Жамоат транспортида овқатланиш одобданми?

96

Ўша куни ўзим ўқийдиган университетдан чиқиб, Қибрай туманида яшовчи тоғамникига бораётгандим. Автобус бирмунча тиқилинч, устига-устак, ҳаво анча иссиқ эди. Кўп ўтмай ўртароқдаги ўриндиқда ёнма-ён ўтирган 18-20 ёшлар чамасидаги икки қиз тортди. Уларнинг бир қўлида мобиль телефони, иккинчисида музқаймоқ бор эди. Иккиси ҳам музқаймоқни иштиёқ билан ялаганча, телефонда нималарнидир томоша қилиб кетаётганди. Шундоққина ёнида тик турган катта ёшлиларни эса гўёки кўрмас эдилар.

Бир маҳал автобус бехосдан қаттиқ силкинди. Оқибатда кўпчилик қатори ойна тарафда ўтирган қиз ҳам гавдасини тутолмай, беихтиёр олдинга сурилди. Шу лаҳза унинг қўлидаги эрий бошлаган музқаймоқнинг бир қисми олдинги қаторда ўтирган отахоннинг елкасига сачради, қолгани вафлили идиши билан пастга тушди. Бундан ранжиган қиз афтини буриштирди. Кейин энгашиб, музқаймоқни оёғи остидан олди-да, очиқ дарчадан ташқарига улоқтирди. Яна жойи­­га ўтиргач, телефонини титкилашда бамайлихотир давом этди. Мени ҳайратлантиргани, у кўйлагининг ифлосланган жойини дастрўмолчаси билан артаётиб, жаҳл аралаш ўзига қараб қўйган отахондан лоақал бир оғиз узр сўрамади. Ўзини тутиши ва юз-кўзларидан «Музқаймоқнинг устки қисми аслида нон эди-ку!..» деб ачинмагани ҳам, «Уни кўчага отиб юборганимда бирорта одамга ёки машинага тегиб, ҳаракатланишига халақит бермадимикин?» деган хаёлга бориб, хавотирга тушмагани ҳам сезилиб турарди.
Яширишнинг ҳожати йўқ, бундай нохуш ҳолатларга кўча-кўйларда ва жамоат транспортида тез-тез дуч келамиз. Узоқ масофаларга қатновчи автобус, поезд ва самолётларда йўл-йўлакай овқатланиш мумкинлигини тушунса бўлади. Қолаверса, уларда бунинг учун зарур шароит ҳам яратилган, яъни, йўловчилар овқатини олдига қўйиб, бемалол истеъмол қиладиган стол ёки мослама бор. Одамлар қисқа фурсатда кўзлаган манзилига етадиган, бозор-ўчарга, ишга ёки ўқишга бориб келадиган шаҳар ва туманлар ичида қатновчи транспорт воситаларида-чи?.. Уларда бунга эҳтиёж ҳам, имкон ҳам йўқ. Чунки аксарият мижозлар автоуловлар хизматидан 10-15 дақиқа, нари борса, 40-50 дақиқа фойдаланишади. Демакки, очликка чидасалар ёки ўзлари ёқтирган егуликларни уйи ёки ишхоналарига бориб, жуда бўлмаганда, бирор тамаддихонага кириб ёхуд кўздан холи жойда ўтириб тановул қилсалар, асакалари кетмайди.
Афсуски, баъзи кишилар бу ҳақда жиддийроқ ўйлаб кўришмайди. Транспортда кетаётганида йўл-йўлакай овқатланиб, ўзгалар ҳафсаласини пир қилишади. Буям етмагандай, ўша таом ёки ичимлик идишини салонда қолдириб кетишади ёки ҳеч нарсадан тап тортмай, ташқарига улоқтиришади. Айрим оналар эса хархаша қилаётган боласини юпатиш учун унинг оғзига сўрғич солиб, ёши сал каттароқ бўлса, қўлига музқаймоқ, конфет ёки бирон-бир ширинлик тутқазиб қўйишади.
Ҳолбуки, кўпинча одам тирбанд бўладиган жамоат транспортида турли егуликлар ёки ичкиликлар тановул қилиш миллий одоб-ахлоқимиз тартиб-қоидаларига ҳам, санитария-гигиена талабларига ҳам тўғри келмайди. Буни ҳаммамиз жуда яхши биламиз, бироқ қатъий амал қилмаймиз. Таъбир жоиз бўлса, ўғил-қизларимизнинг эҳтиё­­жи учун зарур пулни берамизу, лекин жамоат жойларида, хусусан, транспорт воситасида ўзларини қандай тутишлари, қаерда ва қандай овқатланишлари жоизлиги ҳақида тайинли маслаҳат бермаймиз. Аксарият ҳайдовчилару паттачилар ҳам йўловчиларга кира ҳақини вақтида тўлашни бот-бот эслатишади-ю, уларни автобус салонида тозаликни сақлашга, санитария­-гигиена қоидаларига риоя қилишга ундашни негадир унутиб қўйишади.
Хўш, сиз нима дейсиз? Автобусда музқаймоқ ёки сомса еб кетаётган кап-катта одамларни кўрганингизда кайфиятингиз бузилмайдими? Бузилса, бу ҳолатга индамай қараб тура оласизми?.. Мен эса жим туролмайман. Уларга жамоат транспортида юришнинг ҳам ўзга хос тартиб-қоидалари борлигини, жумладан, унда ҳамманинг кўз ўнгида овқатланиш одобдан эмаслигини яна бир бор эслатиб қўйгим келади.

Садоқат АБДУВАЙИТОВА,
ЎзЖОКУ талабаси