Муаммога ечим бор, фақат…

82

«Ishonch» газетасининг шу йил 23 апрелдаги сонида чоп этилган «Муаммога ечим борми?» сарлавҳали мақолага Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қуйидагича муносабат билдирди:

Давлат корхона ва ташкилотларида ойлик иш ҳақи ягона тариф сеткасига мувофиқ тайинланади. Хусусий корхона ва ташкилотларда ойлик иш ҳақи корхона ва ташкилотнинг раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.

Агар корхона ва ташкилотлар томонидан белгиланган иш ҳақи Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақидан кам белгиланса, меҳнат ҳуқуқ инспекцияси томонидан тегишли тартибда чора кўрилади.
Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил ­13 ­октябрда «Меҳнат органларида фуқароларни рўйхатга олиш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги 831-сонли низомга асосан маҳаллий меҳнат органига мурожаат қилган фуқароларни ишсиз деб эътироф этиш мақсадида махсус комиссия қарори қабул қилинган. Аммо мазкур низом ҳозирги кунда ўз кучини йўқотганлиги сабабли маҳаллий меҳнат органига мурожаат қилган шахс­ларга ишсизлик нафақаси Ўзбекистон Рес­публикасининг 2020 йил 20 октябрдаги «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги ЎРҚ-642-сонли қонунига мувофиқ тайинланади.
Мазкур қонунга асосан маҳаллий меҳнат органи томонидан иш қидираётган шахсга у рўйхатга олинган кундан эътиборан дастлабки ўн кун ичида мақбул келадиган иш таклиф этилмаган бўлса ёки маҳаллий меҳнат органи мазкур шахс ишга жойлаштириш учун юборилган ташкилотдан рад жавобини олган бўлса, шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор у иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн биринчи кундан кечиктирмай маҳаллий меҳнат органи томонидан қабул қилинади.
Шунингдек, ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор маҳаллий меҳнат органининг буйруғи билан расмийлаштирилади, ушбу буйруқ бир вақтнинг ўзида ишсизлик нафақаси тайинлаш тўғрисидаги буйруқ ҳисобланади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари
вазирининг ахборот сиёсати
масалалари бўйича
маслаҳатчиси М.Мирзаева