Молия вазирлиги эътиборига
Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг биринчи босқичи ўз ниҳоясига етди. Илгари сурилган таклифларнинг сараги-саракка, пучаги-пучакка ажратилди. Хуллас, ғалвир сувдан кўтарилди. Аммо…
Республикамизда қанчадан-қанча таъмирга муҳтож йўллар, қишлоғу овуллар, нураб кетган мактабу боғчалар бор. Лекин улар кўздан панада. Аслида, бюджет маблағи ҳисобидан энг аввало ана шундай масканлар таъмирланиши керак. Бироқ улар етарлича овоз тўплай олмаяпти. Бунинг ҳам объектив, ҳам субъектив сабаблари бор, албатта. Масалан, қайсидир ҳудудда аҳоли бошқа жойга нисбатан кам яшайди ёки қайсидир масканда интернет йўқ.
Дейлик, Қашқадарё вилоятининг олис бир қишлоғидаги мактаб таъмирга муҳтож. Бахтга қарши, у ерда бор-йўғи минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Шу вилоятнинг бошқа туманидаги мактабнинг аҳволи гарчи биринчисидан анча яхши бўлса-да, аҳоли сони кўп бўлгани боис ютиб кетади. «Ташаббусли бюджет»га юборилган лойиҳалар сараланаётганда масаланинг шу томонлари ҳам инобатга олинадими?
Яқинда таҳририятимизга Жиззах вилояти, Фориш тумани, «Қоробдол ота» МФЙдаги 68-умумтаълим мактабининг «Ойтамғали» филиали директори Шавкат Унғаловдан хат келди. Унинг ёзишича, маҳалла фуқаролар йиғинида 600 нафардан ошиқроқ киши истиқомат қилар экан. Бошланғич синфлар учун 60 ўринга мўлжалланган мактаб таъмирига тахминан 600-700 миллион сўм миқдорида маблағ керак. Маҳалла аҳли ушбу таълим даргоҳини таъмирлаш учун «Ташаббусли бюджет» лойиҳасида қатнашган. Аммо етарлича овоз тўплай олмаган. Ахир бор-йўғи 600 нафар аҳоли яшайдиган бу ҳудуддан қандай қилиб етарлича овоз йиғиш мумкин?
Хўш, «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг биринчи мавсумида ғолиб бўлолмаган мазкур таклиф иккинчи мавсумда ҳам қатнашса-ю, унда ҳам етарлича овоз йиға олмаса, қишлоқ аҳли дардини кимга айтсин?
