат-касса машиналарини ишга тушириш орқали савдода нақд пул айланмасини кескин қисқартириш билан боғлиқ қарорлари талабларини менсимасдан иш тутди. Савдодан тушган жуда катта миқдордаги пуллар на назорат-касса машинасига кирим қилинди ва на банкка топширилди. Қисқаси, бу пуллар кассага эмас, киссага кетди…
Ҳар икки масъулияти чекланган жамият фаолияти устидан ўтказилган текшириш натижасида ҳақиқат юзага чиқди. Солиқ аудити асл ҳолатни ойдинлаштирди. Жиноят ишлари бўйича судда тилсиз гувоҳ – сохта ҳужжатлар, жонли гувоҳлар ўз сўзларини айтишди. Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан айбли, деб топилган Навфалбекка нисбатан ҳукм ўқилиб, у содир этган жинояти учун 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Шунингдек, ундан жиноят оқибатида келтирилган зарар – 1 миллиард 901 миллион 832 минг сўмлик маблағ Андижон шаҳар давлат солиқ инспекцияси фойдасига ундирилиши белгиланди.
Ҳа, ҳавога учган миллиардлар тадбиркор оёғига тушов бўлди. Албатта, бу ҳол содир бўлмаслиги мумкин эди, қачонки, тадбиркор ҳалол йўл тутса.
Шоҳруҳбек ЖАББОРОВ,
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш
Департаментининг Андижон шаҳар
бўлими бошлиғи ўринбосари
