Тунов куни автобусга чиқдим. Лиқ тўла уловда жой танқис эди. Фақат бир одам ёлғиз ўтирибди. Ўриндиқнинг бир ёнида дўппайган бўғчаси. Аста ёнига яқинлашдим. Биродар қизарди, бўзарди. Бўғчасини нари-бери қимирлатди ва охир тилга кирди.
– Узр, оғайни, – деди. – Юким оғир эди. Аммо…
«Нега?» дегандек сўзсиз тикилдим.
– Бу нон, ерга қўйиб бўлмайди, – деди қизариб. – Тўнғичимиз «репетитор»га кетган. Онаси бир тандир нон ёпиб, болани кўриб келинг, деди. Шунга кетяпман.
Суҳбат қовушиб кетди. Во ажаб, ҳамма шаҳарга репетиторга қатнаса, оғайнимизнинг ўғли Қўшработдаги Қийқим деган қишлоққа борганмиш.
– Репетиторнинг зўри ўша ёқда-да, – деди Биродар. – Ўтган йили тайёрлаган болаларининг 95 фоизи ўқишга кирган. Эллик фоиз шогирдлари бюджетда ўқиётганмиш. Бизнинг мактабдан ҳам ўн беш чоғли битирувчи ўша ёқда тайёрланяпти. Муаллимларидан оқ фотиҳа олиб, биз ҳам ўғлимизни қўйдик. Ҳамсояларнинг болалари билан илм оламига шўнғиб кетди. Омади чопиб ўқишга кириб кетса, ҳаммамизнинг, қолаверса, мактабимизнинг обрўси-да…
Қизиқишим ортиб, Биродар билан Қийқимга йўл олдим. Қани кўрайлик-чи, бу мақтаган репетиторларини?..
Бордиму, бу қишлоқнинг одамларига тасаннолар айтиб юбордим. Арзимаган ижара ҳақи эвазига болаларга уйларини бўшатиб берибди. Ўғил болаларга алоҳида, қиз болаларга алоҳида шароит. Қанча хонадон шундан наф кўряпти экан.
Ҳаммасидан ҳам устозларига тан бердим. Ўта билимдон. Китобдаги бор нарсани буклаб, миянинг тўрига жойлаб қўярмиш. Ана билим, ана маҳорат! Ҳавасим келди… Юзга яқин ўқувчини бир йилда таппа-тахт саводли қилишнинг ўзи бўладими ахир…
Шаҳарни-ку қўя турайлик. Ҳар битта туманда Қийқимга ўхшаган тўртта қишлоқ, 12 та билимдон бўлса кифоя экан-да? А, лаббай. Муаллимлар 11-синфнинг қолган ўқувчиларини бир амаллаб битиртириб берса бўлди-да…
Бу гапларим мактабларнинг рейтингини саккизта индикатор бўйича баҳолашга на ҳожат деган ўйда юрганлар учун бир писанда.
Гапнинг ростини айтганда, тизимда ислоҳотлар шитоб билан тус олганига анча вақт бўлди. Аммо, афсуски, кўплаб мактабларда индикаторлар бўйича тизимли ишлаш ўрнига «отингни сот, молингни сот, рейтингни кўтар» қабилида иш юритиляпти.
Бу борада қаттиқ изланаётганлар ҳам бор экан. Мана Пайариқ туманидаги 49-мактаб. Ҳеч бир ўқувчиси олийгоҳларга киролмай юрган чоғлар ҳам бўлди. Аммо аҳволни ўнглашди. Баҳамжиҳат тер тўкилди. Ҳозирги кунда бу таълим даргоҳи олийгоҳга кириш бўйича 45,5 фоизлик натижага эришган.
Самарқанд шаҳридаги 30-умумтаълим мактабида эса болалар репетиторсиз келажакка йўлланаяпти. Бу таълим муассасаларида асосий фанларга қўшимча дарслар белгиланган, холос. Натижа бор. Ўқувчиларнинг иссиқ уйлари совитилгани йўқ. Қанча излангиси келса, шунча шароит яратиб берилмоқда. Ҳеч ким сарсон-саргардон эмас.
Бугун репетитор кўмагида рейтингини яхшилаб турган мактаб эртага кимга суянади. Юзлаб мактабларда анъана тусини олган «репетитор» қўшиғига қачонгача жилпанглаб ўйнаймиз?
Ҳаммасидан ошиб тушгани шуки, баъзи таълим даргоҳларида репетиторга кетганларга баҳо қўйиб бериш мажбурланаётганига не дейсиз? Биттаси кўз ёш тўкиб юрибди. Сабоқ бермаган болага баҳо қўймайман, дея қилган ўжарлиги учун мактабдан қувилишига сал қолибди, бечора.
Илгари совхозларда йўқ одамга пул ёзиб олинарди. Буни ҳисобчилар тилида «ўлик жонлар» дейиларди. Бу услубнинг таълимда илдиз отгани эса ниҳоятда ачинарлидир.
Ҳолатдан хулоса мутасаддилар виждонига ҳавола. Биз бор-йўғи кўрганимизни ёздик. Яна таълимнинг ичида юрганлар буни яхшироқ билишади. Балки, улар биз англамаганларни тўлароқ тушунтириб берар…
Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»
