Ўзбек футболининг 110 йиллиги олдидан
Жиззах шаҳрида ўзбек футболинниг 110 йиллиги муносабати билан футбол фестивали бўлиб ўтди.
Ўзбекистон футбол ассоцацияси, унинг фахрийлар кенгаши аъзолари ва таниқли футбол мутахассисларидан иборат меҳмонлар дастлаб Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.
Шунингдек, меҳмонлар футболимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшган жиззахлик фахрий спортчи Баҳром Сиддиқов хонадонида бўлишди. 85 ёшни қарши олган отахон билан суҳбатда футболимиз тарихи ёдга олинди.
Фестивал вилоят ҳокимлиги ва ЎФА вакиллари иштирокидаги анжуман билан давом этди. Унда вилоятда футболни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз борди. Жумладан, “Сўғдиёна” жамоаси ўтган йилги мавсумда суперлигада кумуш медалга эга бўлиши, “Сўғдиёна-W” аёллар жамоасининг Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритиши ҳамда “Хуахин-Жиззах” футзал жамоасининг мамлакат биринчилигидаги натижалари эътироф этилди.
Куннинг иккинчи ярмида ЎФА ҳамда Жиззах футболи фахрийлари ўртасида футбол мусобақаси бўлиб ўтди. Дўстона руҳда учрашув 3-3 ҳисобида дуранг натижа билан якунланди.
Футбол байрамининг иккинчи кунида режага мувофиқ, “Сўғдиёна” спорт мажмуасида ёш футболсеварлар билан учрашув бўлиб ўтди. Футбол фахрийлари оммавий спортнинг ривожи ҳақида сўзлаб, болажонларнинг зукколигини синовдан ўтказишди.
Тадбир доирасида Жиззах шаҳрида янгидан қад ростлаётган “Сўғдиёна” футбол академиясига пресс тур ташкил этилди. Унда масъуллар академия ҳақидаги батафсил маълумотлар беришди. Мазкур академия жорий йилнинг ноябрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Футбол фестивали “Сўғдиёна” ўйингоҳида ўтган катта байрам дастурига уланди. Фахрий футболчилар эсдалик совғалари билан тақдирланиб, уларга Ўзбекистон футболининг 110 йиллиги кўкрак нишони топширилди.
Таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури байрамга ўзгача шукуҳ, ўзгача кайфият улашди.
Муқимбой ИСМОИЛОВ,
“ISHONCH”



