ижодий ишлар танловининг республика босқичи ғолиблари тақдирланди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида «Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз!» ижодий ишлар танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Президент маслаҳатчисининг ўринбосари Дилшод Кенжаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраев, Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов, мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирлари ўринбосарлари, Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходимлари, парламент вакиллари, Темурбеклар мактаблари ҳамда «Ёш чегарачи» ҳарбий-академик лицейи директорлари ва ўринбосарлари, илм-фан арбоблари, танлов иштирокчиларининг устозлари, ота-оналари ҳамда касаба уюшмалари масъул ходимлари қатнашдилар.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов ғолибларни қутлади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда ёшларимизни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб вояга етказиш, уларнинг истеъдоди ва қобилиятини, эзгу интилишларини рўёбга чиқариш йўлида катта ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 28 июндаги қарори билан ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Қуролли Кучлар ва давлат хизмати учун кадрлар тайёрлаш бўйича янги тизим яратилди. Унга мувофиқ, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия таркибида «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди. Уларда Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркарда боболаримизга муносиб, қалбида муқаддас заминимизга садоқат туйғуси жўш урган, аждодларимизнинг бой жанг санъатини чуқур ўрганиб, боқий анъаналарни изчил давом эттирадиган авлод тарбияланади.
Давлатимиз раҳбари шу йил 7 январда пойтахтимиздаги «Темурбеклар мактаби»га ташрифи чоғида буни алоҳида тилга олиб, ушбу мактаблар ўқувчилари ўзларига билдирилган ишончни оқлашлари, илм ва салоҳиятларини намоён этишлари лозимлигини уқтирди.
Ўқиган – ўқдан ошар. Ўқиганини уққан инсон эл-юрт тақдири, унинг ҳимояси муқаддас бурч эканлигини яхши англайди. «Ватан тақдири – менинг тақдирим, унинг замирида ота-онам, оилам, яқинларим, юртдошларим тақдири турибди», дея фикр юритади, эгаллаган илмларини амалиётда қўллашга интилади. Юртим, халқим, дейди, эл билан бирга бўлади. Зеро, Навоий бобомиз «Элга қўшулғон эш топти», дея бежиз айтмаган.
Шундай мезонлардан келиб чиқиб, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳамда Қуролли Кучлар тизимидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада оширишга йўналтирилган «Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз!» ижодий ишлар танлови ташкил этилди.
Танловнинг республика босқичида ўқувчилар кўтаринки руҳда қатнашдилар. Уларнинг барчаси бироз ҳаяжонда бўлса-да, ҳаракатларида дадиллик, журъат, қатъият зуҳур эди.
Ватан, ватанпарварлик. Бу икки сўз замирида бутун бир юрт, эл тақдири ётади. Бир инсоннинг ватанпарварлиги ҳам бутун бир мамлакатга катта наф келтириши мумкин. Буни ўз жонидан кечиб, душманни чўл сари бошлаган ва бир ўзи мағлуб қилган Широқ, ёвга бош эгмай мардона курашган Жалолиддин Мангуберди каби мард боболаримиз жасорати мисолида кўрамиз. Оиласи, ота-бобосига эҳтиром кўрсатадиган, киндик қони тўкилган жойни муқаддас санайдиган, ўз сўзига эга йигитларни чин ватанпарварлар дея оламиз. Бу туйғу кишига ёшлигидан уйида ва таълим масканида олган илми, тарбияси билан сингдирилади. Ватандан айро бўлган кишини эса, асло бахтли, деб бўлмайди. Севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг шундай сатрлари бор:
Ватандан айри кўнгилни
билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни
чамансиз сайратиб бўлмас.
Демак, Ватанда яшаш, унинг мусаффо ҳавосидан нафас олиш – энг катта саодат! Ўз ватанида яйраб яшаётган, «Темурбеклар мактаби»дек даргоҳда таҳсил олиб, ўз юртига хизмат қилишни олий саодат деб биладиган, нигоҳлари ўткир, кўзлари ёниб турган бу ёшларнинг иншоларида Ватан, унинг дадил одимлари ўз ифодасини топган. Уларнинг дилидаги бахтиёрлик туйғулари, руҳиятидаги кечинмалари боғдаги булбулнинг навоси каби эмин-эркин қоғозга тўкилган.
Шунингдек, ушбу битикларда танловни ўтказиш жараёнидаги унутилмас маданий тадбирлар ва саёҳатлар, академиклар ҳамда илм-фан арбоблари маърузаларидаги тилга олинган мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар моҳияти ҳам акс этган.
Ҳа, бугунги ёшлар том маънода бахтиёр авлоддир! Ўқиши ва илм олишлари учун барча шароитлар яратилган. Улардан фақат ҳаракат ва изланиш талаб этилади, холос. Иншо ёзган йигитлар буни ҳам теран ҳис этган ҳолда, «Шундай Ватанда яшаб, таҳсил олаётган мен БАХТИЁР бўлмай ким бахтиёр бўлсин?!» дея дил туғёнларини қаламга олишди.
Тадбирда ижодий ишларни баҳолаш осон бўлмагани, чунки қайси иншо мазмунли ва ўзига хос тарзда ёзилгани, сирасини айтганда, ҳар бири ўзига хос дилнома бўлганлиги таъкидланди. Бироқ танловнинг ўз Низоми бор, унга кўра, ғолибларни аниқлаш лозим. Шу ўринда совринли ўринларни эгаллаганларни ҳам, эгалламаганларни ҳам ғолиб, десак, хато бўлмайди. Бинобарин, ўзини Ватан равнақи ва ҳимоясига дахлдор деб билганларнинг барчаси бирдек ғолиб саналиши, улар тенгқурлари орасида етакчи, илғор ва сардор бўлиб, том маънода Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга қодир авлод экани эътироф этилди.
Ҳакамлар ҳайъати раиси, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов танловнинг якуний босқичи ҳақида сўз юритиб, иншоларда ёшларга берилаётган эътибор, ўз навбатида, мард ўғлонларнинг мамлакат эртанги кунига дахлдорлиги, бурчга содиқлиги, ватанпарварлиги бўй кўрсатиб турганини, иншолар белгиланган рақамлар асосида шаффоф ва адолатли баҳоланганини қайд этди.
Ниҳоят, ҳаяжонли дақиқалар етиб келди. Ғолибларга мукофотлар тантанали равишда топширилди. Барча иштирокчиларга Президент совғаси – ноутбук, диплом ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг биринчи ўрин соҳибларига 30 миллион, иккинчи ўрин соҳибларига 20 миллион, учинчи ўрин соҳибларига 10 миллион сўмдан пул мукофотлари берилди. Танлов иштирокчиларидан яна бир нечтаси турли номинациялар бўйича тақдирланиб, уларга ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан замонавий смартфонлар топширилди.
Иштирокчилар ўз миннатдорликларини ҳаяжон билан тилга оларкан, сўзлари сўнггида юракларни ҳапқиртирадиган бир гап такрор ва такрор янгради:
«Ўзбекистон Республикасига, халқимга ва Президентимга садоқат билан хизмат қиламан!»
Шу ўринда бундай ёшларга илм бераётган, тарбиялаётган устозлар ҳақида ҳам икки оғиз сўз. Шоир айтганидек:
Устоз кўрган зотлар ишга омилдир,
Заковат аҳлига бу сўз шомилдир,
Устознинг авлоси пири комилдир,
Дилда баҳор бўлмас, устоз бўлмаса.
Ёшлар камолотида ота-оналардан ташқари, устозларнинг ҳам ўрни бўлакча. Ўғил-қизларнинг қўлига қалам тутқазган, ҳарф танитган, ўқитган, ҳунар ўргатган, йўл-йўриқ кўрсатган бу – устозлардир! Ҳар қандай ютуқ замирида уларнинг машаққатли меҳнатлари ва дуолари ётади. Шогирдининг зиғирдек ютуғидан ҳам қувонади, уни янги-янги марралар сари руҳлантиради.
Танлов иштирокчилари республика босқичига етиб келишида ҳам устозларининг хизматлари катта бўлди. Бу ҳам алоҳида эътиборга олиниб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан биринчи ўрин соҳиблари устозларига 15 миллион, иккинчи ўрин соҳиблари устозларига 10 миллион, учинчи ўрин соҳиблари устозларига 5 миллион сўмдан пул мукофотлари тақдим этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар обод элнинг бахтиёр ёшлари бор экан, юрт келажаги ишончли қўлларда бўлажагини айтиб ўтишди. Бу каби танловлар уларни янада руҳлантириши, сидқидилдан ўқиб, пухта билим ва фойдали касб-ҳунар ўрганишларида дастуриламал бўлишини алоҳида таъкидлашди.
Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»
