Остонадаги орият

291

Бирлик. Биргина шу сўз замирида не-не тақдирлар, эл бирлиги, миллат бирлиги, инсоният бирлиги мужассам. Бирлик инсонлар бир-бирини тушунишидан бошланади. Бир мушт бўлиб бирлашган ва ҳаракат қилган борки, мақсадига етади.
Лекин бугун жамиятимиз…

Ҳалол меҳнатнинг нони ширин

Ота-боболаримиз бежиз бундай демаган. Улар ўзгани алдамаган, фириб бермаган. Доимо етти ўлчаб, бир кесган. Оқни оқ, қорани қора, дея борича иш тутган.
Бугун оқибат тушунчаси биздан сал узоқлашгандай. Бировнинг ҳақидан қўрқмайдиганлар, ўғрилик қиладиганлар кўпайди. Фирибгарлар ҳам, уларнинг тузоғига илинаётганлар ҳам бисёр. Қайси оммавий ахборот воситасини кузатманг, «Ўзганинг ишончига кириб…» жумласи билан ­бошланувчи мақолалар ғиж-ғиж.
Бола эдим. Қишлоғимиздаги бир ҳовлига қоқилган қозиқ йўқолиб, эртаси куни қўшнисининг ҳовлисидан топилибди, деган гап тарқалди. Ўшанда катталар «Болалари қизиқиб олганми ё биров атай ташлаб кетганми, ишқилиб, қозиқ ҳовлисига қандай келиб қолганини билмаган қўшнининг бўлари бўлди. Орияти кучлилик қилиб, одамлар гапирмаса-да, элга қўшилолмай, остона хатлаб кўчага чиқолмай қолди, шўрлик», дейишганди. Бугун эса қўли эгрилигидан уялмайдиганлар кўпайгандек…
Хўш, нега бундай бўляпти?

«Номаълум ҳайвоннинг гўшти»

Инсоф ва Виждон! Бу тушунчалар баъзилар учун ёт нарсага айлангандек. Яъни, улар пул топиш учун ҳар қандай разилликдан ҳам қайтишмаяпти… Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда эшак сўяётганлар ҳақидаги видео тарқалди. Одамлар бир қалқди. Ҳаял ўтмай яна хабар пайдо бўлди: пойтахтга олиб келинаётган фалон кило «номаълум ҳайвон гўшти» истеъмолга яроқсизлиги туфайли йўқ қилинди.
Улар-ку ушланиб, оммага ошкор бўлгани. Бўлмагани-чи..? Кўчалардаги ошхоналарга кириб, овқатланишдан ҳам қўрқасан. «Қанақа гўшт ишлатилган экан?», дея хавотирга тушасан.

«Бозор бордим…»

Яқинда тўрт-беш нафар отахоннинг суҳбатига қўшилиб қолдим. Бир маҳал уларнинг нисбатан ёшроғи куйиниб, гап бошлади:
– Бозор иқтисодиётига ўтишдан олдин одамларга бозор қоидасини ўргатиш керак эди. Чунки ҳар қандай олди-сотдининг ҳам тартиби бор. Айтайлик, ота-боболаримиз бозорга олиб келган маҳсулотининг устига инсоф билан нарх қўйиб сотган. Буни яшириб ҳам ўтирмаган. Мисол учун, ўзига барча харажатлари билан ўн сўмга тушган маҳсулотни 12, нари борса, 15 сўмга пуллаган. Асосийси, икки бараваридан камига сотган, ундан ортиғини ҳалол деб билмаган.
Ҳозир-чи?.. Эҳ-ҳе, ўн минг сўмлик маҳсулотни, иложини топса, эллик мингга пуллайди. Ёш болалар ҳам кўзини лўқ қилиб, «Ўзи бу маҳсулот бизга эллик минг сўмга тушган, гарчи фойда кўрмасам-да, майли, уни сизга бераман», дейди. Ёлғон сўзлаётганидан виждони заррача қийналмайди. Баъзи кишилар бу гапга ишониб, ўша маҳсулотни «сотувчи» айтган пулга олиб кетаверади. Ҳолбуки, савдолашса, эгаси ярим нархидан камига ҳам рози бўлади. Шунда ҳам қанча фойда кўради, бу ёғи ўзига аён. Уни бу ёлғонга ким ўргатган? Албатта, отаси ёки онаси. Уларнинг ёнида бўлиб, қандай савдо қилишини кузатиб борган фарзанднинг ҳам эти қотган ва ёлғончиликка ўрганган. Улардан эртага нима кутамиз? Эсиз…
– Яқинда мол бозорини оралаб, одамларда орият қолмаяптими, деб қўрқиб қолдим, – дея гурунгга қўшилди отахонларнинг яна бири. – Қулоғимга таниш овоз эшитилди. Секин яқинлашиб, одамлар орасидан мўралаб қарасам, ўзимнинг ҳамсоям. Бозорда даллоллик қилиб, бир кишини авраяпти:
– Шу молни олсангиз, савобга қоласиз. Эгаси яқинда ўлди. Манави боласи сағир қолди. Устига-устак, хотини касал бўлиб, кўрпага михланган. Ҳозир марҳумнинг маъракасига пул жуда зарур бўлиб турибди. Салгина қимматига олсангиз ҳам асло кам бўлмайсиз. Сизга керагини Худо беради.
Воажаб, молни ушлаб турган «сағир» ўзининг ўғли эди. Аёли ҳам соппа-соғ, қўйиб берсанг, яйдоқ даштда тулкини қувалаб, ушлаб оладиган шашти бор. Наҳотки, одамзод шунчалик пасткашликка борса?!.
Ҳамсоямнинг кўзи менга тушди-ю, бир зум довдирагандай бўлди. Кейин ўзини ўнг­лаб олиб, «Қўшни, тирикчилик тирриқчилик-да. Бир-икки сўм учун гоҳида ёлғондакам ўлишингга ҳам тўғри келар экан», деди тиржайиб.
Яна бир оқсоқолнинг ҳасрати ҳамманикидан ошиб тушди.
– Мени бегоналар эмас, уйи донга тўлгур ўз болам боп­лади, – деди бошини сарак-сарак қилиб. – Биласизлар, яқинда уйини бўлак қилиб олган тўнғичим бозорда мол олиб сотади. Мен болали сигир олишим керак бўлгани учун уни излаб, бозорга бордим. Шериги иккови эна-бола сигирни ушлаб турган экан. Сигир зотдор, сут берадиган. Хурсанд бўлиб, «Шуни менга берасанлар, олган нархларинг устига озгина қўшиб, рози қиламан», дедим. «Фалон сўм берақолинг, бобо», деди шериги. Мен «Рози бўлсанглар, бўлди!» деб, фойдасини ҳам қўшиб бериб, сигир ва бузоқни уйга олиб келдим. Кейин орқаваротдан эшитсам, биласизларми, улар нима қилишган экан? Молларни булар учун тўлаган пулларининг нақ ярмини қўшиб, менга сотишган экан. Ўғлимга айтсам, «Нима қилай, ота, бу бозор, тирикчилик», дейишдан нарига ўтмади.

Кўнгиллар тош қотмоқда(ми?)

Вақт шитоб билан ўтмоқда. Кеча яратилган янгилик бугун эскиликка айланиши оддий ҳолга айланиб қолди. Қўл телефонлари узоқни яқин қилди. Бировда ишинг бўлса, бориб ўтирмай, турган ­жойингда сим қоқсанг бўлади. Ота-она, ака-ука, опа-сингил, яқинларни йўқлашда ҳам унинг хизмати беминнат. Аммо, менимча, бу матоҳ узоқни яқин қиляпти-ю, кўнгилларни узоқлаштириб юборяпти. Сабаби аён: узоқдаги қондошингизни соғинсангиз, у билан юзма-юз дийдорлашишнинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Яна…
Ижтимоий тармоқларда кунда-кунора «Самарқандда 9 ойлик чақалоқни ваҳшийларча ўлдирган ўгай ота 13 йилга қамалди», «Фалончи писмадончини пичоқлабди», «Фалон раҳбар бундай қилибди» каби бир-биридан совуқ хабарлар чиқиб туради. Энг ёмони, интернетдаги турли тармоқларда хабар пайдо бўлиши билан кимўзарга ўйнагандай, уни бир-биридан кўчириб тарқатишади. Лекин «Бу каби «свежий» янгиликлар одамларнинг этини ўлдириб, ­ён-атрофда рўй бераётган мудҳиш воқеа-ҳодисаларга нисбатан бепарво қилиб қўяди. Қолаверса, бировнинг фожиасини элга достон қилишим яхши эмас-ку, деган андишага боришмайди.
Бундан ташқари, кимдир фалокатга учраб, оғир ҳолатга тушиб қолса, унга ёрдам бериш ўрнига, телефонига суратга туширишга киришиб кетадиганлар кўпайди. Баъзилари шундай ҳолатларни излаб юришади. Эшитса ёки устидан чиқиб қолса, тарқатиш бўйича «улоқни олиб қочиш», шу тариқа обуначиларини кўпайтириш пайида бўлишади.
Ажабо, одамларга нима бўляпти ўзи? Эҳтимол, улар қўлларидаги телефон каби жонсиз ва ҳиссиз бўлиб боришаётгандир?..

Эти сизники…

Бу ибора ҳам эндиликда эскилик сарқитига айлангандек гўё. Болалигимизда устозимиздан зириллардик. Бошланғич синф­­да бизни амаким ўқитган. Яна бир амакимнинг ўғли синфдошим эди. Бизникида тўй ёки бирор маърака бўлса, иккимиз уларникида, аксинча бўлса, бизникида ўтирардик. Сабаби, маросимга устоз келар, биз унга кўринишдан ўлгудай қўрқардик. Уйда тўполон қилсак, «Ҳозир малимингни чақираман!» деган гапни эшитибоқ, дамимиз ичимизга тушиб кетарди. Қўрққанимизданми ёки устознинг салобати босганиданми, тўполон қилолмасдик. Устоз кимгадир ўзи «тўрт» баҳо қўйса, нега «беш» олмайсан!» деб «терисини шиларди». Урмас эди, лекин салобати, нигоҳи… Бутун синф аълочи эди.
Каттани ҳурмат, кичикни иззат қилишни, яхшилик улашишни, муҳими, эзгу амалларни бола ўз онггига маҳалласи, уйи, боғча ва мактабда сингдиради. Яъни комилликка йўлни ота-онаси ва устози берган таълим-тарбия, ўқиган китоблари, атрофдагиларнинг хатти-ҳаракатидан келиб чиқиб ола бошлайди.
Ҳозир кўп эшитамиз: «Фалончи болани устози бир шапати урган экан, онаси мактабга бориб, шармандасини чиқарибди». «Фалон ўқитувчи ўқувчисини урган видео интернетга чиқиб кетиб, ўқитувчига чора кўрилди». «Ўқувчиларининг ўқишга кириш кўрсаткичлари пастлиги туфайли ўқитувчилар ота-оналардан кечирим сўрашди».
Бола ота-онаси менсимаган устозини қандай ҳурмат қилади? Бундай ҳолатда у ўқийдими?!. Аксинча, дарсда ўзи хон, кўланкаси майдон бўлиб ўтиради, бош­қаларни ҳам шу йўлга ундайди.
Давлат ривожи йўлидаги ҳар қандай тўсиқ, жамиятда учраётган муаммолар ортида тарбиясизлик, илмсизлик туради. Илмсизлар орасида бағритошлари кўп учрашини наҳотки билмасак?

Қачонгача чет элликларга ҳавас қиламиз?

Биттаси айтиб қолди, юртимизга келган бир япон тоби қочиб қолиб, дори излабди. Излагани Японияда ишлаб чиқарилган бўлиши керак экан. Бироқ тополмабди. Бош­­қа дорини тавсия қилишса, кўнмабди. Сабабини сўрашган экан, у «ўз юртимда ишлаб чиқарилган дорини олсам, унинг иқтисодиётига ҳисса қўшган бўламан», деб жавоб берибди. Биргина одам биттагина дорига ҳам шунча эътибор қаратса, ўша юртдаги бутун эл худди шундай тушунча билан яшаса, қолганини ўзингиз тушуниб олаверинг. Бу Ватанни севишнинг, унинг равнақи учун ҳисса қўшишнинг амалдаги кўриниши эмасми?
Бизда эса ярим аср аввал айтилган «Хўрозқанд чет элники деса, одамлар ётиб олиб ялайди», деган машҳур ибора ҳали ҳам амалда. Ўзимизда тайёрланган деса, ҳар қанча сифатли бўлса ҳам истамаймиз ёки қабул қилмаймиз. Гоҳ-гоҳида «чўнтак касаллиги» туфайли олишга мажбур бўламиз. Бу баайни ҳақиқат!
Ҳа, ўзга миллатлар, уларнинг ривож­ланиши сабаблари ҳақида гап кетганда, оғзимизнинг таноби қочиб мақтаймиз. «Ўз юрти учун бундай қилган, ундай қилган», деймиз. Ўзимизга келганда эса…
Билмадим, бу кетишда давлатнинг, жамиятнинг ривожланиши шу юртнинг ҳар бир фуқаросига, унинг илми, дунёқарашига боғлиқ эканини қачон англаймиз?

Қонда бор, лекин…

Oдамийлик, бировнинг бошига иш тушганда ёрдам кўрсатиш азалдан қонимизда бор. Бироқ охирги пайтларда улар бирмунча хира тортиб, одамгарчилик, орият деган тушунчаларга путур етмаяптими?!.
Саволлар, саволлар, адоқсиз саволлар… Юқорида тилга олганларимиз денгиздан бир томчи, холос. Лекин уларнинг жавобини топишимиз, топганда ҳам тезроқ топишимиз керак. Ишончим комилки, ўшанда ривож­ланган давлатлар ҳам бизга ҳавас қилади.
Ҳозирча эса, назаримда, орият остонада туриб қолгандай. Бунга бефарқ бўлмайлик! Уни кўчага қувиб солмайлик.
Бунга сиз нима дейсиз, замондош?

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch»