Бош қомусимиз – Конституциямизнинг 13-моддасида Ўзбекистонда демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши қайд этилган. 48-моддада эса, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканликлари белгилаб қўйилган.
Зеро, қонунларга сўзсиз итоат этиш ва қатъий ички маданиятга эга бўлиш ҳар бир фуқаронинг конституциявий бурчидир. Ўзида ҳуқуқий маданиятни шакллантириб, унга амал қилган фуқаро жамият фаровонлигига салмоқли ҳисса қўшади. Бироқ бу маданиятга эришиш ундан ҳуқуқий саводхонликни, мамлакатимизда жорий этилган қонунлар ва қонуности ҳужжатларидан хабардор бўлишни тақозо этади. Жумладан, юртимизда яшовчи ҳар бир шахс умуммиллий бойлигимиз ҳисобланган ҳамда давлат томонидан муҳофаза қилинадиган ер ва ундан фойдаланиш қоидаларини, ер майдонларига бўлган эгалик, фойдаланиш ва ижара ҳуқуқлари қандай вужудга келишини ҳам билиши зарур. Янада аниқроғи, халқимиз ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси саналмиш она заминдан оқилона фойдаланиши шарт. Ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, уларда ноқонуний қурилмалар барпо этиш эса ер муносабатларини тартибга солувчи қонун нормалари талабларига зиддир.
Бу қонун-қоидалар Фуқаролик кодексининг 212-моддаси биринчи қисмида ҳам ўз ифодасини топган. Унга кўра, қонунан қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек, иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда барпо этилган уй-жой, бошқа бино-иншоот ёки кўчмас мулк ўзбошимчалик билан тикланган иморат ҳисобланади. Шу модданинг учинчи қисмига биноан, ўзбошимчалик билан иморат қуриш туфайли ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай бино суд қарори асосида уни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.
Ер кодексининг 40-моддаси, биринчи қисми 11-бандига мувофиқ, ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори ерларни ўзбошимчалик билан эгаллашга ва (ёки) ўзбошимчалик билан қурилиш қилишга йўл қўймаслиги, шунингдек, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасидаги қонунга хилоф қурилишни тўхтатиб туриш чораларини кўриши шарт. Ушбу кодекснинг 91-моддасига мувофиқ, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтдаги сарф-харажатлар қопланмаган ҳолда тегишлилигига кўра қайтарилади.
Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, хусусан, ундаги иморатларни бузиш бу майдонларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси унинг эгасига, фойдаланувчисига, ижарачисига ёки мулкдорига тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарори ёки суднинг ҳал қилув қарори билан қайтарилади. Ушбу кодекснинг 911-моддасига асосан ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмайди (қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).
Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш учун ажратилмаган ер участкасида қонунга хилоф қурилиш объектини барпо этган шахслар инсофли мулкдор деб тан олинмайди.
Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларидаги қонунга зид равишда қурилган объектларни сув таъминоти, оқова сув, электр, иссиқлик энергияси ва газ тармоқларига улаш тақиқланади.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017 йил 5 июлда Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлаш ҳамда бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган бўлиб, унда ҳам ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларини тегишлилигига кўра қайтариш, ер участкасини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, ундаги иморатларни бузиш юқорида айтилган тартибларда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Шу муносабат билан ваколатли идора ва ташкилотларга айни шу турдаги қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича судларга даъво киритиш ҳуқуқи берилган. Бунинг учун улар иқтисодий судларга мурожаат қилишлари лозим. Сўнгра шу асосда соҳада қонунийликни таъминлаш, ер майдонларининг ўзбошимчалик билан эгалланиши ва ноқонуний қурилмалар қурилишини бартараф этиш чоралари кўрилади. Натижада фуқаро ёки тадбиркор қонунларни билмаслиги ёки билатуриб амал қилмаслиги туфайли ҳар томонлама зарар кўради. Биринчидан, ноқонуний қурилмани қуриш учун сарфлаган маблағлари ҳавога совурилади, иккинчидан, бино-иншоотни ўз ҳисобидан бузиш ва аввалги ҳолатига келтириш учун қўшимча пул сарфлайди, учинчидан, иш судда кўриб чиқилгани учун давлат божини ҳам тўлайди. Демак, бундай ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларнинг хатти-ҳаракатлари жамиятдаги ҳуқуқий маданият ривожига таъсир кўрсатишидан ташқари, ўзлари учун ҳам сезиларли даражадаги талафотларни келтириб чиқаради.
Кўриб турганингиздек, ҳар бир фуқаро амалдаги қонунларга, жумладан, ер қонунчилиги талабларига ҳам қатъий риоя қилиб, бебаҳо бойлигимиз бўлмиш ер майдонлари ва уларнинг сақланиши учун жон куйдирса, соҳадаги қонунбузарликларни бартараф этиш чораларини кўрса, ўз конституциявий бурчини бажарган, жамиятда қонунийлик, ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий интизом янада мустаҳкамланишига баҳоли қудрат ҳисса қўшган бўлади.
Дармона ЭШИМБЕТОВА,
Тошкент туманлараро
иқтисодий суди судьяси
