Куни кеча Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Брюсселда амалий ташриф билан бўлган чоғида Европа Иттифоқи Кенгаши Президенти Шарл Мишел билан яккама-якка учрашди.
“АZERТАJ” хабарига кўра, учрашувда Президент Илҳом Алиев Чарлз Мишелнинг Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик шартномасини тайёрлаш, икки давлат ўртасидаги муносабатларни мўътадиллаштириш, транспорт йўлакларини очиш, чегараларни хавфсизлаштириш ва ундан ўтишни соддалаштиришни қўллаб-қувватлаганини юқори баҳолади. Давлат раҳбари бундай форматдаги учрашув Европа Иттифоқи ташаббуси ва воситачилигида учинчи бор ўтказилаётганини таъкидлаб, уни ташкил этгани учун Шарл Мишелга миннатдорлик билдирди. Президент Илҳом Алиев Арманистон-Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни яхшилаш ва тинчлик шартномасини имзолаш учун халқаро ҳуқуққа асосланган 5 тамойилни тақдим этганини ва бу тамойиллар тинчлик шартномасини тайёрлашда катта рол ўйнашини таъкидлади.
Бундан ташқари, Озарбайжон раҳбари икки давлат ўртасида тинчлик шартномасини тайёрлаш жараёни тез амалга ошишига умид билдирди. Шу билан биргаликда жорий йилнинг 6 апрелида Озарбайжон, Арманистон ва Европа Иттифоқи ўртасида бўлиб ўтган учрашув якунларига кўра, апрель ойи охирида Озарбайжон тинчлик шартномаси бўйича музокараларни бошлаш масаласида Ишчи гуруҳ таркибини аниқлаганини таъкидлади.
Учрашувда ишғолдан озод қилинган Озарбайжон ҳудудларидаги мина муаммосининг аҳамияти яна бир бор қайд этилиб, И. Алиев биринчи Қорабоғ урушида бедарак йўқолган деб топилган 4 мингга яқин инсоннинг тақдирига ойдинлик киритди. Давлат раҳбари Арманистон 10 ноябрдаги Баёнотнинг барча бандларини бажариши зарурлигини таъкидлади. Европа Иттифоқи Кенгаши Президенти Чарлз Мишел Европа Иттифоқининг Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни яхшилаш жараёнини қўллаб-қувватлашини айтди. Воситачилик саъй-ҳаракатларини давом эттиришини таъкидлади ҳамда бундан олдинги учрашувларнинг аҳамиятига тўхталди. Шарл Мишел ушбу форматдаги учрашувда иштирок этгани учун Озарбайжон раҳбарига миннатдорлик билдирди. Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Зебо НАМОЗОВА,
“Ishonch.uz”



