Муҳаммаджон Рафиқовнинг ёрқин хотирасига бағишланади

128

Мустақиллик йилларидан сўнг, буюк алломаларимизнинг ҳаёти ва босиб ўткан умр йўллари, улар қолдириб кетган боқий бебаҳо илмий, маданий бойликлар ва ҳамда меросни, инсон маънавий камолоти йўлида қўшган беназир ҳиссаларини тараннум этиш, театр ва кино санъати ижодкорларига ҳам жуда катта масъулият юклаганди.

Шундай асарлардан бири “Имом ал-Бухорий” асари, Садриддин Салим Бухорий муаллифлигидаги, режиссор Мақсуд Юнусов ишлаган мазкур асар, 1998-йилда видеофилм сифатида саҳна юзини кўрди. Бу тарихий биографик филмнинг бош роли, Имом ал-Бухорий образи, истеъдодли актёр, Бухоро фарзанди, Муҳаммад Рафиқов зиммасига тушкан эди. Чин маънода, унга насиб этган эди. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, актёр мана шу буюк зот сиймосини телевидения орқали гавдалантиришни кўп йиллар орзу қилган ва узоқ вақт ўзини ҳар томонлама мана шу образга тайёрлаб борган эди. Ҳазрат Имом ал-Бухорий, Ҳожа Аҳмад Яссавий, образларини яратсам деган гапларни у устозларига, шогирдларига, бот-бот такрорлар эди. Қуръони Каримнинг арабчасини қунт билан ўрганиб, “Ёсин” сураларини кино ишланиш жараёнида деярли ёд олган эди.

Доно халқимиз, яхши ният — ярим давлат, дейдилар. Актёрнинг, Имом ал-Бухорий ижросида ҳам мукаммаллик сари, иқтидорли қаҳрамоннинг зукко донишманд, Ҳазрат Исмоил ал-Бухорий ёрлақаган инсон эканлигини тажрибали актёр ўзининг ёрқин бўёқларида акс эттира олди. Образ яратишда кучли ички кечинмаларига асосланган катта ҳаракатлар жамланмасидан асосий қурол сифатида фойдаланди. Агар аҳамият бериб кузатган бўлсангиз, ушбу видеофилмнинг сюжети ва сценарийси, ғоятда мукаммал ёзилмаган бўлиши мумкин. Чиндан ҳам воқеалар, тарихий фактларга асосан, изоҳланган бўлишига қарамасдан, воқеалар орасида ўзаро боғлиқлик кўзга ташланмайди. Лекин, акйтор ўзининг маҳорати ила, саҳнадаги ижроси билан бу кемтикликни тўлдира олди. Натижада, экран орқали томошабин кўз олдида гавдаланган Имом Бухорийнинг руҳий кўринишини, ақл-заковатини яққол акс этиб турган кўзлари, ғоят доно фикрлари билан халқ кўнглига олиб кирди. Муҳими ҳам шу эди.

Айниқса, актёр ўз қаҳрамонининг муомала маданиятини шу қадар нафосат билан акс эттирдики, ҳақиқатдан ҳам унинг олийжаноб, маънавий баркамол ва авлиёсифат зот эканлигига ишонасан киши. Биз кўраётган қаҳрамонга овоз берган актёр Ғайбулла Ҳожиевнинг ҳам маҳоратига тасаннолар айтасан. Аммо, Ғайбулла Ҳожиев, Муҳаммад Рафиқов талқинидан келиб чиқиб, режиссор қарорига биноан, овоз берганлиги мухлисларга маълум бўлди. Лекин шу пайтда савол туғилади, Муҳаммад Рафиқов филмларидан кўнгли тўлмагани учун ўз қаҳрамонларига овоз бермаганми ёки овозлаштириш жараёнига Бухородан етиб келолмаганми? Яна бир савол, олинган кадрларга унинг овози тўғри келмаганми? Биз бу саволларга агар тақдимотни давом эттирсак, албатта жавоб топасиз. Имом Бухорий Муҳаммад Рафиқов атрофидаги инсонлар билан мулоқот қилиш жараёнида вужуди ва ҳаракатларини айтмаётган фикр ва унинг мақсади вазият талабига мувофиқ аниқ топа билган эдики, унинг ҳарактерларида ортиқчалик сезилмайди. Аксинча, актёрлик санъатининг барча ифода ва воситалари ўрнида қўлланилган.

Маҳоратли актёрнинг ўз юрти борасида билдирган кадрларида ҳаёлда акс этган, Она Ватани томон тикилиб турган кўзларида чуқур соғинч, меҳр ва ичикиш туйғусини яққол ҳис эттиради. Ўзи туғилиб ўсган гўшасини тилга олар экан юзлари ёришиб, яноқларида ним табассум пайдо бўлади. Аҳён-аҳёнда чуқур хўрсиниб, ичларида армон эмас, аксинча, ўз муқаддас тупроғини эслаётгани учун шукроналик шукуҳи мужассам бўлади. Авлиёсифат шахс туйғуларининг поклиги, мулоҳазакорлиги, бераётган тўғри маслаҳатлари билан кишилар дардига малҳам бўлади. Зеро, у ҳар доим инсонларни эзгуликка, меҳр-муҳаббатга даъват этади.

Муҳаммаджон Рафиқовни эслаб, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов шундай дейди:

-“Мен Муҳамаджон билан битта олийгоҳда ўқидим. У биздан икки курс тепада ўқиди. Бироқ, бир-биримиз билан жуда қадрдон эдик. У мени Эркинжон, мен эса, уни Маҳамаджон дердим. Ўқишни битириши билан дўстим, Ҳамза театрида ишда қолди. Ўша пайтларда, бу олий даргоҳда ишлаб қолиш, биз ёш санъаткорлар учун қўл етмас орзу эди. Муҳамаджон Рафиқовдаги туғма иқтидор, гўзал қадди қомат, ширали овоз, ўзига хос салобат уни шу даргоҳда ишлаб қолишига биринчи сабаб эди. Унга бу саҳнада устоз санъаткорлар Тошхўжа Хўжаевнинг меҳри тушиб қолганди. Шундай қилиб, Муҳаммаджон Рафиқов Ҳамза театрида ишлаб юрган кезларида оилавий шароит сабаб Бухорога кетиб қолди. Кейинчалик билсам, ҳаммасига унинг онасига бўлган фарзандлик ва ёлғиз ўғиллик меҳри сабаб бўлган экан. Йўллар ва йиллар бизни узоқлаштирмади. У тошкентга тез-тез келиб турар, келиши билан мени излаб топиб, дилдан суҳбатини канда қилмас эди. Бухорога йўлим тушса, албатта хабар топиб, бир сўлим гўшада ижод ва ҳаётдан мароқли суҳбатлар қурардик. У билан гаплашиш, суҳбатлашиш, айниқса, бир асар устида ижодий мулоқотда бўлиш ҳамиша ҳузур бағишлаган. Табиатан камтар, ўта маданиятли, оғир ва босиқлик, донишмандларча фикр юритиши ўзига кўрк бағишлаб турадиган дўстимнинг суҳбатларини ҳамон соғинаман, қўмсайман. Биз Муҳаммаджон Рафиқов билан катта-кичик асарларда турли образларни яратдик. Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Тохир Маликнинг “Шайтанат” асарининг саҳнадаги талқини кўп минг сонли томошобинлар олқишига сазовор бўлган. Мазкур асардаги табиб образи айниқса, жуда кўпчиликнинг меҳрини қозонди. Ёддан чиқмайдиган персонаж сифатида миллионлар эътиборига тушди. Бунга сабаб, актёр маҳорати ва ижродаги самимият деб ўйлайман.

Муҳаммаджон Рафиқов ўзига берилган ҳар қандай ролни маҳорат ва катта муҳаббат билан ижро этарди. Унинг ўша асар ичида яшай олиши, томошабинни ўзига сеҳрлаб олишдаги маҳорати ҳамиша мени ҳайратлантирган. Мен унинг тарихий шахслар образини яратишдаги масъулияти олдида доимо таъзимдаман. Жуда кўплаб актёрларнинг орзуси бўлган, Имом Бухорий образи ёки Соҳибқирон Амир Темур қиёфасини гавдалантиришни уддасидан чиқа олган Муҳаммаджон Рафиқов, бугун чинаккам маънода кино ва театр санъатимиз учун армонга айланди. У саҳнада пайдо бўлиши билан томошабинни ўзига сеҳрлаб олар эди. Ҳали сўзга оғиз жуфтламасидан, унинг кўзларидаги чуқур маъно ва теран нигоҳларидаги ажиб тафаккури, асар мақсади ва моҳиятини очиб беришга хизмат қила бошлар эди.

Муҳаммаджон Рафиқов менинг наздимда гўё саҳна учун дунёга келган ноёб иқтидор эди. У ҳар битта рольни маромига етказган.

Ал-Бухорий образига қўл уриш ҳар кимга ҳам насиб этмади. Муҳаммаджон Рафиқов беш вақт намозни канда қилмайдиган тақводор инсон эди. Доим дилида Аллоҳнинг зикри бўлган бу инсонга, шундай бир тарихий шахс, ҳадисшунос олим образини яратиш насиб этганди. Дўстларга бағри кенг, танти, қўли очиқ, иймони бутун, санъат шайдосига бу образ жуда катта шуҳрат олиб келди. Қизиғи, у бундай машҳурликни жуда камтарлик билан қабул қилди. Асло кибрланмади. Мақтовлар эшитганда ўзидан ғурурланмади. Ўйлаб қарасам, инсондан қоладигани шу экан. Одамийлик…

Сен дунё талашдинг кулди бу дунё,

Гоҳ йўлдан адашдинг кулди бу дунё.

Талашиб, тортишиб ўтдинг дунёдан,

Қаҳ-қаҳ урганича қолди бу дунё…

Дунё шундай ўткинчи…У кимлардан қолмади. Биздан ҳам қолади. Фақат ҳар бир инсон, нима учун бу ер юзига юборилганинг сирини англаб яшай олсагина, ўз вазифасини адо эта олсагина, у чинаккам ҳаётини яшаб ўтибди. Дунё яралганига тўрт ярим миллиард йил бўлибди. Бу даврда не не инсонлар келиб кетмади дейсиз. Сиз билан бизнинг ҳаётимиз ва охиратимизни обод қилиб турган бир ҳақиқат бор. Бу одамларнинг бир бирига қилаётган яхшилиги, кўрсатаётган меҳри, эзгулик сари узатилаётган қўллар. Инсоннинг умри, оқар дарё. Бу ўхшатишни мен айтмаяпман. Рости ҳам шу. Умр дегани тез оқиб кетгувчи дарё мисолдир. Ортига қайтмас дарё.

Шу маънода, менинг саҳнадош дўстим, Муҳаммаджон Рафиқов, ана шу ўткинчи дарёдан қирғоқларни бузиб, дарахтларни томиригача суғуриб оқмади. Аксинча, сокин ва чиройли яшаб, ўзидан ирмоқлар ҳосил қилди. Бу ирмоқлар унинг тақдирига битилган касби сабаб одамлар қалбига сизиб кирди. Уларни тафаккур қилишга, яшаб ўтаётган ҳаётларидан хулоса чиқариб, одамларга сабоқ бўлиб яшади. Кимларнидир ҳавасини келтириб, яна кимларнидир бунёдкорлик ва янгиликларга ундаб ҳаёт кечирди.”

Бу фикрларга асос қилиб, унинг толиби илмлар доирасида ҳадис айтиш саҳнасини мисол қилиб келтириш мумкин. Бу кўриниш актёр тимсолида ўзини ғоят камтарона тутиши билан улуғвор кўринади. Бу эса, камтарга камол деган ақлнинг ифодаси эди. Гўё, бир сўз билан актёр Имом Исмоил Ал-Бухорий образини табиийлик, ҳаётийлик ва алломанинг асл қиёфасини очиб бера олди. Муҳаммад Рафиқов аллома образининг интеллектуал салоҳиятига асосий урғу бериб, унинг фаҳм-фаросати, маънавий даражаси ва идрокини, биринчи даражага олиб чиқишга эришди. Шу омиллардан бири, актёр ўз қаҳрамони ҳарактерига вазминликни асос қилиб олди. Шунинг учун ҳам мазкур образда, унинг нақадар қаҳрамон воқеасига ҳам улуғвор ҳарактер кўзга ташланади. Актёрнинг тарихий филмларидаги фаоллиги тобора шиддатли тус олиб бораверди. Гарчи ҳар доим ҳам кинолар ва телевизорда рол ижро этавермасада, аммо зиммасидаги барча роллар талқинига масъулият билан ёндашар эди. Шунинг учун ҳам ўтиб бораётган йиллар давомида актёрнинг саҳна ва экрандаги ижодлари ҳам аста секинлик билан кўпайиб, салмоғи ортиб борди. У тарихий ва замонавий филмларда, турли жанр ва мавзулардаги асарларда ҳар хил ҳарактерлар, турли тоифадаги образларни яратди. Хулоса қилиб айтканда, актёрнинг ролларидаги алоҳида хусусиятлари ижродаги ўзига хослик, ҳарактерлар ва мақсадларнинг аниқлиги, қаҳрамонлар ҳарактерининг яққол кўзга ташланганлиги билан бир-биридан кескин фарқ қилади. Актёрнинг ижро палитраси тобора рангбаранг бўёқлар билан бойиб борди. Унинг қаҳрамонлари, ҳар доим ўз туриш-турмуши билан, актёрнинг ташқи кўринишига табиийлик билан сингиб кетарди. Унинг ижроларида қаҳрамонларининг руҳий ва жисмоний ҳатти-ҳаракатлари уйғунлашиб, образнинг бутун бори, ички ва ташқи қиёфалари рўй рост ҳамда аниқ сезиларди.

Масалан, “Соҳибқирон” ҳужжатли филмидаги Амир Темур образига келсак, актёрнинг филм монографиясидан турли даврларда яратилган филмлар ўрин олган. Уларнинг ҳар бири даврий тарғиб билан кузатилган. Муҳаммад Рафиқовнинг ижросидаги янги янги талқинлар ва бўёқлар кўзга ташланади. Актёр кўплаб замонавий қаҳрамонлар ижросида кўплаб тарихий буюк шахслар образини яратиш насиб қилган бахтли ижодкорлардан бири ҳисобланади. Чунки, у мунтазам равишда ўз устида ишлаб, тинимсиз касбининг яшириниб ётган қирраларини ўрганиш йўлида тинимсиз изланарди, ҳаракат қилар эди. Зеро, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, режиссор, Маҳкам Муҳаммедов таъкидлаганидек, актёр бошқа санъаткорларга қарама-қарши ўлароқ, табиатнинг руҳий ҳолатининг турғунсизлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳамиша мунтазам машқ қилишга муҳтож шахсдир. Ўз олдига қўйган мақсадини бажариш учун, унинг психо-физик ҳолати доим ижобий тайёр туриши керак. Агар созанда, соатлаб ўз асбоби билан куйни машқ қилмаса, раққоса тинимсиз ўз устида шуғулланмаса, ҳофиз нафасни созлаб турмаса, куни бекор ўтгандай, актёр ҳам овозини, жуссасини, маҳоратини узлуксиз чархлаб туриши шарт. Муҳаммад Рафиқовнинг тинимсиз изланишлари ва тобора мукаммаллашиб борган ижро техникаси унга ҳар доим, омад олиб келади. Шундай юксак, иқболнинг “Соҳибқирон” номли ҳужжатли филмдаги Амир Темур образи бу филмда ҳам актёр буюк шахс тимсолида гавдаланар экан, унда қаҳрамон руҳияти ва кечмиши олий мақсад этиб, белгилангани боис, Амир Темур қиёфаси ўзининг юксак ақл-заковати, вазмин ҳарактери билан кўзга ташланади. Юқорида саналган образлардаги мазкур хусусиятларга таянадиган бўлсак, Муҳаммад Рафиқовнинг экрандаги ижодини халқ қаҳрамонларига хос романтизм деб баҳолаш ўринли бўларди. Актёр мазкур образ талқинида, бу услубни танлаши бежизга эмас, чунки у мазкур шахс тимсолини, ҳаётини, кечмиши, руҳияти билан боғлиқ тушунчаларини яратилаётган тарихий ҳақиқатларини чуқур англарди. Бир сўз билан айтканда, у кундан кунга Амир Темур тимсолини ўрганадиган тадқиқотчига айланиб қолган эди. Худди мана шу билими унга, филм жараёнида асосий манбаа бўлиб хизмат қилди. У камера қаршисида Амир Темур ҳаётининг юксак билимдони, ўзига хос ижрочиси сифатида жонланган эди. Чиндан ҳам актёрнинг бу борадаги профессионал қудратига, тасвирга олиш жараёнидаги йиғилганларнинг барчаси гувоҳ бўлар эдилар. Балки, ундан ҳеч ким бу қадар, мукаммал ижрони кутмаган бўлса керак. Гўё воқеалар ривожи, актёрнинг эмас, актёр тасвирга олиш жараёнининг кетма-кетлигини бошқарар эди. Муҳаммад Рафиқов аввало, Амир Темурнинг ташқи кўринишига катта аҳамият қаратди. У ижрога киришишдан олдин, зўр бериб, образнинг ташқи кўринишини белгилайдиган, кастюмга ҳар томонлама эътибор берди. Ўзининг неча йиллик тажрибаси, бу улуғ шахс ҳаёти, ва руҳияти борасидаги билим ҳамда мулоҳазалари боис, мантиқли ҳарактерлари йўналишини белгилаб олди. Ҳарактер топа олиш қобиляти эса, бу сафар ҳам унга панд бермади. Чунки, шундай қилиб, Муҳаммад Рафиқов буюк саркарда ва халқимизнинг ғурури ҳамда миллий қаҳрамони бўлган Амир Темур қиёфасида ойнайи жаҳон тасмалари қатига муҳрланиб қолди. У ҳужжатли филмда иккинчи даражали ва бирламчи актёрлар қаторида, Амир Темур сиймосида кўзга ташланади бироқ, унинг юз кўринишлари оператор дастлаб, илғаб бўлмас даражада бир оз мавҳум ҳолда кўрсатсада, зукко томошабин умумий қаҳрамонлар орасидан уни дарҳол ажратиб олади. Унинг мағрур қадди-қомати, дадил бироқ оғир қадамлари, тик бўлган жуссаси, бошқалардан ёрқинроқ кўринарди.

Гулчехра Мирзаева, журналист