(Ушбу эссе лотин алифбосида ёзилган бўлиб, газетада
кирилл алифбосида чоп этилмоқда)
Майсалар ва дарахт барглари билан ўйнашиб, уларнинг шивир-шивирига сабаб бўлаётган тонг шабадаси қаршимга келди: «Уйғон, янги кун келди», – дея секингина юзларимни сийпалаб ўтди. Узоқлардан мўралаётган қуёш гардун сари кўтарилиб, қайлардадир музлаётган юракларни тафти ила эрита бошлади.
Шу зайлда отаётган тонгни «Янги Ўзбекистонга» менгзадим. Табиатнинг мўъжизакор ҳодисотлари-ю қушларнинг шўх хонишига маст бўлиб, узоқларга тикилганча ўйларим уммонига ғарқ бўлаётган кўзларимни бир зум соҳил сари етакладим. Шафақнинг ол ёноқлари мисоли бўзарган юзларимдан қўлимни узиб, оппоқ қоғозга кўнглимдаги ҳисларимни ёзмоқни истадим. Тафаккур денгизига ғаввос каби шўнғиб, унинг туб-тубидан энг сара маржонларни авайлабгина сўз сандиғига жойладим. Ул шодаларни эса меҳрим ипи ила термоқни кўнглим ихтиёр этмоқда. Ушбу сўзларим қалбимдан чиқаётган садолардир.
Айни дамда бўлса, шу миттигина юрагим «Ватан» дея денгиз тўлқинлари каби тўлиб-тошмоқда. Бунинг сабаби, недур десангиз, мен буюклар авлодиданман, томиримда Тўмарис қони оқмоқда дея жавоб қилурман. Ҳақиқатдан, биз даҳолар, улуғ сиймолар ётган заминда яшаймиз. Шуни ҳам айтиш жоизки, ҳар биримиз ул зотларнинг руҳи ила камол топамиз. Малика Тўмарис – Турон даштидаги элларнинг бошини бирлаштирган аёл. Жангда ёлғиз ўғлидан жудо бўлган, Аму ёқасида қон кечиб, душманга ўзбекнинг фарзанди, қизи ким эканлигини кўрсатиб қўйган ҳақиқий ватанпарвар сиймо. Қайсидир маънода биз эса унинг фарзандлари, набираларимиз. Дарҳақиқат, бу заминда кимлар яшамаган, не-не улуғ зотлар, олиму фузалолар юртидир Ўзбекистон. Шу ўринда битта савол туғилади. Хўш, Ватан нима ўзи?! Сувми? Ҳавоми?.. Туби кўринмас денгиз ёки тупроқми?..
Шу биргина сўз: «Ватан!» Нега инсонлар бир парча ерни «Ватан» дея атайдилар. Қандай мўъжизакор хилқатдирсанки, одамлар сенинг исмингни зикр қилганларида вужудини ўзгача ҳислар чулғаб олади. Ҳа, Ватанга «Она» сўзини қўшиб, мужгонлар порлоқ ҳолатда айтилиши ҳам унинг қай даражада муқаддас эканлигидан далолат беради. Ватан самолардан туриб бизга гўзал кулгичлар ҳадя элтувчи қуёш кабидир.
Агар у бўлмаса, орзу ва бахтлар зулмат зиндонига кишанланади. Осмонни эса қора черик қоплаб олади. Шундай экан, уни кўз қорачиғимиздай асраб-авайламоғимиз даркор.
Бугун биламизки, юртимизда барчаси «бошқача»дир. Чунки биз Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдай улкан тарихий жараённинг қаршисидамиз. Тарих зарварақларига назар ташлайдиган бўлсак, бу каби даврлар халқимиз ҳаётида туб бурилишларга сабаб бўлган. Гапимизнинг исботи сифатида шуни айтиш жоизки, неча йиллар илгари содир бўлган Биринчи Ренессанс бизга Ибн Сино, Хоразмий, Беруний, Форобий, Ғаззолий, Замаҳшарий каби етук сиймоларни яратиб берди. Уларнинг ақлу заковати орқали бутун дунё иқтисодиёти, маданияти, таълим соҳаси гуркираб ривожланди. XV асрларда эса яна бир дунё миқёсида халқимиз тарихида туб бурилиш, яъни иккинчи уйғониш – Иккинчи Ренессанс бошланди. Унда «Куч – адолатда» дея, дунёни зир қақшатган буюк жаҳонгир Амир Темур ва унинг авлодлари «Ватан» дея кўпдан кўп буюкликлар қилишди. Қалами ила дунёни лол қолдирган Навоий, ақлу заковати билан танилган Улуғбек, Бобурлар ҳам айнан шу даврда яшаганлар. Уларнинг бизга қолдирган мероси жуда беқиёсдир. Мана бугун эса ўтмишдан сабоқ олган ҳолда Учинчи Ренессансни барпо этмоқдамиз. Президентимиз айтганларидек: «Янги Ўзбекистон – барчамизнинг эзгу-орзумиз, меҳнаткаш ва тинчликсевар халқимизнинг орзусидир». Аввало, «Янги Ўзбекистон» атамасига изоҳ топмоқ лозим. Хўш, нима учун айнан «янги» сўзи билан ишлатиляпти?! Жойлашув ўрни ўзгардими?» .
Йўқ, албатта. Асосан, инсонлар онги, ташаббускор ғоялар, ислоҳот, маданият ривожланди, янгиланяпти.
Алишер Навоий ўзининг бир байтида Оллоҳ инсонларга бошқа жонзотлардан ажралиб туриши учун онг ато этганлигини ёзади. Дарҳақиқат, инсон онги унинг бу номга муносиб эканлигини белгилаб берувчи асосий омилдир. Демак, инсон деган улуғ номга сазовор эканмиз, ўз онгимиз, шууримиз ила дунёни лол қолдирайлик. Ватанимизнинг ривожи учун ўз ҳиссамизни кўпроқ қўшишга ҳаракат қилмоғимиз даркор. Зеро, биз ёшлар мамлакат устунларидирмиз. Ҳаётда эса ўз устунимизнинг мустаҳкам бўлмоғи учун фақат ва фақат олдинга интилишимиз лозим.
Ҳаёт – ажиб сиру синоатлар маскани, турфа рангли гулларга тўла бўстон, кутилмаган тўлқинлари ила минг турда мавжланувчи ҳайрат денгизи. Гўёки, у – сарҳадсиз, поёни йўқ саҳро, йўл. Биз эса ушбу йўлдан бораётган бандалардирмиз. Яратганнинг ҳиммати ила ҳаётда ҳар битта мавжудотга чегараланган вақт, яъни умр ато этилади. Умримиз тугаганда эса етиб келган бекатларимизда тушиб қолиб бораверамиз. Умр ўтаверади. Йиллар чархпалак мисоли бошимиз узра айланиб, қисмат деб аталмиш сувларини қуяверади-қуяверади. Биз ҳаёт деб аталмиш учқур арғумоқнинг жиловидан ушлаган кўйи фақат ва фақат олдинга томон ҳаракатланамиз. Кўпчиликнинг фикрича, бугун келажак қандай бўлишини белгилаб беради. Менинг фикримча эса келажак бугунни белгилайди. Шундай экан, келажак учун қанчалик улкан мақсадлар қўйсак, бугун шунчалик ҳаракат ва шижоатга эга бўламиз. Президентимиз шунинг учун ҳам Ватанимизни янги йўлга, буюк мақсадлар сари олиб чиқмоқдалар. Бу йўлларда қоқилмаслик учун нима қилмоқ зарур? Албатта, вақтни бой бермаслик керак. Б.Франклин: «Ҳаётни севасанми? Агар севсанг, вақтингни бой берма, чунки вақтдан «ҳаёт» деган мато яралади», деган эканлар. Демак, вақтимизни тўғри ва фойдали тақсимлай олсаккина, юксак чўққиларни забт эта оларканмиз. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, биз, ёшлар келажакнинг устуни, бунёдкорларидирмиз. Бугун қаерга қарамайлик «ёшлар», «ёшлар учун» деган хитобу ҳайқириқлар эътиборимизни тортмасдан қолмайди. Юртимизда биз, ёшлар учун яратилаётган имкониятларнинг сон-саноғи йўқдек гўё. Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси»да ҳам таълим соҳаси бўйича, ёшлар масаласида алоҳида илғор вазифалар кўрсатиб ўтилган. Қайси соҳа бўлишидан қатъи назар, ҳаммасида ёшлар ва келажак кўзланган десак муболаға бўлмайди. Биз ушбу ислоҳотлар, имкониятларни қаерларда сезамиз?.
Албатта, ёшларнинг порлаётган кўзларида сезамиз. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, айнан ушбу «Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!» шиори остидаги республика эсселар танловига қаратилаётган ўзгача, алоҳида эътибор Янги Ўзбекистоннинг белгиларидир. Танлов дастури давомида ўтказилган учрашув ва тадбирлар биз, ёшларга ўзгача ғайрат, шижоат ато этди. Менинг жисмимни чулғаб олган ҳайрату ҳисларни тасвирламоққа, ҳатто қаламим ҳам ожизлик қилмоқда. Чунки шу даражада катта давлат идораларига, Олий Мажлис, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясига, мустақил Ватанимиз ўз-ўзидан бундай ҳолга келмаганини исботлаб берувчи «Ғалаба» боғига ташриф буюришимиз юртимизда ёшларга бўлаётган имкониятларнинг, Янги Ўзбекистоннинг белгиларидан биридир. Нафақат Янги Ўзбекистон, балки бугунги кунда Янги Қорақалпоғистон атамасини ҳам қўллашимиз ўринли бўлади, деб ҳисоблайман. Чунки саҳро бағридаги хазиналар сандиғи бугун аста-секинлик билан очиляпти.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар, бутун ер юзини қийнаб келаётган Орол муаммосига ўзгача ечимлар, қаддини ҳар галгидан-да тик тутаётган «Саҳродаги Лувр» деб аталмиш музейимиз ҳар қачонгидан-да тараққий этмоқда. Мўйноқ шаҳридаги 99 турдаги овқатлар, «Boʻzatov FEST»дан чиқаётган янги-янги истеъдодлар – ҳамма-ҳаммаси ўзгачадир.
Қорақалпоқ миллатининг юрагида жўшаётган шижоат Ўзбекистон учун жонини фидо қилишга ундагудек даражада тўлиб-тошмоқда.
Албатта, бу каби ислоҳотларни санайдиган бўлсак, ниҳояси кўринмайдигандек гўё. Аммо масаланинг иккинчи томонини олиб қарайдиган бўлсак, бу ташаббусларни янги-янги фикрлар билан ҳам бойитмоқ лозим. Мамлакат муаммоларга ҳар томонлама ёндашсагина тараққий этади. Шунинг учун ҳам юртимизда ҳар битта масалага чуқур ёндашган ҳолда ечимлар топилмоқда. Аввало, мустаҳкам давлат бўлмоғимиз учун сиёсат, ҳуқуқ кучли тизилмага эга бўлмоғи даркор. Қонунларни тузиш эмас, уларни халққа яқинроқ қилиш, етказиб бериш зарур. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича кўпгина дастурлар ишлаб чиқилган. Ўйлайманки, булар янада кўпайтирилса юртимизда ҳар битта шахс ҳуқуқий маданият ила камол топади. Жойлардаги айрим тушунмовчиликка ҳам айнан қонунни билмасдан, хато тушунчаларга, ўз-ўзини ҳимоя қилиш каби маълумотларга эга ёки эга эмасликдан келиб чиқмоқда. Шундай экан, ҳуқуқ давлатнинг бош устунидир. Бу борада кўпгина вазифалар Президентимизнинг «Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» китобининг иккинчи бўлимида белгилаб ўтилган. Ундан ташқари, мамлакат ривожи учун ижтимоий, иқтисодий, маданий соҳалар ҳам бирдек муҳимдир. Кечаги учрашувда Муҳаммадали Эшонқулов таъкидлаганларидек: «Билим – бу ҳамма муаммонинг ечимидир». Зеро, «Билим – нажотдир». Шу боисдан, ҳам юртимизда таълим соҳаси бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Куни кеча давлатимиз раҳбарининг мактаб битирувчиларига йўллаган табригида ҳам ёшларга қаратилаётган имкониятлар ва уларнинг натижаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Мактабда яхши таҳсил олган ўқувчи ҳеч қачон кам бўлмайди, албатта. Яна шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, юртимиздаги мактаб дарсликлари жаҳон миқёсидаги дарсликлар билан унчалик ҳам тенглаша олмайди. «Нур бор жойда соя ҳам бўлади», – деганларидек, ютуқ бор жойда камчиликлар ҳам бўлади, албатта. Назаримда, дарсликларни қайтадан ислоҳ этган ҳолатда «New moving textbook» китобларини, яъни ҳаракатланиб турувчи дарсликлар яратилгани маъқул. Чунки бугунги шиддат ила ривожланаётган замонда ҳар битта янгилик, янги тушунчалар кўпайиб бормоқда. Уларни бўлса, турғун ҳолатдаги икки ёки уч йилда, энг ками билан ўзгарадиган китобларга киритиб бўлмайди. Ундан ташқари, ортиқча сарф-харажатларга сабаб бўлади. Қоғоз муаммоси ҳам келиб чиқмайди, экологияга ҳам катта фойда келтиради. Яъни улар кун сайин ўзгариб, бойиб бораверади, электрон, чуқур ўйланган лойиҳа асосида амалга оширилади. Шуни ҳам эътибордан четда қолдирмаслигимиз лозимки, ушбу технологиялардан фойдаланиш учун компьютер саводхонлиги зарур, албатта. Шунинг учун ҳам юртимизда IT соҳалари бўйича кўпгина марказлар очилган. Уларнинг сони янада кўпайтирилса, юксак даражага эришамиз деб ўйлайман.
Хулоса ўрнида шуни ҳам айтиш жоизки, инсонлар гўё бир қанотли қушларга ўхшайди. Бирлашсаларгина фалак пештоқига парвоз қила оладилар. Шундай экан, азиз тенгдошлар, бирлашайлик, қўлни-қўлга берайлик. Марра бизникидир! Бугунги глобаллашув жараёни кучайган бир даврда маданиятни, миллатнинг миллий руҳини сақлаб қолиш муаммо бўлиб келмоқда. Шуларнинг олдини олиш учун ҳам биз бирлашган ҳолатда, вақтдан унумли фойдаланиб, олға интилмоғимиз даркор. Ғафур Ғулом айтганидек:
Ҳар лаҳза замонлар умридек узун,
Асрлар тақдири лаҳзаларда ҳал.
Умрдан ўтажак ҳар лаҳза учун,
Қудратли қўл билан қўяйлик ҳайкал.
Гулёр ҒАППАРОВА,
«Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!» эсселар танлови республика босқичи 1-ўрин соҳибаси
