Темурми, темирми ёки тимур?

97

Қай бирининг ёзилиши тўғрироқ? Амир Темур деймиз ва барча манбаларда шундай ёзилган. Шу билан бирга, Темир исми ҳам кўп учрайди.
Умуман, Темур ёки Темир туркий халқлар ичида энг кўп тарқалган исмлардан бири. Ҳозирги ўзбек тилида кимёвий модда, маъданни – темир деймиз. Тоштемир, Жонтемир, Бектемир каби исмларда «темир» шакли мустаҳкам ўрнашган, яъни Тоштемур дейилмайди. Ўрни келиб қолди, мулоҳаза учун унинг тарихи ҳақида бир фикр юритайлик-чи…

Хоҳ маъдан, хоҳ атоқли от маъносида бўлсин, темир – турклар тарихида муҳим ўрин тутади. Буни қарангки, икки буюк тарихий шахс: Чингизхон (Тимужин) ва Темур ҳам туғилишдан шу ном соҳибларидир. Темир – бу мустаҳкамлик, чидамлилик, куч-­қудрат, ирода рамзи, шунингдек, қадимги турклар зеҳнияти, турмуш тарзи, мафкураларида марказий ўрин тутган бир унсур ҳам.
Маълумки, хунлардан то кўктуркларгача бўлган даврда Чин империяси (ҳозирги Хитой) билан бақамти яшаган қадимги туркларнинг аждодларига Хитой маданияти таъсир этмай қолмаган, албатта. Шу боис темир, кумуш, олтин каби маъданларнинг номлари ўрта чин (хитой) тилидан қадимги турк тилига ўзлашган. Кочо (Гаочан), Турфан ерларида яшаган қадимги туркий қабилалар темир қазиб олиш, унга ишлов беришни яхши билишган. Бизнингча, қадимги туркларнинг жанговар халқ бўлишида уларнинг темирчилик ҳунарлари ҳам муҳим роль ўйнаган. Дейлик, қадимги турклар темирни ўзларига «бўйсундириб», ундан қурол-яроғ ясашни билмаганларида, эҳтимол, Ашина қавми Турк хоқонлигига асос солмаган, турклар тарихда йирик давлатлар, империялар қура олмаган бўларди. Шу боис тарих китобларида Темур отлиқ тарихий шахс­лар кўп учрайди.
Тилшунос олим О.А.Мудракнинг ёзишича, «темир» сўзи этимологияси қадимги чинча «темир нарса» маъносидаги «diēt-mwɨt» калимасига бориб тақалиб, унинг туркчага ўтган эски хитойча шакли «diērmwur»дир. Ҳозирги хитой тилида эса «темир» – «tiě» деб талаффуз этилар экан.
Энг қадимги туркий обидаларда ҳам «темир» кўп учрайдиган сўзлардан бири. Қизиғи шундаки, VIII-X асрларга оид Ўрхун-Энасой, Турфан, Шарқий Туркистон ҳудудларида топилган ёдгорликларда бу сўз кўпроқ «темир» шаклида ёзилган. «Древнетюркский словарь» луғатида мазкур даврга оид қадимги туркий обидалардан: «темир», «темир асақ», «темирчи», «темирлиг», «темир қапиғ» каби ўнлаб сўзлар келтирилади.
X асрдан кейинги адабий ёдгорлик­ларда эса маъдан номи ҳам, атоқли от ҳам асосан «темур» шаклида қайд этилган. Хусусан, XI асрга оид «Қутадғу билиг» ва «Девону луғотит-­турк»да бу сўз – тӭмүр шаклида учрайди. Маҳмуд Кошғарий «Девон»да, шунинг­дек, «тӭмүрчї», «тӭмүрlүг», «тӭмүргäн» каби сўзларни келтиради ва барчасида «тӭмҮр» шакли сақланган. Рабғузий ҳам бу сўзни «темур» шаклида ёзган. Эргаш Фозиловнинг «Староузбекс­кий язык. Хорезмийские памятники XIV века» луғатида келтирилишича, XIV аср Хоразм адабий муҳитида ҳам бу сўз – «тәмүр» ҳамда «темүр» шаклларида қўлланган. Луғатда «Наҳжул-фародис» асаридан шундай мисол келтирилади: «нәтәк ким тәмурчиниң көрүки тәмүрнүң йаманларыны кетәрүр» («Темирчининг кураги темирнинг ёмонларини кураб ташлайди».
Оврўпалик миссионерлар томонидан XIII-XIV асрларда тузилган, асосан, қипчоқ лаҳжасини ўзида акс эттирган «Кодекс куманикус» луғатида бу сўз «temir» шаклида дарж этилган. Умуман, қипчоқ ва сибир лаҳжаларида бу сўзнинг «темир»га яқин талаффуз этилишини кўриш мумкин (татар, бошқирд: тимер; қозоқ, қорақалпоқ, нўғай: темир; тува: демир; ҳакас: timər, ёқут: timir; чуваш timər; мўғул: төмөр). Қарлуқ лаҳжаси, хусусан, уйғурча: тумур, эски ўзбек адабий тилида: темур; эски усмонли туркчасида: demur, аммо ҳозирги Туркия туркчасида: demir; озарбойжонча: dәmir; туркманча: demir ва ҳоказо.
Шунингдек, Темур исмини крилл ёзувида – «Тимур» (лотинда: «Timur») шаклида ёзиш анъанаси ҳам бор. Маълумки, Темур нафақат туркийлар, балки славян, шарқий Оврўпа халқлари, Кавказ, Эрон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, бир сўз билан айтганда, Евроосиё бўйлаб кенг тарқалган бир исмдир. Шу боис унинг «Тимур» шаклини қардош, қўшни халқлар ёзувларига ҳам мослашган, «байналмилаллашган» кўриниши, дейиш мумкин.
Шу ўринда Чингизхоннинг асл исми – Темужин ҳақида ҳам икки оғиз сўз: тарихдан маълумки, Ясугай Баҳодир татарлар бошчиси Темужин Уге устидан қозонилган ғалаба муносабати билан ўша пайтда туғилган тўнғич фарзандига шундай исм берган. «Темужин» исми ҳам «темир» маъносини билдиради, дейилади, аммо нега «тему-жин», яъни сўз охиридаги «-жин» («-чин») қандай маънога эга? Бизнингча, бу сўзнинг иккинчи қисми ҳам хитойча «металл» маъносидаги «jin» сўзидир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Х асрдан то кейинги асрларгача минтақамизда, Шарқий Туркистондан то Хоразмгача бўлган ерларда, биз эски ўзбек тили деб биладиган туркий адабий тилда маъдан маъносида ҳам, атоқли от маъносида ҳам «темур» шакли қўлланилган экан. Шимолий турк тили гуруҳлари, хусусан, қипчоқ, сибир лаҳжаларида эса кўпроқ «темир» шакли сақланган. Ҳозирги ўзбек тили қарлуқ, қипчоқ, ўғуз лаҳжаларини бирлаштирган адабий тил заминида майдонга келган. Шу боис тилимизда бу сўзнинг иккала шакли ҳам мавжуд ва иккиси ҳам бизга бегона эмас.

Абдувоҳид ҲАЙИТ,
филология фанлари номзоди