«Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!»

312

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида «Янги Ўзбе­кистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!» эсселар танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда Президентнинг Ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйи­­ча маслаҳатчиси ўринбосари Нодиржон Холбўтаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, сенатор, академик Акмал Саидов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тош­қулов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев, Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саидов, Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Парламент вакиллари, Олий таълим муассасалари ректорлари, илм-фан арбоблари, ижодкорлар, танлов иштирокчиларининг устозлари, ота-оналари, касаба уюшмалари масъул ходимлари қатнашдилар.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов иштирокчиларни ғолиблик билан қутлади.
Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда олий таълим тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналиш­ларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, олий таълим муассасалари халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтинг­лари рўйхатидан ўрин эгаллаш учун дадил қадамлар билан рақобатга киришаётир. Талаба-ёшлар турли инновацион лойиҳаларни амалга ошириб, фанлар бўйича республика ва халқаро танловларда ўз билимларини намоён этишяпти.
Ёшлар онгида Ватанимиз тарихи, миллий ва умуминсоний ­қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги тушунча, билим ва кўникмаларни янада юксалтириш, ўғил-қизларнинг ўз иқтидорларини намойиш этишлари учун шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий-маънавий, сиёсий-ҳуқуқий ҳамда иқтисодий жараёнларга нисбатан танқидий-таҳлилий, ижодий дунёқарашлари ва кўникмаларини шакллантириш, иқтидорлиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб рағбатлантириш таълимнинг ажралмас қисмидир.

Бундай жиҳатлар инобатга олинган ҳолда, ёшларни ватанпарварлик, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга қатъий ишонч ва дадил қарашлар, буюк мақсадларга эга шахслар сифатида тарбиялаш, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришда уларнинг фаол иштироки ва дахлдорлик фазилатларини шакллантиришга қаратилган «Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!» ижодий ишлар танлови ташкил этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида уюштирилган танлов тўрт босқичда ўтказилди.
Тадбирда танлов жараёни ҳақида ҳакамлар ҳайъати раиси Минҳожиддин Ҳожиматов сўз юритиб, илк – факультет босқичида мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларидан 240 минг нафардан зиёд талаба «Биз келажак бунёдкоримиз!», иккинчи – олий таълим муассасаси босқичида эса биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган 1500 нафардан зиёд талаба «Янги Ўзбекистон – янги мақсадлар», ҳудудий босқичда эса 350 нафарга яқин иштирокчи «Янги Ўзбекистон менинг тасаввуримда» мавзуларида ўзбек, рус, инглиз, қорақалпоқ ва бошқа қардош халқлар тилларида қалам ­тебратишганини айтиб ўтди. Рес­публика босқичига эса улардан кенг фикрли, ўта иқтидорли ва қобилиятли 42 нафари етиб келгани, бу ёшлар эса Янги Ўзбекистоннинг янги овозлари эканини эътироф этди.
Танловнинг республика босқичида эссе ёзган талаба-ёшларга ҳаяжон, озгина бўлсин, ишончсизлик бегона эди. Нигоҳларида қатъият зуҳур. Рассом мўйқаламда қандай маҳорат билан расм чизса, улар эртани шундай тасвир этишди. Бу жараённи кузатган борки, дилидан бир ўй ўтгани аниқ: бу ўғил-қизлар келажак бунёдкорлари, Ватаннинг ҳақиқий суянч тоғларидир.
Ватан ва миллат. Ҳар иккиси келажаги бугунги ёш авлодга, уларнинг қандай инсонлар бўлиб камол топишига боғлиқ. Ота-боболаримиз шу юрт, шу тупроқ деб бежиз қон тўкишмаган. Бунинг ортида муқаддас туп­роқни ёвга топтатмаслик, оила, ота-она, фарзанд­ларни душман қўлида хўрлатмаслик турибди. Бундай бўлмаслиги учун эса нима қилмоқ керак?! Албатта, ўқиш, уқиш, ўрганиш ва ўргатиш… Зеро, мамлакат ривож топиши, ўзга давлатларга қарам бўлмаслиги учун халқи илмли бўлиши шарт. Юртни ривожланган давлатлар сафига қўшадиган, миллатни порлоқ келажакка элтадиган ягона қурол ҳам – илм.
Талабалик – олтин давр. Бу даврда ёш йигит-қизлар мустақил ҳаёт остонасида бўлади. Ўзини, ўзлигини анг­лаган борки, соҳасининг етук билимдони бўлиш учун тинимсиз ўқийди, изланади, кутубхоналарга танда қўяди. Дилида эса шундай ўй бўлади: соҳамнинг етук мутахассисига айланиб, ўзимга юклатилган вазифани адо этсам, кимларнингдир оғирини енгил қилсам, элга, юртга хизмат қилсам.
Ҳа, ҳар ким шу ўй билан яшаса, ўз вазифасини сидқидилдан адо этса, изланса, меҳнат қилса, эл-юрт тақдири турган жойда бир муштга айланса, бу мамлакат гуллаб-яшнайди. Ривожланиш сари дадил қадам ташлайди. Ҳаётни ­англаган, тушунган ёшларнинг бу каби фикрлар жо бўлган эсселари ростакамига баландпарвоз гаплардан холи, дилида бори қоғозга тўкилган, холос.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раҳбарияти ва Ёшлар парламенти вакиллари, INHA университети, Давлат бошқаруви академияси профессорлари, Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, «Юксалиш» академияси асосчиси билан мулоқотларда олинган маълумотлар ва улардан чиқарилган хулосалар ҳам ижодий ишларни мазмунан бойитди.
Шу билан бирга, эсселарда Ўзбекистоннинг шонли тарихи, бугунги тараққиёт даражаси ва ёрқин келажаги теран фикрларда баён этилган. Ҳозирги кунда жамият ривожи учун тўсиқ бўлаётган айрим муаммоларга нисбатан танқидий фикрлар ва уларнинг ечими ҳам кўрсатилганки, ҳаммаси ўринли, теран мулоҳаза билан битилган. Демак, катта ҳаёт остонасидаги бу ёшлар кенг дунёқараш, чуқур билимга эга эртанги кун эгалари, Учинчи Ренессанс бунёдкорларидир. Улар албатта олий таълим муассасаларини тугатиб, юрт равнақи учун бор билим ва иқтидорини ишга солиб, меҳнат қилишади.
Юрт, унинг бугуни ва келажагига дахлдорлик туйғуси билан яшаш, аниқ бир мақсад ва ишонч билан олға қадам ташлаш ҳам барчасининг шиорига айланган. Бир кунлар келдики, дея бири ёниб ёзса, яна бири бундай ўлкада бахтиёр яшамасликнинг-да имкони йўқ, дея дилидагиларни баралла айтади. Вақт ўтиб, дипломни қўлга олиб, халққа хизматни олий саодат билиб, улкан орзулар рўёби остонасида турган бу ёшларнинг ўй-дарди битта: ота-она, устозлар ишончини оқлаш, Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш.
Талаба-ёшларнинг қалб қўри тўкилган эсселар бир-биридан мазмунли, рангин, салмоқли бўлса-да, улар ичидан энг зўрларини саралаб олиш лозим. Зеро, танловнинг шарти ҳам шу. Бундай вазиятда ҳакамлар ҳайъатига осон бўлмайди.
Тадбирда узоқ муҳокама, баҳслардан сўнг бу масъулиятли вазифа ҳам адо этилгани қайд қилиниб, мукофотлар тантанали тарзда ўз эгаларига топширилди. Барча иштирокчиларга Президент совғаси сифатида ноутбук, дип­лом, 1-ўрин соҳибасига 30 миллион сўм, 2 нафар 2-ўрин соҳибига 20 миллион сўмдан, 2 нафар учинчи ўрин соҳибига 10 миллион сўмдан Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерациясининг пул мукофотлари берилди. Талабалардан яна 15 нафари турли номинациялар бўйича тақдирланди.
Ғолибларнинг устозларига эса Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ноутбуклар тақдим этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар танлов жараёни адолатли ва шаффоф ўтгани, эсселар ёшлар дилидаги туйғуларни юзага чиқариб, улуғ мақсадларга йўл очгани, улар эртага фан доктори, академиклар бўлиб етишиши, бу кун эса тарих зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан битилишини алоҳида таъкидлашди.

Синов олдидан саёҳат

24 май куни пойтахтимиздаги «Чинобод плаза» санаторийсида танловнинг учунчи босқичида ғолиб бўлган 42 нафар иштирокчи ва уларнинг устоз­лари кутиб олинди. Имтиҳон олдидан улар учун махсус тадбирлар ташкил этилди.
Иштирокчилар дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти билан яқиндан танишишди. Ташриф мобайнида Қонунчилик палатаси раҳбарияти ҳамда Ёшлар парламенти вакиллари билан мулоқот ўтказилди.

Айниқса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг «Тараққиёт стратегияси – келажак учун мустаҳкам замин» мавзусидаги маърузаси талабаларда катта қизиқиш уйғотди.
– Эсселар танловининг республика босқичида қатнашаётганим бир бахт бўлса, шу баҳона давлатимиз сиёсатида муҳим ўрин тутган шахслар билан бўлаётган мулоқотлар мени янада қувонтирмоқда, – дейди Қўқон давлат педагогика институтининг «Ўзбек тили ва адабиёти» факультети 1-босқич талабаси Наврўзахон Турсунова. – Шахсан ўзим Акмал Саидовнинг фаолиятига анчадан буён қизиқаман. Учрашув давомида улардан ўзимни қизиқитирган ва кўпдан бери қийнаб келаётган саволларимга батафсил жавоб олдим.
Шундан сўнг талабалар Ўзбек миллий академик драма ­театрида Қўчқор Норқобил асари асосида саҳналаштирилган «Заминдан олис кетма» спектаклини томоша қилдилар.
Кейинги манзил – INHA университети бўлиб, бу ерда иштирокчилар талабаларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Компьютер инжиниринг департаменти, ёшлар ижодий таълим маркази директори, профессор Жангву Квон билан онлайн мулоқот ўтказилди.
– Учрашувларда танловнинг республика босқичи қатнашчиларининг эртанги кунга бўлган ишончи янада мус­таҳкамланаётганига гувоҳ бўляпман, – дейди Термиз ­давлат университети ўқитувчиси Бобур Тошқобилов. – Бу каби мулоқотлар нафақат талабаларни, балки биз, устозларни ҳам янада олға қадам ташлаб, юрт ривожи учун муносиб хизмат қилишга ундамоқда.
Саёҳат чоғида иштирокчилар Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ҳам бўлишди. Академия­нинг фаолияти билан танишув асносида ўқитувчи-профессорлар билан мулоқот ўтказилиб, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Ҳатто баъзи талабалар берган саволлар масъулларни бироз довдиратиб қўйгани ҳам рост. Хусусан, бир куюнчак талабанинг мигрантлар масаласида академия ректорига берган саволи ҳаммани чуқур ўйга толдирди. Демак, ҳозирги ёшлар орасида сиёсий билими бой, ҳаётни теран ­англайдиган шахс­лар бор экан, эртанги кунимиз бундан-да яхши бўлади.
– Тенгқурларим орасида танқидий-таҳлилий фикрлайдиган ёшлар кўплигидан, танлов сабаб улар билан яқиндан танишганим ҳамда фикр алмашаётганимдан, энг муҳими, шундай талабалар эътироф этилаётганидан хурсандман, – дейди Термиз давлат университети «Ўзбек тили филологияси» факультети 2-босқич талабаси Гулжаҳон Турсунпўлатова. – Зотан, салоҳияти етарли, дунёқараши кенг, билимли инсонни ҳеч қандай куч тўғри йўлдан адаштира олмайди. Бундай шахслар жамиятга ҳамиша фойда келтиради.
Талабалар Олмазор туманида жойлашган «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида ҳам бўлишди. Ташриф асносида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди. Иккинчи жаҳон урушида қатнашган аждодларимиз хотирасига бағишлаб бунёд этилган «Шон-шараф» музейи фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Иштирокчиларнинг пойтахт бўйлаб саёҳати мазмунли ва унутилмас таассуротларга бой бўлди.

Зиёлилар билан мулоқот

Эсселар танлови олдидан иштирокчилар парламент вакиллари, илм-фан арбоблари билан учрашди.
«Чинобод Плаза» санаторийсида бўлиб ўтган тадбирда Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматовнинг «Янги Ўзбекистоннинг устувор мақсади – Учинчи Ренессанс» мавзусидаги маърузаси ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Мулоқотда, шунингдек, Республика маънавият ва маърифат маркази ходими, фалсафа фанлари доктори, профессор, сиёсатшунос Жамила Шермуҳаммедова «Янги Ўзбекистон – аёлларини эъзозлаган мамлакат» мавзусида сўз юритиб, охирги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини, айниқса, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳар соҳада фаол иштирокини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталди.
Учрашув якунида Халқаро иқтисодий муносабатлар ва ташқи инвестицион фаолият бўйича мутахассис, халқаро тоифадаги маркетолог, «Юксалиш» миллий академияси асосчиси Муҳаммадали Эшонқулов «Биз – Янги Ўзбекистон бунёдкорларимиз!» мавзусида маъруза қилди.
– Эсселар танлови мобайнида жамият ривожи йўлида муносиб хизмат қилиб келаётган сиёсий арбоблар билан бўлган мулоқотларни асло унутмайман, – дейди Наманган муҳандислик қурилиш институти 3-босқич талабаси Аҳмаджон Мухторжонов. – Акмал Саидов, Минҳожиддин Мирзо, Жамила Шермуҳамедова сингари давлат ва жамоат арбобларининг берган ўгитлари бизга бир умр дастуриламал бўлиб қолади. Айниқса, ёшлар орасида анча машҳур, таъбир жоиз бўлса, ҳар бир талабанинг мотиваторига айланган нотиқ – Муҳаммадали Эшонқуловнинг учрашувга таклиф этилгани нур устига нур бўлди. Шахсан ўзим шу кишининг маърузасидан катта куч олдим ва ишончим комилки, ушбу энергия олдинда турган синовда менга жуда қўл келади.
Баҳс-мунозара ва савол-жавоблар тарзида кечган учрашув талабалар қалбида Ватанга бўлган муҳаббатни янада кучайтириш билан бир қаторда, ижодий, таҳлилий фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.

Бундан-да юқори марраларни забт этамиз

Муштарий БОЙМАТОВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети «иқтисодиёт» факультети 3-босқич талабаси:

– Аввало сўзим аввалида ушбу эсселар танловини ташкил қилган мутасаддиларга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Тадбир кутганимиздан-да аъло даражада ўтди. Гарчи ўзим ғолиб бўлмаган бўлсам-да унда қатнаш­ганимдан жуда хурсандман.
Ҳақиқатан ҳам, бугун илм оламан, бирор бир касбнинг бошидан тутаман деган одамга ҳамма шароит бор, ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Давлатимиз раҳбари ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Мана шундай танловларда эса ёшлар ўзини намоён этмоқда.
Ўйлайманки, танловда ғолиб бўлганлар бундан-да юқори марраларни забт этишга қодир. Ватан ва миллат дардида кечани кеча, кундузни кундуз демай, ўқиб-изланаётган барча тенгдошларимга улкан зафарлар тилайман.

Ёшларга руҳ бериб…

Миродил АБДУРАҲМОНОВ,
«Миллий тикланиш» газетаси ҳамда «Сиёсат» журнали
бош муҳаррири:

– Ҳеч биримизга сир эмас, бугун дунё таҳлика остида қолди. Ер юзини тобора сиёсий, глобал, иқтисодий, экологик муаммолар қуршаб олмоқда. Шундай паллада ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш ҳар қачонгидан кўра муҳим. Албатта, бу йўлда маънавий-маърифий тадбирларнинг аҳамияти катта. Айниқса, охирги йилларда келажак авлод учун барча имконият эшиклари очилди. Хусусан, мана шундай танловлар ёшларни янада руҳлантириш билан бир қаторда, шахс сифатида ривожланишига ҳам хизмат қилмоқда. Қолаверса, давлат раҳбари олиб бораётган сиёсатни келажак авлод қалбига чуқур сингдиришда шундай танловларнинг ўрни беқиёс.
Ишончим комил, эсселар танловининг республика босқичида қатнашган кўзлари чақнаб турган, илм-маърифатга ташна 42 нафар талаба ҳаётда ўз ўрнини топиб, жамият ривожи учун муносиб хизмат қилади.

Ҳаяжонга тўла лаҳзалар

Иштирокчилар ижодий ишга киришишидан аввал ҳакамлар ҳайъати аъзолари танловнинг қонун-қоидаси борасида батафсил маълумот беришди. Хусусан, Минҳожиддин Мирзо уларга омад тилаш асносида оқ қоғозга чин юракдан, самимий туйғуларни рўй-рост ёзишни сўради.
Ва ниҳоят, жараён бошланди. Ҳар бир талаба эссе ёзишга ўзгача иштиёқ билан киришди. Бу уларнинг юз ифодасидан ҳам сезилиб турарди.
2,5 соатли муддат тугагач, иштирокчилар бирин-кетин дил сўзлари баён этилган дафтарни ҳакамлар ҳайъатига топширди.
– Аслида ушбу танловда қатнашишимнинг ўзи қизиқ бўлди, – дейди Чирчиқ давлат педагогика институти 3-босқич талабаси Малика Имомова. – Биринчи босқичда кечинмаларимни кутганимдек баён этолмадим. Ўзимга нисбатан ишончим суст эди. Аммо вилоят босқичида астойдил ҳаракат қилдим ва шу ергача етиб келдим. Республика босқичи жараёнидаги учрашувлар менга жуда катта руҳ бағишлади, кўнглим тоғдек кўтарилди. Шуларни ўйлаб, эссе ёзишга киришдим. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан бир қаторда, баъзи бир камчиликлар хусусида ҳам сўз юритиб, ўз таклифларим билан ўртоқлашдим.
– Мен ўз эссемда танлов мавзусидан келиб чиқиб, дастлаб Ватан ҳақидаги таърифу тавсифларимни келтириб ўтдим, – ­дейди Урганч давлат университети 4-босқич талабаси Гулноза Сафоева. – Кейин Ўзбекистоннинг шонли тарихи, бугунги тараққиёт даражаси ва ёрқин келажагини узвий боғлаган ҳолда ўз кечинмаларимни баён этдим. Ижодий жараёнда ҳозирги кунда жамият ривожи учун тўсиқ бўлаётган айрим муаммоларни ёзишни ҳам лозим топдим, албатта.
– Ушбу танлов ёшларнинг истеъдодларини яна бир бор юзага чиқарди. Бугунги ёшларимиз анча шижоатли, дадил. Улар ўз ­фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин ифодалаб, камчиликларни рўй-рост айтяпти ва энг муҳими, йўл қўяётган хатоларимизни бартараф этиш йўлида астойдил қайғуриб, салмоқли таклифлар билдиряпти. Янги Ўзбекистонни айнан шундай ёшлар билан бунёд этаётганимиз эса одамни икки ҳисса қувонтиради, – дейди Г.Сафоеванинг илмий раҳбари, доцент Насиба Жуманиёзова.