Жиззахлик Сардор Тўрақулов Қрим Федерал университети қошидаги тиббиёт академиясини тамомлаган. Кейинчалик Россиянинг Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида клиник ординатура бўйича таҳсил олган. Ординатурани тамомлагач, 2021 йил июнь ойидан Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Жиззах филиалида иш бошлади.
– Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги маркази кардиохирургия соҳасида дунёнинг энг йирик илмий муассасаларидан бири ҳисобланади, – дейди Сардор Тўрақулов. – Марказ очиқ юракда ўтказиладиган операциялар сони бўйича ҳам европада етакчи ўринни эгаллайди. Мен марказда кардиохирургия сир-асрорларини ўргандим. Ўқишни тамомлаганимдан сўнг ушбу марказда ишлашни таклиф этишди. Бир неча кун иккиланиб юрдим. Охир-оқибат Ватанимга қайтиб, олган билимларимни халқимиз саломатлиги йўлида сарфлашга қарор қилдим. Ўтган қисқа давр мобайнида юздан ортиқ мураккаб кардиожарроҳлик амалиётларида иштирок этдим.
Фарудун Тўраев ҳам Россиянинг Бакулев номидаги юрак-қон томир касалликлари жарроҳлик марказида кардиоанестезиология ва реанимация йўналишида ординатурада ўқиган. Сўнг мазкур марказда ишлаб, тажриба орттирган.
– Россиядаги фаолиятим давомида юрак-қон томир тизимидаги деярли барча операцияларда иштирок этдим, – дейди Фарудун Тўраев. – Россияда мени ҳамма нарса қониқтирарди. Кунларнинг бирида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалида янги очилган кардиохирургия бўлимида ишлаш таклифи тушди. Аслида бу соҳани танлашим, хорижда таҳсил олиб, билимни оширишдан мақсад ҳам халқимиз саломатлигига кўпроқ ҳисса қўшиш эди. Шунинг учун ҳеч иккиланмай Ватанга қайтдим.
Фарудун суҳбат давомида Ўзбекистонда кардиохирургия соҳасидаги имкониятлар Россиядагидан кам эмаслиги, аксинча, бу йўналиш жадал ривожланаётганини таъкидлади.
– Кардиохирургия юқори технологик жараён. Шунинг учун Ўзбекистонда бунга мос шарт-шароит бормикан, деб ўйлаганим ҳам рост, – дея сўзида давом этди шифокор. – Жиззахдаги биринчи иш кунимдаёқ шунга амин бўлдимки, бу ерда яратилган шароитлар, тиббий жиҳозлар аъло даражада экан. Филиалда иш бошлаганимдан буён тўқсондан ортиқ операцияда қатнашдим. Устоз шифокорлар кўмагида тажрибамни янада оширяпман.
Кейинги йилларда юрак қон-томир, хусусан, миокард инфаркти хасталиклари кўпайиши аҳоли орасида ногиронликка чалиниш ва ўлимнинг асосий сабабларидан бири бўлмоқда. Статистик маълумотларга кўра, юрак- қон томир касаллигига чалиниш бўйича Жиззах вилояти мамлакатимизда олдинги ўринларда туради. Шунинг учун ўтган йиллар давомида вилоят кардиология бўлими фаолиятини кенгайтириш, юрак-қон томир касаллигига чалинганларга ўз вақтида ва самарали ёрдам кўрсатиш энг долзарб муаммолардан бири бўлиб келаётган эди.
Давлатимиз раҳбари 2018 йил март ойида вилоятга қилган ташрифи чоғида республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Жиззах филиалини ташкил этиш тўғрисида топшириқ берган эди. Шундан сўнг қисқа фурсатда республика кардиология марказининг Жиззах филиали учун уч қаватли замонавий бино қуриб битказилди.
Тиббиёт масаласига бағишланган видеоселектор йиғилишида пойтахтда жойлашган ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказларининг ҳудудлардаги филиалларига ёрдам кўрсатувчи мобил гуруҳларни ташкил этиш, маҳорат дарслари ўтказиш бўйича топшириқ ва тавсиялар бугун ўз самарасини бераётир.
Ушбу топшириқ бўйича Жиззахдаги филиалда 100 нафарга яқин беморда юрак тож томирларида коронароангиография, 30 нафарга яқин беморда юрак тож томирига стенд ўрнатиш жарроҳлиги муваффақиятли амалга оширилди.
Ҳозир кунда муассасада стационар даволаниш ва диагностика учун барча шароитлар мавжуд. Беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 6 ўринли кардиореанимация бўлими фаолият кўрсатмоқда. Натижада ҳудуд аҳолисининг даволаниш учун пойтахтга боришига деярли ҳожат қолмади. Филиалда 2019 йил 56 нафар ходим фаолият юритган бўлса, 2021 йилда уларнинг сони 170 нафарни ташкил этди. Шундан 2 нафари тиббиёт фанлари доктори, 4 нафари эса хорижда таҳсил олган шифокорлардир.
Таъкидлаш жоизки, филиалда марказнинг етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда илк марта юрак блокадасида электростимулятор ўрнатиш амалиёти муваффақиятли бажарилди ва бу вилоят шароитида эришилган навбатдаги катта ютуқ бўлди.
Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«Ishonch»
