“ЖАСОРАТЛИ” ҚУДРАТОЙ

147

 Дунёга келган чақалоқнинг чап қўли елкасидан йўқ эди. Орзиқиб кутилган биринчи фарзанднинг бундай ҳолатда туғилиши ёш ота-онани карахт аҳволга солиб қўйди.  Ота ичдан эзилди, она юм-юм йиғлади.

Чақалоққа исм танланаётганда туғруқхона шифокори Лилия Султонова “Бу қизалоқ ўз исми билан туғилди, қудратли ва ҳар ишга қодир бўлсин” деб, исмини Қудратой қўйишни маслаҳат берди…

Ўша кунларни қаҳрамонимиз Қудратой Тешабоева шундай хотирлайди:

— Ота-онам мени болалар уйига бериб юбормоқчи бўлишган экан. Шунда бобом ва бувим “Бола сенларга керак бўлмаса, бизга керак. 16 нафар боладан икки нафари тирик қолди. Бу ўшаларнинг ўрнини тўлдиради, ҳали катта бўлса, қўли бутун одам қила олмаган ишларни қилади”, дея мени ўзлари билан олиб кетишган экан. Укаларим туғилгунча бувимларникида катта бўлган эканман. Уч нафар укам туғилгач, онамга дастёр керак бўлган. Ана шунда ота-онам мени олиб келишган экан. Етти ёшимда дадам оламдан ўтиб қолдилар. Ўшандан бошлаб онамга янада кўпроқ суянч ва ҳамроҳ бўлдим. Бир қўлим бўлмаса ҳам, ишдан қочмасдим. 7-8 ёшимда онам ишдан келгунича тандирда нон ёпиб, овқат қилиб қўярдим. Онам фермада 30-35 та сигир соғарди. Баъзан онамнинг мазаси бўлмай қолса, фермага бориб, бир қўллаб аппарат улаб, сигирларни соғиб келардим. Мактабдан келганимда бувим қўлимга этак ва ўроқни тутиб, “бор, молларга ўт ўриб кел” дея далага жўнатарди. Бир этак ўтни бошимга қўйиб келардим. Укаларимни бир қўлимда кўтариб ўйнатардим. Бувим ва онам мени ҳеч қачон аямас эди. Ўзим уй тозалардим, супуриб-сидирардим, овқат тайёрлардим, укаларимнинг кийимларини ювардим. Эрта туриб, кўча-ҳовлиларни супуриб, сув сепиб қўярдим. Энди ўйлаб қарасам, улар мени кейинги ҳаётимга тайёрлашган экан. Бировга қарам бўлмасин, бировнинг ёрдамига муҳтож бўлмасин, дейишганда.

Мактабга боришни яхши кўрардим. Болалар “Нега битта қўлинг йўқ, қани? Нега қўлингни енгингни ичига тиқволгансан, чиқар, нега бунақа туғилгансан?” дея ҳақорат қилиб, масхараласа ҳам, мактабга бораверардим. Римма Охунова деган рус тили ўқитувчимиз бўларди. У киши мени Катя деб чақирарди. Доим “Катя, ўқи, сен ўқишинг керак” деб беминнат қўшимча дарс ўтарди. Математика фани ўқитувчимизни ҳам “менга кўпроқ ўргатинг” дея безор қилиб ташлардим. Тарих, она тили ва адабиёти дарсларини ҳам яхши  ўрганардим. Ўқитувчиларимни ҳанузгача миннатдор бўлиб эслайман. Уларнинг насиҳати ва ёрдами билан мактабда яхши ўқидим.

Қудратой Тешабоева 9-синфни тамомлагач, Фарғона шаҳридаги имконияти чекланганлар учун ташкил этилган ҳунар-техника билиб юртига ўқишга боради. У ерда бухгалтерлик йўналишида таҳсил ола бошлайди.

—   Менга ётоқхонадан жой етмай қолган. Шунинг учун техникумга яқин жойдаги ҳовлида ижарада турганман. Бу Худонинг менга инояти бўлганини йиллар ўтгач англадим, — деб ўша кунларни хотирлайди Қудратой опа. – Уй эгаси тикувчи эди. Буюртмалари жуда кўп бўларди. Мен уй вазифаларини қилиб бўлгач, у кишининг ёнида қилаётган ишини кузатиб ўтирардим. Бир куни опа менга “Қудратой, тикувчиликни ўргатайми” деб қолди. “Ҳа” дедим…

Ўша аёл менга аввал бичишни, сўнгра тикишни қунт билан ўргатди. Оёқ тепкили тикув машинаси бор эди, оёқларим ёрдамида оддий матони кўйлакка айлантирардим. Талабаликда ҳамма уйидан пул олиб кетса, мен кўйлак тикиб топган пулимни уйга олиб борардим. Аям негадир шубҳаланди: “Сен қиз шаҳарда нима қилиб юрибсан, нега бунча пул олиб келяпсан, нима иш қиляпсан, ишқилиб, ўқишни ташлаб юбормадингми?” деб бир куни ўзи Фарғонага келди. Устозим билан кўришди. Ундан менинг яхши тикувчи бўлганимни эшитиб, юм-юм йиғлади. Устозимга қайта-қайта раҳмат айтиб, кўнгли тўқ бўлиб, уйга қайтди.

Шу тариқа тикувчиликни ўрганиб олган Қудратой Тешабоева билим юртини тамомлагач, Фарғона педагогика институти (ҳозирги ФарДУ)нинг тарих факультетига ўқишга киради.

— Тарих фанини яхши кўрардим. Шунинг учун шу факультетга ўқишга киргандим, — дея талабалик йилларини хотирлайди қаҳрамонимиз. – Иккинчи курсга ўтганимда, тоғам раҳматли “ҳар бир қизнинг бошида турмушга чиқиш савдоси бор, сени турмушга бермасак бўлмайди” деб мени узатворишган. Турмушга чиққанимдан сўнг шароит тўғри келмай, ўқишни ташлашга мажбур бўлдим. Жуда кўп китоб ўқийман, улардан маънавий озуқа оламан.

Тўрт мучаси соғ йигитга турмушга чиққан Қудратой опа йиллар давомида беш нафар ўғилни дунёга келтирди. Ўтган йиллар бу аёл учун осон кечмаганини, беш ўғилни катта қилиш, уларни тарбиялаш, вақтида тоза-озода кийинтириш, таомлантириш, устига-устак колхозда бухгалтерлик қилиш, кечга томон бир қўлида хамир ёйиб, хоним, манти тайёрлаб, фабрика ишчиларига сотишнинг қанчалик машаққатли юмуш бўлганини ҳеч бўлмаганда бир нафар фарзанд катта қилган одам тушунади.

— Ўғилларим эндигина катта бўлиб, эсини таний бошлаганида турмуш ўртоғим мени ташлаб кетди, — дейди Қудратой опа. – Майли, уни ҳам айбламайман. Унинг ҳам кўнгли ўзи каби соғлом аёл истагандир.

Ўтган йиллар давомида ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликка ўрганган, ҳамма нарсага меҳнат қилиб эришиш керак деган гапни ўзига шиор қилиб олган Қудратой опа Иззатбек, Шаҳзодбек, Шоҳруҳбек, Илёсбек ва Шарофиддин исмли бир-биридан паҳлавон ўғилларни тарбиялади.

—  Кечалари манти, хоним пишириб сотардим, кундузлари чок машинада бир тадбиркор аёлнинг маҳсулоти – болалар кийимларини тикиб берардим. Сигир соғиб, молларга қараб, томорқада ишлашга ҳам улгурардим, — деб эслайди Қудратой опа. Ҳар доим осон бўлмаган.

Беш ўғил ва икки келин билан “дом”даги икки хонали хонадонда қийналиб яшаётган Қудратой опанинг орзуларидан бири — ер олиб, уй-жой тиклаш эди. Риштон шаҳрида ер қимматлиги учун катта келинининг юртидан, яъни Бағдод туманидаги Дўрмонча қишлоғидан 11 сотих ерни қудалари ёрдамида сотиб олади…

Ҳовлига кирсангиз, иссиқхонада қалампир, помидор, булғор қалампири, бодрингга кўзингиз тушади. Анжир, бир неча хил олма, шафтоли, олча меваларини кўриб, бу оиланинг нақадар меҳнаткаш ва ерни эъзозловчи, ардоқловчи кишилар эканига амин бўласиз.

Хушчақчақ, ҳаёт синовлари қаддини бука олмаган қаҳрамонимиз эрта туриб, сигир соғишини, сутни қайнатиб, қатиқ ивитиши-ю, ўзи сабзи тўғраб, палов тайёрлашини эшитиб, очиғи, биз ҳам лол қолдик. Шунча иши камдек, яна сопол буюмларга нақш чизишни ҳам ўрганиб олган эканлар.

Ҳозир у келинлари, 50 дан ортиқ шогирдлари билан бирга сопол буюмларга гул чизиш билан шуғулланмоқда.

— Биласиз, риштонликларнинг кўпчилиги кулол.  Бу ҳунар ота-бобомиздан бизга мерос. Бир дона буюмга гул чизсангиз, уч сўм бериладиган замонлардан буён мана шу ишни қиламан. Менга иш берувчилар атайлаб энг қийин нақшларни чиздиришарди. Сабаби, ўз ишимни сидқидилдан, пухта қилардим. Мен “мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида иш қилишни ёқтирмайман. Нақш чизишим иш берувчиларга ёқиб қолгани учун аввал икки-уч нафар шогирд тайёрлашимни айтишди, кейин уларнинг сафи кўпая борди. Ҳозирги кунда мен касаначилик билан шуғулланяпман. Яъни, сопол буюмни кулоллар олиб келиб беради, уйда шогирдларим билан уларга гул соламиз,   — дейди Қудратой опа.

Бировларга ўхшаб, ёрдам сўраб турли идоралар эшигига ётиб олмаган Қудратой Тешабоева 2021 йил “Жасорат” медали билан тақдирланди. Унинг жасорати, қилаётган меҳнатлари муносиб эътироф этилди.

Ҳаёт давом этмоқда. Қудратой Тешабоева каби инсонлар ҳам сизу бизнинг орамизда яшаб юрибди. Қудратой опанинг жасорати барчага ўрнак бўлиши керак, назаримда.

Шарифа МАДРАҲИМОВА,

журналист