Ўзбекистоннинг 70 фоизи ёки 31,4 млн. гектар ери қурғоқчил майдонлардан иборат бўлиб, улар асосан табиий шўрланган, кўчма бархан қумликлардан иборат ҳудудларни ташкил этади.
Орол денгизи сув сатҳининг қуриши туфайли Ўзбекистонда яна қўшимча 3 млн. гектардан ортиқ майдонда Оролқум пайдо бўлди. Натижада, ушбу регионда экологик муҳит ёмонлашиб, чўлланиш жараёнлари янада кучайди ва кўплаб ижтимоий муаммоларни юзага келтирди. Биргина Оролбўйи минтақасида жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида 2000-2018 йиллар давомида 8 млн. гектардан ортиқ ер майдонлари турли даражада шўрланди ва 1 млн. га ер майдонларида эрозия ҳолатлари кузатилди. Бу эса ушбу регионнинг 96 фоиз ҳудудини ташкил этади. Чўлланиш таъсирида ҳудудларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги қарийиб 40-45 фоизгача камайиб кетди.
Бу каби экологик муаммолар нафақат давлатнинг режалар ишлаб чиқиш масъулиятини оширади, балки чўлларни ривожлантириш, экологик вазиятни барқарорлаштириш учун халқаро тажрибаларни амалиётда қўллаш ҳам зарурдир. Қолаверса, халқаро ва минтақавий лойиҳаларда иштирок этиб, бу борадаги ишларнинг кўламини янада кенгайтириш вазифаларини ҳам қўяди. Бугун ҳар бир инсонинг иқлим ўзгаришлари бўйича хабардорлиги ошиши, табиий бойликлар, сув, газ ва электр энергияси билан бир қаторда ҳаво, тупроқ, табиат ва яшил оламни бойитишга ҳисса қўшиши ҳам муҳим. Чунки йил сайин қурғоқчиллик кучайиб борётгани оқибатида кўрилмаётган чоралар ёки уларнинг кутилганидек олиб борилмаслиги, келгусида инсоният олдида янада қатор муаммоларни келтириб чиқаради.
2021 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси биносида CADI минтақавий котибияти офисининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтганди. Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилган CADI лойиҳаси 2017 йилдан буён Грайфсвальд университети, Михаэл Зукков жамғармаси ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳада чўлларни асраш, саксовул плантацияларини кенгайтириш ва трансчегаравий қўриқланадиган ҳудудлар яратиш, энг муҳими, мўътадил чўлларнинг оғир шароитида деҳқончилик билан шуғулланаётган аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилади.
Яқинда пойтахтимизда «Марказий Осиё чўллари бўйича ташаббус» – CADI лойиҳаси Минтақавий котибиятининг фаолиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Семинар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси томонидан Грайфсвальд университети (Германия) ва Михаэл Зукков жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, БМТ агентликлари, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги CADI лойиҳаси Миллий котибиятлари аъзолари иштирок этди.
–Лойиҳанинг вазифаси био хилма-хилликни сақлаш ва мўътадил чўл экотизимларидан барқарор фойдаланишни қўллаб-қувватлашдир. Ҳозирда таркибимизда учта Марказий Осиё аъзо давлатлари мавжуд, аммо минтақавий Котибият эшиклари глобал аҳамиятга эга ноёб экотизимларни сақлаш ташаббусини қўллаб-қувватлашни истаган бошқа мамлакатлар учун ҳам очиқ”, – дейди CADI минтақавий котибияти координатори Темурбек Реимов.
Тадбирда айтилишича, юртимизда лойиҳа доирасида ва белгиланган «Йўл харитаси» доирасида миллий чўлланиш ва қурғоқчиликнинг олдини олиш бўйича Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019–2022 йилларда қарийиб 1,7 млн. гектар майдонда ўрмон барпо этиш ва қайта тиклаш тадбирлари амалга оширилди.
Бундан ташқари, Бухоро вилоятида Қизилқум чўлларига туташ ҳудудларидаги суғориладиган водий ерларни ҳамда инфраструктураларни қум босишидан сақлаш мақсадида 200 минг гектардан ортиқ майдонда Бухоро яшил қалқонини яратиш Навоиий вилоятида 150 минг гектардан ортиқ чўл яйловларини ҳолатини яхшилаш мақсадида саксовузорлар барпо этиш бўйича ишлар бошланган.
Навоий вилоятининг Нурота тоғ олди ерларидаги очиқ бўш майдонларда 10 минг гектар майдонда писта плантациялари ташкил этиш белгиланган бўлиб, бугунгача 2,5 минг гектардан ортиқ майдонда ташкил этилди ва яқин 4-5 йил ичида тўлиқ бажарилиши таъминланади.
Шунингдек, Ўрмон фонди ерларидан ташқари қишлоқ хўжалигининг суғориладиган ерларини мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалиги объектларини қум босишдан ҳимоя қилиш мақсадида иҳота дарахтзорлари барпо қилиш ишлари давлат Дастурига киритилди. Ушбу дастурга асосан 2018 йилда 500 гектар ва 2019 йил баҳорида 2495 гектар ва 2020 йилда 2500 гектар, 2021 йилда 2500 гектар ва 2022 йилда 1200 гектарга яқин майдонларда иҳота дарахтзорлари барпо этилди.
Келгусида чўлланишга ва қурғоқчиликка қарши кураш ишларини янада самаралироқ ташкил этиш мақсадида “Чўлланиш ва ерларни таназуллига (деградациясига) қарши актуал масалаларни муҳокама қилиш бўйича Халқаро платформа ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
–Ҳозирги ер юзида глобал миқёсда иқлим ўзгариши, чўлланиш жараёнлари кучайиб бораётган бир пайтда, айниқса бизнинг кам ўрмонли минтақамизда, асосан қумли чўл ҳудудларида ўрмонзорлар майдонларини кенгайтириш жуда муҳим масала, –дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ахборот хазмати раҳбари Отабек Ашуров. – Бунинг учун қуйидаги асосий жиҳатларга эътибор қаратиш зарур:
Биринчи навбатда, ўрмон барпо этиш тадбирларини амалга оширишдан олдин ўрмон барпо этиладиган ҳудудни тупроқ-иқлим шароити, шўрланиш даражаси, экиладиган кўчат турини ва экиш технологияларини аниқлаб олиш керак. Иккинчидан, 30 фоиз ўт ўсимликлар қоплами бўлган қумликларда ҳамда кўчма бархан қумликларда қамишдан ва бошқа қуриган шох-шаббалардан механик ҳимоя тўсиқлари қурилгандан кейин кичик авиацияда уруғларни сепиш, агар экиладиган ҳудуд тупроқли ва тупроқ бети тез қатқалоқ бўлишга мойил бўладиган тупроқлар бўлса саксовул ва бошқа чўл ўсимликларини 1-ёшли ниҳолидан экиш мақсадга мувофиқ, чунки бундай тупроқларда сепилган уруғ ер бети қатқалоқ бўлганлигидан ёриб униб чиқолмайди.
Учинчидан, кучли шўрланган ерларда шўрга чидамли бўлган қорабуроқ уруғи ва юлғунни ниҳолларини экиш тавсия этилади, ҳамда шўрга чидамли янги дарахт ва буталарни четдан келтириб бизнинг шароитда ўсишини ўрганиш бўйича тажрибалар ва илмий изланишлар олиб бориш тавсия этилади.
Тўртинчидан, саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари уруғлари ва кўчатларини экишнинг энг қулай муддати ноябрь ойи ўртасидан 10-15 мартгача қум-тупроқ қатламида етарли намлик тўпланган ва ҳаво ҳарорати илиқ бўлган муддатлар ҳисобланади ва ана шу даврда экилган уруғ ва кўчатларнинг ўсиб ривожланишига қулай шароит яратилади ва юқори кўкарувчанликка эришилади, фақат ер музлаган даврлар бундан мустасно бўлиб, бу даврда уруғ ва кўчатлар экиш тўхтатилади.
Бешинчидан, ўрмон хўжалиги ва чорвадор фермер хўжаликлари мутахассис ва назоратчилари кўкарган ёш ниҳолчаларни чорва моллари томонидан пайҳон қилишдан, қум чўл сичқонларидан ва чигиртка каби зарарли ҳашоратлардан камида 3-4 йил давомида асраб сақлашнинг барча чораларини кўриб боришлари керак.
Олтинчидан, ўрмонзорлар майдонларини кенгайтириш, янги ўрмонзорлар барпо этиш тадбирларини амалга оширишга махаллий ҳамда мақсадли бюджет маблағларини, шунингдек, экология ва атроф муҳитни мухофаза қилишга доир жамғарма маблағларини ва тегишли вазирликлар жамғарма маблағларини ажратишини ҳамда хорижий молия институтлари ва донор ташкилотларининг маблағларини жалб қилишни кўпайтириш мақсадга мувофиқдир.
Зебо НАМОЗОВА,
“Ishonch.uz”
