Тубсиз жарлик

55

26 июнь–Бутунжаҳон гиёҳвандликка қарши кураш куни

 Нуқтаи назар

    Мен бир аёлни биламан…Деярли ҳар куни кўча четида мук тушганича ўзи билан ўзи суҳбатлашиб ўтиради. Ўтган-қайтган йўловчиларни кўрди дегунича эски ва қийшайиб қолган хассасини ҳаволатиб, ғазаб отига минади:  “…боламни заҳар еди, заққум ўлдирди!…” Кейин кўксига уриб, ўксиб-ўксиб йиғлашни бошлайди… Эшитишимча, бу аёл катта бир ташкилотнинг раҳбари бўлган инсоннинг турмуш ўртоғи экан. Вақтида ниҳоятда бадавлат ва  маҳалладаги энг ўзига тўқ оиланинг бекаси бўлган. Икки нафар ўғли кетма-кет гиёҳвандликка рўжу қўйиб, оламдан ўтди.

Улардан бири 25 ёш, оилали, гиёҳвандликка рўжу қўйганлиги сабабли турмуш ўртоғи 2 нафар вояга етмаган ақлий нуқсони бор болалари билан кетиб қолган, оиласи парокандаликка юз тутган, иккинчиси эса  эндигина 21 ёшга тўлган эди. Аёлнинг турмуш ўртоғи эса фарзандларининг қилмишлари туфайли ишдан кетиб, афсус-надомат чекиб вафот этди. Руҳий хасталикка чалинган аёл эса ёлғиз яшайди…

2022 йил бошида 5 минг нафар ўзбекистонлик гиёҳвандликка қарам кишилар сифатида ҳисобга олинган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Бош наркологи Зарифжон Ашуровнинг сўзларига кўра, уларнинг 91 фоизи 20-40 ёшларда. Шунингдек, гиёҳвандлик ҳисобида турган шахсларнинг 1,8 фоизида ОИВ инфекцияси аниқланган. Гиёҳвандлик иллатининг қурбони бўлаётганларнинг аксарият қисми ўзига тўқ оилаларнинг фарзандлари эканлиги беихтиёр кишини ўйга толдиради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг наркотик  моддалар ва жиноятчилик бўйича идораси (НЖИ) маълумотларига кўра, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш бўйича Афғонистон ҳамон етакчи ҳисобланади. Айни дамда Афғонистонда ўстирилган кўкноридан олинган героин Европа бозорининг 95 фоизини эгаллаган. Шунга қарамай, АҚШ гиёҳванд моддаларга қарши кураш агентлиги таъкидлашича, АҚШ га кириб келувчи героиннинг 1 фоизигина Афғонистондан, аксарият қисми эса Мексикадан келади. 2017 ва 2020 йиллар оралиғида наркотикларнинг 90 фоизи автомобил йўллари орқали ташилган. Сўнгги йилларда Ҳинд океани ва Европа ўртасида денгиз йўли орқали ўтаётган наркотикларнинг қўлга олиниши кўпайган.

Наркомания ва наркобизнесга қарши кураш Халқаро Ассоциациясининг маълумотларига қараганда, бугунги кунда гиёҳванд эркакларнинг ўртача ёши 31, аёлларники эса 28 ёшни ташкил этади. Уларнинг 77 фоизи 39 ёшдан катта бўлмаган шахслар бўлиб, ярмидан кўпроғи 15-19 ёшли ўсмирлардир. Агар аҳвол ўзгармаса, дунё миқёсида уларнинг умумий сони яқин орада икки баробар ошиш хавфи бор. Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, гиёҳвандлик, энг аввало, инсоннинг асаб тизимига таъсир кўрсатади. Секин- аста руҳий ва жисмоний мувозанати ҳам бузилади. Моддалар алмашинуви жараёни бузилгач, охир-оқибат бутун организм заҳарланади ва шу модда истеъмолисиз яшай олмаслик рефлекси юзага келади.

Ҳар йили сана муносабати билан оммавий ахборот воситалари орқали гиёҳвандлик иллати ва унинг оқибатлари ҳам бонг урилади. Аммо, таассуфки, бу борадаги   рақам кўрсаткичлари кескин пасайиши кузатилмаяпти. Ҳозирда дунё бўйича гиёҳвандлик исканжасига тушиб қолганларнинг аксарияти ёш йигит-қизлар бўлиб, уларнинг сони 200 миллиондан зиёддир. БМТ экспертларининг таҳлилларида акс этишича, жаҳонда ҳар йили тахминан 100 минг наркоман вафот этмоқда. Наркобизнес савдосидан тушаётган даромад эса йилига 400 миллиард доллар атрофида.

Дунё миқёсида  гиёҳвандликка қарши ҳар томонлама кураш олиб борилаётганига қарамай, мазкур иллат хусусида деярли ҳар куни замондошларимиз тақдири билан боғлиқ қандайдир маълумотларга дуч келамиз. Демак, ўсмир ёшидаги фарзандлари бор оилада   гиёҳвандлик ва унинг салбий оқибатлари хусусида уларга етарли тушунчалар бериб боришимиз, ёшларнинг бўш вақтларини назоратсиз қолдирмаслик, китоб ва илмга, ҳунарга жалб этиш, ортиқча сарф-харажатга ўргатмаслик, тенгқурлари билан муносабатларида назорат ўрнатилиши ўта муҳимдир.

Оилалар тинчлиги, бутунлиги, фарзандларимиз келажагига раҳна солаётган, жиддий хавфга айланиб бораётган гиёҳвандлик иллати тубсиз жарликдир. Оғунинг қулига айланиб қолаётган ён–атрофимиздаги замондошларимизни бу йўлдан қайтариш, бу йўлда мунтазам равишда кўмак кўрсатиш эса чин инсонийлик намунаси эканлигини бир зум бўлсин унутмайлик.

Шаҳло Абдураҳмонова,

                                                                                                            “ISHONCH