30 йил аввал – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган пайт халқаро ҳуқуқ соҳасида тажрибамиз етарли бўлмаган. Шу боис бош қомусимизнинг айрим моддаларидаги сўз ва тушунчалар умумэътироф этилган нормаларни аниқ ифодаламайди. Хусусан, Конституциямизнинг 17- моддасида қайд этилган норма рус тилидан нотўғри таржима қилинган, деб ҳисоблайман.
Гап шундаки, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгашининг 1975 йил 1 август кунида имзоланган Якунловчи актида илк бора тилга олинган «чегаралар бузилмаслиги» халқаро ҳуқуқий тамойили учта асосий унсурни қамраб олади. Биринчи унсур – «Европа чегараларининг ўзгармаслиги» бўлиб, иккинчи жаҳон урушидан кейин ўрнатилган чегараларнинг сақланишини англатади. Чегарадош давлатлар томонидан ўзаро чегаранинг янги жойлашуви юзасидан халқаро-ҳуқуқий келишувга келиш ҳолатлари бундан мустасно.
Иккинчи унсур – «чегаралар барқарорлиги» бўлиб, давлатларнинг ҳозирги кунда ва келажакда ушбу чегараларга дахл қилмаслик мажбуриятини кўзда тутади. Учинчи унсур – «чегаралар дахлсизлиги» бўлиб, давлатларнинг ушбу чегараларга дахл қилишдан қочишини, шунингдек, бошқа иштирокчи-давлат ҳудудини қисман ёки тўлиқ босиб олиш ва узурпация қилишга, чегараларнинг ўтиш чизиғини ўзбошимча ўзгартириш ёки ўрнатилган режим ва амалдаги қоидаларга зид равишда чегарадан ўтишга қаратилган талаблар билан чиқишдан ёки хатти-ҳаракатлардан ўзини тийишни назарда тутади.
Юқоридагилардан келиб чиқадики, «чегаралар дахлсизлиги» замонавий халқаро ҳуқуқнинг асосий шартларидан бўлган «чегаралар бузилмаслиги» тамойилининг асосий унсурларидан биридир. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўзбекча матнида ушбу ўзаро фарқ қилувчи икки тушунча битта «чегараларнинг дахлсизлиги» умумий атамаси билан келтирилган. Хусусан, рус тилидаги Конституциянинг 3-моддаси 2-қисмида: «Государственная граница и территория Узбекистана неприкосновенны и неделимы» дейилган. Давлат тилидаги матнда эса ушбу жумла қуйидагича тузилган: «Ўзбекистоннинг давлат чегараси ва ҳудуди дахлсиз ва бўлинмасдир». Рус тилидаги Конституциянинг 17-моддаси 1-қисмидаги «нерушимость границ» тамойили ҳам давлат тилидаги матнда «чегараларнинг дахлсизлиги» тарзида берилади.
Афсуски, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот марказига тегишли бўлган Ўзбекистон Республикаси Миллий қонунчилик базаси – «Lex.uz» сайтида юқорида қайд этилган ЕХҲК томонидан имзоланган Якунловчи актнинг давлат тилидаги таржимаси мавжуд эмас. Зеро, айнан мазкур ҳужжатда «чегаралар бузилмаслиги» тамойили илк бора тилга олинган.
Шу билан бирга, «Ўзбекистон юридик энциклопедияси» луғатининг 517-бетида «чегаралар бузилмаслиги» тамойили «чегаралар дахлсизлиги» шаклида тилга олинган бўлиб, бу ушбу тамойилнинг моҳиятига мувофиқ келмайди ва луғат фойдаланувчиларида ушбу халқаро ҳуқуқий тоифага нисбатан иккиланиш туғдиради.
Назаримда, рус тилидаги «нерушимость границ» тамойили давлат тилидаги «чегараларнинг бузилмаслиги» сўз бирикмасига мувофиқ келади. Бундай таржимада «чегаралар дахлсизлиги» атамаси «неприкосновенность границ» тушунчасининг моҳиятини ифода этиб, «чегараларнинг бузилмаслиги», яъни «нерушимость границ» тамойилининг бир унсурига мувофиқ.
«Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг давлат чегарасини ўрнатиш ва белгилаш тамойиллари келтирилган 4-моддаси 1-қисми 1-кичик бандида ушбу тамойиллар айнан қуйидагича баён этилган: «… давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, давлат чегаралари дахлсизлиги ва бузилмаслигини ўзаро ҳурматлаш» («… взаимного уважения суверенитета, территориальной целостности государств, неприкосновенности и нерушимости государственных границ»).
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Конституциявий Комиссия аъзоларига Конституцияни такомиллаштиришда ушбу фикрларни инобатга олишлари мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Пўлат МАККАМБОЕВ,
Жаҳон иқтисодиёт ва
дипломатия университети
мустақил тадқиқотчиси, юридик фанлар номзоди
