Ким билимли бўлса ўша одамдир!
Сайид Аъзим Ширвоний,
Озарбайжон маърифатпарвари
Тарих зарварақлари жуда кўплаб воқеликларга гувоҳ бўлиб келмоқда. Уларга назар ташлаганда Ватан учун курашлар, дунё тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилган янгиликлар, адабиёт, маданият, санъат ва инсон тараққиётига фидо умрлар, қўйингки, кенг жабҳани кўриш мумкин. Аммо улар орасида энг шарафли йўл бу Ватан учун кураш, унинг келажаги учун қайғуриб яшалган умр йўли эканлигини ортиқча таърифлашга ҳожат йўқ. Озарбайжон ва Ўзбекистон дўстлиги жуда қадим-қадимга – Алишер Навоий ва Низомий Ганжавий даврларига бориб тақалади. Навоийнинг Ганжавийни ўзига устоз деб билгани, унинг “Хамса”сидан илҳомланиб ва таъсирланиб беш достонини битганини мутафаккир шоиримиз ҳам асарларида ёзиб қолдирган.
Биз бугунги мақоламизда ҳозирги кунимизга унча олис бўлмаган 1800 йиллардан кейинги даврларга назар ташлаймиз. Озарбайжон ва Ўзбекистон адабиётида, таълим ва маорифида ўз даврининг уйғоқ зиёлиларини ўхшаш муаммолар: Ватан тақдиридан қайғуриш, халқнинг жоҳиллиги ва маърифатсизлиги, тараққиётдан ортда қолиши безовта қилганини кўришимиз мумкин. Хусусан, бу жиҳатларни 1835-1888 йилларда яшаган озар маърифатпарвари Саид Аъзим Ширвоний ва 1864-1940 йилларда яшаган файласуф, жадид, шифокор ва рассом Али бек Хусайнзодаларнинг маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий қарашлари ва ғоялари билан қай даражада ўхшашлигини уларнинг ҳаёт йўли орқали таҳлил қиламиз.
Асарлари давлат мулкига айланган маърифатпарвар
Сайид Аъзим Ширвоний номи бизга унчалик маълум бўлмаслиги мумкин. Аммо у Озарбайжон халқи учун табаррук сиймолардан бири. Ширвоний маърифатпарвар, педагог ва жадид олимлардан бўлган. У 1835 йил 9 июлда Озарбайжоннинг Шомахи шаҳридаги диндор оилада туғилган. Олий таълимни Ироқда олган. У ерда адабиёт, маданият ва илм ривожини кўриб, дунёқараши ўзгарган Ширвоний ватанига қайтгач, ёшларга замонавий билимларни ўргатувчи хусусий мактаб очган.
Озарбайжон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 майдаги эълон қилинган 211-сонли қарорига асосан, Сайид Аъзим Ширвоний асарлари Озарбайжон Республикасининг давлат мулки деб эълон қилинган. Озарбайжон адабиётшуноси Мовлуд Яраҳмедовнинг ёзишича, етти ёшида Ширвонийнинг отаси Сайид Муҳаммад вафот этади. Ўша пайтда Сайид Аъзимнинг она томондан Доғистоннинг Оқсой қишлоғида яшаган бобоси Мулла Ҳусайн қизи ва набирасини уйига олиб кетади. Ўз ўғли бўлмагани учун жажжи Аъзимга ўз фарзандидай муносабатда бўлиб, унга ғамхўрлик қилади, бошланғич таълим беради. Доғистонда ўн йилдан ортиқ яшаган Сайид Аъзим форс ва араб тилларини, шу билан бирга бир қанча доғистон тилларини ўрганади.
1853 йилда 18 ёшида онаси Гулсумхоним билан Шомахага қайтиб келади. 19 ёшида Машади Мовсумнинг қизи Жайрон хоним деган қизга уйланади. 1856 йилда уларнинг ўғли Сайид Аъзим Мир Жафар, кейинроқ яна икки қизи – Сайид Ҳажархоним ва Сайид Фатимахоним дунёга келади.
Ўша йилларда Озарбайжонда, жумладан, Шомаха туманида ҳам маданий-маърифий соҳада Шарқнинг диний марказларини зиёрат қилиш, маънавий таълим олиш, “Ҳожи” бўлиш анъанаси кучли эди. У 20 ёшида Ироққа боради. Бир неча йил Бағдодда бўлганидан сўнг Дамашққа кўчиб ўтади. Ватанига қайтиб, бир муддат Шомахада истиқомат қилган Сайид Аъзим яна иккинчи марта саёҳатга чиқади. Бу сафар Макка ва Мадина орқали Коҳирага (Миср) боради. Ёшлигида асосан диний илмларни ўрганган Сайид Аъзим кейинчалик бундан афсусланади. Сабаби у жамиятда диндорларнинг иккиюзламачалигига кўп бора гувоҳ бўлаётган, улар ўқиётган ваъзлар халқнинг маданиятини ошириш, тўғри яшаши учун тамал тоши бўлишдан кўра, қолоқликка тортаётганини тушунади. Шу боис у кейинчалик диний таълим олишдан бутунлай воз кечиб, ўзини Шуша, Нуха, Боку, Ганжа, Нахчиван ва Шомаха шаҳарларида янги типдаги мактаблар очишга, у ерда болаларга замонавий билимлар беришга бағишлайди.
Бу мактабларда озарбайжон, араб, форс ва рус тиллари ўқитилган. Хусусан, 1869-1870 йилларда Шомахида “Мажлис” номли янги мактаб очилганида у ерда маҳаллий ўқувчилар озарбайжон, рус, форс тилларини ўрганиш билан бирга, замонавий фанлар ҳақида дастлабки маълумотларга ҳам эга бўладилар.
Албатта унинг ҳаёти силлиқ кечмади. Асосан ўзини халқнинг онгини уйғотиш, хориж мамлакатларида илмга иштиёқ кучлилигини тарғиб қилиш орқали юртдошларининг қарашларини ўзгартирмоқчи бўлаётганини ўша давр дин пешволари яхши қабул қилмади. Шу боис у турли фитна-фасодлар таъсирида маълум бир вақт муаллимликдан четлаштирилди ҳам. Аммо барибир унинг илм-зиёга бўлган кучли истаги замирида халқни чароғон ҳаётга олиб чиқиш хоҳиши борлигини борлигини англаб етишади. Ширвоний ўзининг моҳир педагоглик фаолияти давомида турли моддий ва маънавий қийинчиликларга қарамай 18 йилдан ошиқ педагоглик қилди ва мактаб учун илк дарсликлар яратади. Бу хизматлари эвазига таълим фидойиси сифатида 1888 йилда “Меҳнатсеварлиги учун!” кумуш медали билан тақдирланади. Ўзининг шеърлари ва дарслик китобини “Ҳожи Сайид Аъзим Ширвонийнинг тўплам асарлари” номи остида чоп этади. Кейинчалик туман ва шаҳар мактабларида ҳам жадид олимнинг китобидан асосий дарслик сифатида фойдаланилган. У шоир сифатида Фузулий ижод йўлини давом эттиради ва турли адабий манбаалардан таржималар қилиш билан бирга, ўзи ҳам ўткир сатирик асарлар яратади. Асарларида ўз даври одамларининг қолоқликка олиб бораётган ҳатти-ҳаракатлари устидан кулади. Олим кейинчалик яна бир дарслик “Тажул-кутуб”ни яратади. Бу тўпламга ҳам унинг бадиий ижод намуналари киритилади.
Халқнинг тараққиёти, унинг маънавий озодлиги ҳақида қайғурган Сайид Аъзим ўз юртида биринчилардан бўлиб рус-озарбайжон мактабларини очган инсон сифатида тарихга муҳрланади. Бу мактабларда дунёвий илмлар, шунингдек, озарбайжон ва рус тилларини ўрганишга катта эътибор берилгани миллатни уйғотиш борасидаги улкан маърифий ҳаракат сифатида баҳоланади.
Унинг ўлими ҳақидаги саналар бироз баҳсли бўлса-да, Ширвоний 1888 йил 20 майда ўз юрти – Шомахада вафот этган деб кўрсатилади. Шоир ўзи туғилиб ўсган Шомаха туманидаги Шаҳандон қабристонига дафн қилишларини васият қилган ва ўша ерга дафн этилган. Унинг вафотидан кейин ишларини фарзандлари давом эттиради. 1920 йилгача унинг бешта асари маълум бўлган, аммо кейинроқ фанда Ширвоний ижоди, ҳаёт йўли ўрганилгач унинг яна бошқа ижодий ишлари ҳам юзага чиқади ва улар кетма-кет хорижий тилларга таржима қилина бошлайди.
Ширвоний ижодидаги қадриятларнинг олий ўлчови маърифат онгидир. Таълим инсоннинг маънавий дунёқарашини ўзгартириши керак, хусусан, инсон учун ирқ ёки диндан кўра гуманистик қадриятлар билан танишиш кўпроқ нарсани англатади, дейди Ширвоний. Унинг машҳур гапи қуйидагича:
“Одамнинг дини, ирқи аҳамиятсиз. Ким билимли бўлса, ўша одамдир!”
Али бек Ҳусайнзода – Озарбайжон миллий байроғи рангларини тақдим қилган маърифатпарвар
Яна шундай Озарбайжон жадидларидан бири Али бек Ҳусайнзода бўлиб, у 1864 йилда Саляни шаҳрида диндор оилада туғилган. Илк таълимни Тбилисидаги мусулмон диний мактабида олади. 1889 йилда Санк Петербург университетини тамомлагач Истамбулга тиббиёт бўйича таҳсил олишга кетади. Таҳсили тугагач у Усмонийлар армиясида ҳарбий врач бўлиб ишлайди. Туркиядаги партиялардан бирида фаоллик кўрсатган ёшлардан бўлади. Бу йиллар унинг дунёқарашида бутунлай туб бурилиш ясади. 1903 йил Бокуга қайтиб келганида Туркиядаги маданий ҳаётни бу ерда ҳам уйғотишни хоҳлайди. “Ҳаёт” деб номланган газетани чоп этади, кейинроқ эса “Каспий” деб номланган рўзномага бош муҳаррирлик қилади. Ўзининг муҳаррирлигида чоп этилган мақолаларда жамиятдаги иллатларни аёвсиз танқид қилади, ёшларни, аҳолини билим олишга, тил ўрганишга чорлайди. Диний ҳурофотлардан воз кечишга, жамиятнинг бой шахсларини ёшларни хорижга ўқишга юборишга ва Озарбайжонни кўпроқ тараққий топтиришга ҳисса қўшишга чақиради.
Али бек Ҳусайнзода моҳир тиббиёт билимдони, маърифатпарвар жадидлардан бири бўлиши билан бирга, истеъдодли рассом ҳам бўлган. Унинг расмлари хусусий устахонаси ва Озарбайжондаги давлат музейларида сақланади. Али бек Хусайнзода 1908 йилда биринчи Озрабайжон операси – “Лайли ва Мажнун”ни саҳнага олиб чиққанида ўзининг рассомлик маҳоратини зални безаш жараёнларида намойиш этганди. Унинг бир қанча асарлари ранг-тасвирнинг барча йўналишларида ҳам моҳирлик билан қалам сура олганини англатади. Айниқса, тарихга муҳрланган ҳақиқат шуки, у уч рангдан иборат Озарбайжон демократик республикаси миллий байроғининг муаллифи сифатида ҳам ўз номини тарихга муҳрлаган.
Икки эл аро ўхшаш муаммо ва юракдаги ўхшаш туйғулар ….
Озарбайжон жадидларининг ҳаёт йўли билан танишиб, кўз ўнгимдан Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Чўлпон, Фитрат каби маърифатпарварларимизнинг шууримизда из қолдирган ҳаёт йўли кўз ўнгимда гавдаланди. Ёдингизда бўлса, Беҳбудий ҳам 1899-1900 йилларда Арабистон, Миср, Туркия каби давлатларда саёҳатда бўлиб, у ердаги одамларнинг билимга интилишидан, аёлларга бўлган юксак муносабати, маданиятидан ҳайратга тушади. Юртимизга келгач, анчадан буён ўйлаб юргани – дунё илмларини ўргатувчи (усули жадид) мактабларини очиш фикри янада мустаҳкамланади. 1903-1904 йилларда эса татар ва рус зиёлилари билан алоқани йўлга қўйиб янги мактаблар учун дарсликлар тузишга киришади. Бу жиҳатдан унинг ҳаракатлари, халқни қолоқликдан илм-маърифат орқали чиқаришга бўлган уринишлари Озарбайжон маърифатпарвари Сайид Аъзим Ширвоний сиймосига руҳан жуда яқин, ҳаттоки бир хил дейиш мумкин.
Беҳбудий 1911 йилда “Падаркуш” драмасини ёзишга киришганини, бу биринчи ўзбек драмаси бўлганини ёдга олсак, атиги уч йил олдин Озарбайжонлик замондоши Али бек Ҳусайнзода 1908 йилда биринчи Озрабайжон операси – “Лайли ва Мажнун”ни саҳнага олиб чиққан. Беҳбудийнинг драмаси айрим сабабларга кўра 1914 йилдагина Самарқанд саҳнасида қўйилади. Сабаби унинг Чор Россияси цензурасидан ўтиши бироз чўзилади ва турли тўсиқлар бўлгани, муаллиф шу тўсиқларни айланиб ўтиш учун драмани “Бородино жанги ва Русиянинг французлар босқинидан халос бўлишининг 100 йиллик юбилей санасига бағишланади” деган важни кўрсатган ҳолда намойиш этади.
Бир сўз билан айтганда Ширвонийнинг “Ҳаёт” газетаси Озарбайжонда уйғониш ҳаракатларига катта туртки бўлган бўлса, Беҳбудийнинг “Падаркуш”драмаси ҳам жанр ва мазмун жиҳатидан ўзбек адабиётида янги даврни бошлаб, халқни уйғонишга чорлаган асарлардан бўлди. Драма Тошкентда 1914 йил 27 февралда Авлоний томонидан қайта саҳналаштирилди. Бундан ташқари Беҳбудий “Самарқанд” газетасини чиқарди. Газета ўзбек ва тожик тилларида, ҳафтада икки марта чоп этилгач, 45 сони эълон қилингач моддий танқислик туфайли нашрдан тўхтади. Шунга қарамасдан изланишда давом этиб, шу йилнинг ўзида “Ойна” журналини чиқара бошлади.
Кейинчалик Беҳбудий иккинчи бор Араб мамлакатларига саёҳатга чиқади. Саёҳати давомида Чор Россиясининг бир қанча давлатларида ҳам бўлади, қайтишда Истамбулга киради. Йўл-йўлакай Исмоилбек Гаспиринский билан ҳам учрашади. Сўнг Қуддус, Байрут, Ёфа, Халил ар-Раҳмон, Шом шаҳарларида бўлади. У қаерда бўлмасин, шаҳарнинг тарихи, у ердан чиққан алломалар билан қизиқади. Таассуротларини мунтазам “Ойна” журналида чоп этиб боради.
Турли-туман миллатлар, уларнинг урф-одатлари, турмуш маданияти билан қизиқади. Айниқса, дин, эътиқод масалаларига катта аҳамият беради. «Ойна» журналида миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқига, тарихига, тил ва адабиёт масалаларига, дунёвий аҳволига доир қизиқарли мақолалар, баҳслар бериб боради. Беҳбудий миллатнинг тараққийси учун ҳудди Озарбайжон маърифатпарварлари Сайид Аъзим Ширвоний ва Али бек Ҳусайнзода каби бир неча тил билишни шарт ҳисоблаган. “Ойна” журналининг биринчи сонидаёқ «Икки эмас, тўрт тил лозим», деган мақоласи ҳанузгача ўзбек публицистикасида услуб ва мазмун жиҳатидан ҳам ўрганиб келинаётгани ва бугунги даврда ҳам аҳамиятини йўқотмагани Беҳбудийнинг ўз даври алломаси бўлганидан дарак беради.
Ўрганишлар, кузатувлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, ўзбек ва озар халқининг ўтмишида, зиёлиларни қийнаган муаммолар ҳам бир – бирига ўхшаш. Бу биз тилга олган 1800-1900 йиллардаги жараёнларда янада яққол намоён бўлади. Икки давлат маърифатпарварлари ҳам Араб давлатлари, Туркия сафарларида мусулмон ўлкалардаги маданиятдан ҳайратга тушган, уни ўз ўлкасига олиб келишга интилган ва маълум маънода бунга эришганлар. Улардаги бизга намуна бўла оладиган энг буюк ўхшашлик шуки, уларнинг ҳар бирининг қалбидаги Ватанпарварлик туйғуси чек-чегарасиз кучли бўлганидир. Ана шу юксак туйғу уларни ҳар жиҳатдан бир-бирига ўхшатади. Юртдошларида инсонийликнинг энг асосий сифатларини уйғотиш учун жон койитишга, изланишга, ўрганишга умрини бахшида этишга даъват этади. Шу жиҳатдан уларни бугунги ривожланган давримиз асосчилари, десак ҳеч қандай муболаға қилмаган бўламиз. Улар бизни тараққиётга етаклаган маърифатпарварлар сифатида қалбимиздан чуқур жой олишга муносиб. Озар ва ўзбек халқи ҳам бундай буюк жадид боболарини нафақат миллат аждодлари сифатида, балки умумий бир туркий қавмнинг маърифатпарвар жадидлари сифатида ҳам ўрганишда давом этади, уларга ўзининг юксак ҳурматини билдиради. Асли бир ота-она ва ака-укалардан таралган аждодларимизнинг кучли Ватанпарварлиги бизга доим намуна ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Зебо НАМОЗОВА,
Ishonch.uz



