Тафовутга ўрин йўқ

75

Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнида қонунчилик техникасига қатъий риоя қилиш керак. Қўлланиладиган иборалар, атамалар қабул қилинган қонунлар тилига мос келиши шарт ва айни пайт­­да, Асосий қонуннинг давлат тилидаги матни билан бошқа тиллардаги матни ўртасида тафовут бўлмаслиги лозим.

Шу нуқтаи назардан, Конс­титуциянинг 54-моддаси ўзбекча матнини таҳрир қилиш талаб этилади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида мулк (164-модда) ва мол-мулк (83-модда) фарқланади. Мулк – моддий бойликларни ўзлаштириш борасидаги ижтимоий муносабат бўлса, мол-мулк моддий неъматлар, ашёлар ҳисобланади.
Конституциянинг 54-моддаси русча матни ҳар иккала тушунчаларни фарқлайди ва норма мазмунида аниқ белгилайди. Бироқ ўзбекча матнда ушбу тушунчалар фарқланмайди. Мулк­дор ҳар доим ўз ваколатларини муайян мол-мулкка нисбатан амалга оширади.
Шу сабабли ҳам Конституциянинг 54-моддаси қуйидаги таҳрирда берилиши мақсадга мувофиқ: «Мулкдор мол-мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт».

Омонбой ОҚЮЛОВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган юрист,
юридик фанлар доктори, профессор