Ижодий ишлар танловининг республика босқичи ғолиблари тақдирланди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқовнинг «Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз!» ижодий ишлар танлови ғолибларини тантанали тақдирлашга бағишланган маросимдаги нутқи
Ассалому алайкум, азиз фарзандларимиз, меҳрибон устозлар, ҳурматли меҳмонлар ва ҳакамлар ҳайъати аъзолари!
Аввало, бугунги тадбиримизда иштирок этаётган барча ёшларни, уларнинг устозлари ва ота-оналарини «Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз!» ижодий ишлар танловининг республика босқичигача етиб келганликлари билан чин қалбимдан табриклайман.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарликларида ёшларимизни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини рўёбга чиқариш йўлида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 28 июндаги қарори билан ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар тайёрлаш бўйича янги тизим яратилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия таркибида «Темурбеклар мактаби» ҳамда «Ёш чегарачи» ҳарбий академик лицейлари ташкил этилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркарда боболаримизга муносиб, қалбида миллий руҳ, шу муқаддас заминга садоқат туйғуси мустаҳкам бўлган, аждодларимизнинг бой жанг санъати, ҳарбий соҳадаги тажрибасини чуқур ўрганиб, уларнинг бу борадаги анъаналарини муносиб давом эттирадиган авлодни тарбиялашдир.
Маълумки, Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Муҳтарам Шавкат Мирзиёев шу йил 7 январь куни пойтахтимиздаги «Темурбеклар мактаби»га ташрифи чоғида ёшлар билан самимий мулоқот қилдилар.
Суҳбат давомида «Сизлар янги Ўзбекистоннинг қанотисизлар. Бу қанотлар нима билан кучли бўлади? Билим билан! Камида икки-учта тилни, аниқ фанларни ва тарихимизни мукаммал билишингиз керак», дея алоҳида таъкидладилар. Мана шу ўгитга амал қилиш, билдирилган ишончни оқлаш сиз, ёшларнинг қатъий мақсадингиз бўлиши лозим.
Дарҳақиқат, буюк алломалар эътироф этганидек, Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади ва нажот фақат ва фақат билимдадир!
Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган «Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз!» ижодий ишлар танловидан кўзланган асосий мақсадимиз ушбу билим даргоҳлари ўқувчиларининг бугунги юртимизда амалга оширилаётган улуғвор ислоҳотларни нечоғли идрок этаётганини англаш ва баҳолашдан иборат бўлди.
Хўш, бугунги ёшлар, фарзандларимиз ушбу ислоҳотларни қандай тушунмоқда? Улар Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек улуғ мақсадлар йўлидаги ишларни, бебаҳо қадрият ва анъаналарни давом эттиришга қанчалик тайёр?
Бизни мана шу каби саволлар қизиқтираётганди.
Шубҳасизки, ўтказилган мазкур танловдан биз кўнгилга улкан мамнуният бахш этувчи жавоб топдик.
Мен ушбу ҳаяжонли дамларда танлов иштирокчиси бўлган барча ёшларга мурожаат қилмоқчиман.
Азиз фарзандларимиз!
Айни дамда сизлардек бахтиёр инсон бўлмаса керак.
Чунки сизлар тарихи буюк, бугуни нурафшон, истиқболи порлоқ замин фарзандларисиз! Шу азиз Ватан равнақи, манфаатлари ва суверенитети ҳимояси учун ўзингизни дахлдор деб биласизлар.
Буни Сиз мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган «Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз!» ижодий ишлар танловида яққол намоён этдингиз.
Сизлар бугун ғолибсизлар, ўз тенгқурларингиз орасидаги етакчи ва сардорсизлар.
Бир сўз билан айтганда: Ўзбекистон ватанпарвар ёшларининг энг илғорларисизлар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сиз ва сиз каби минглаб оловқалб, кўзида ўт чақнаб турган фарзандларимиз тимсолида Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга қодир авлод сиймосини кўраётганлигига биз ҳечам шубҳа қилмаймиз. Зотан, сизларнинг кўзларингиз ва юзларингизда балқиб турган шижоат, илмга чанқоқлик, матонат ва ватанга бўлган муҳаббат шундай қарор қилишимизга тўла асос беради.
Азиз ёшлар!
Очиғини айтганда, сизларнинг ижодий ишларингизни баҳолаш осон бўлгани йўқ. Чунки ҳар бир иншо ўзига хос тарзда ёзилган: тили равон, мазмунан теран. Бу жараён табиийки, иншоларни баҳолашда кўп мунозараларга сабаб бўлди. Ва ўйлайманки, бу барчамизни хурсанд қиладиган ҳолат. Негаки, ватан ва халқ ҳақида шундай қайноқ сўзлар, матнларни битиш учун, аввало, одамда қайноқ қалб бўлиши керак. Сизлар эса ўз ишларингиз билан шундай юксак қалб эгалари эканликларингизни амалда исботладингиз.
Бироқ бу танловнинг ҳам ўз Низоми бор ва унга кўра, ғолиблар аниқланиши ҳамда эълон қилиниши керак.
Бироқ ушбу расмий шаклдан сал четга чиқиб айтадиган бўлсак, бугунги танловда мағлуб иштирокчининг ўзи йўқ. Нимага десангиз, шу босқичгача етиб келишнинг ўзи катта ғалабадир. Қолаверса, Ватани ва Миллати бахту саодати йўлида кўзи ёниб, юраги жўшиб турган инсонни ҳеч ким ва ҳеч нарса енга олмайди!
Азиз ўғлонлар!
Фурсатдан фойдаланиб, мамнуният билан сизларга шуни маълум қиламанки, Сизларнинг ҳар бирингизга муҳтарам Юртбошимиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари олий Бош қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг совғалари – ноутбуклар тақдим этилмоқда. Бу совғалар ҳар бирингизнинг столингизда турибди. Ўйлаймизки, бундан қимматроқ ва юксакроқ мукофотнинг ўзи бўлмаса керак. Нимага десангиз, шахсан Президентимизнинг совғаларини олиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Шу маънода, барчангизга муҳтарам Президентимиз эътибори ва эътирофи муборак бўлсин деймиз.
Ҳурматли меҳмонлар ва азиз ўқувчилар!
Ушбу дамда халқимизнинг яқинлашиб келаётган қадимий ва навқирон шодиёнаси – Наврўз байрами билан барчангизни чин қалбимдан табриклайман. Сиҳат-саломатлик, бахт-иқбол ҳеч бирингизни тарк этмасин!
Сўзимиз сўнггида шундай фарзандларни тарбиялаган ота-оналар ва устозларга ҳамда ижодий ишларни холисона баҳолаб борган ҳакамлар ҳайъати аъзоларига ҳам ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!
