«Мақола чиқариш учун тўлов қилиш керакми?»,
«Илмий мақола ёзиб бера оласизми?»,
«Хорижий журналларга материал чиқариш қандай?»
Мақола чиқаришга оид саволлар бугун кўпчиликнинг қулоғига чалиняпти. Таҳририятга келган талаба йигит илмий иш билан шуғулланаётгани, номдор стипендияга илиниш учун мақола чиқариши лозимлигини айтди. Шунингдек, хорижий нашрга мақола чиқариш истагида «ишончли таниш» қидираётганини ҳам билдирди. Ёш тадқиқотчини қайсидир маънода тушунса бўлар, аммо…
Газета-журналларда кишиларни қийнаётган муаммоларнинг ечими ва таҳлили, тадқиқот ва изланишларнинг натижаси эълон қилиниши мумкин. Бироқ илмий соҳада шундай талаблар борки, улар мақсадли бўлишига қарамай носоғлом муҳитни шакллантиради. Бундай талаблардан бири илмий даража олиш учун Олий аттестация комиссияси рўйхатидан ўтган нашрларда мақола чиқариш. Бу PhD ва DSc тизими учун алоҳида низомларда белгиланган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги «Илмий ва инновацион фаолиятни бошқариш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида университет маъмурияти томонидан ўқитувчининг бир йиллик меҳнат шартномасида халқаро илмий журналда мақола чиқариш вазифаси белгиланади. Тадқиқотчи ўз ишини ҳар жиҳатдан асослаб, оммага эълон қилса ва бошқалар ҳам бу ихтиродан фойдаланса яхши, албатта. Халқаро миқёсда тан олинган журналларда мақола чиқариш учун тадқиқотчи йиллар мобайнида изланиши, янгиликнинг моҳиятини ўрганиши ва хулоса бериши керак бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги «Олий таълимдан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида таянч докторантурага диссертацион тадқиқот асосини ташкил қилиши мумкин бўлган илмий натижалар, шу жумладан, илмий журналларда чоп этилган камида битта мақола ҳамда тегишли йўналишлар бўйича иккитадан кам бўлмаган илмий ишлар тўпламларига киритилган маъруза тезисларига эга бўлганлар ҳужжати қабул қилинади. Шунингдек, ушбу қарорда фан номзоди ёки фалсафа доктори илмий даражаси ёхуд уларга тенглаштирилган бошқа илмий даражалар олгандан сўнг муҳим илмий ютуқларга эришиш, шу жумладан, фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқоти асосини ташкил қилиши мумкин бўлган камида учта илмий мақолага ҳамда илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва тегишли илмий йўналишлар бўйича илмий ишлар тўпламларида камида иккита тезисга эга бўлиш қайд этилган. Ушбу талаблар тўғридир. Аммо уни бажариш йўллари нотўғри шаклга кириб бўлган. Буни қуйидаги мисолларда кўриш мумкин.
Электрон журнал тайёр!
Webof Science va Scopus маълумотлар базалари томонидан индексация қилинган хорижий журналларда, айниқса, «йиртқич» атамасини олган сохта нашрларда ўзбек муаллифларининг илмий мақолалари (80 фоиз) сони ортиб бормоқда. Кейинги йилларда «Scopus» журналларида маҳаллий олимларнинг мингдан зиёд мақолалари чоп этилган бўлса, «Арес», «Science and Innovation», «Научная статья», «American» каби журналларнинг номлари ва ундаги ўзбек олимларининг мақолалари рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. https://t.me/xalqaro_ilmiy_nashrlar, https://t.me/maqola_chiqarish1, https://t.me/Ilmiy_maqola_N1, https://t.me/ilmiy_tadqiqot_maqola, https://t.me/maqola_ilmiy каби телеграм гуруҳлар айтилган тўловни амалга оширсангиз, илмий мақола ва сертификатни қисқа вақт ичида тайёр қилишади. Бу каби эълонларни ижтимоий тармоқларда кўплаб учратасиз. Ушбу каналлардаги шоввоз ижодкорлар халқаро журналга мақолани уч кунда тайёрлаб, электрон нусхани ҳам тақдим этишлари мумкин. Бу хизматларнинг деярли барчаси «электрон» шаклда онлайн узатилади. Илмий иш билан шуғулланаётган ёшлар буни тўғри қабул қилишади, чунки битта журнал учун ҳеч ким хорижга бориб келмайди-ку! Шундай экан, бу мақолаларнинг сарлавҳаси журнал муқовасида берилгани, ҳатто, имло хатолари борлигини кўриб, халқаро нашрда мақоласи чоп эттириш ҳаводан пул ясаш ва фирибгарлик эмасми, деган хаёлга борасан киши.
Аввало, олим учун ишончли журналларни ажрата олиш муҳимдир. Масалан, SpringerLink (SpringerNature), Wiley (JohnWiley&Sons, Inc.) va ClinicalKey (Elseviyer) каби дунёдаги энг йирик илмий нашриётларнинг электрон платформаларидан бепул фойдаланиш мумкин. Ушбу платформалар бутун дунёдаги энг яхши олимлар мақолаларини ўз ичига олади. Мазкур платформалар биология, тиббиёт, физика, табиий, ижтимоий ва гуманитар фанлар бўйича энг нуфузли манбалардан ҳисобланади. Бу манбалар илмий изланишдаги ёш тадқиқотчига мақола ёзиш учун кўмакчи бўла олади.
– Шимолий Аризона университетида «Амалий тилшунослик» йўналиши бўйича доктор (PhD)лик ишини ёқлаганман ва ҳозирда талабаларга инглиз тилини ўқитиш бўйича дарс бераман, – дейди Чикагодаги шимоли-шарқий Illinois университетининг MA TESL (инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш) факультети доценти Улуғбек Нурмуҳаммедов. – Илмий тадқиқот олиб бораётган магистратура, докторантурадаги тадқиқотчилар учун мақола чиқариш мажбуриятини бу ерда учратмадим. Агар мақола чиқармасангиз, илмий унвон ололмайсиз, деган талаб ҳам йўқ. Бирор янгиликка қўл урган тадқиқотчи ўз иши устида олимлар билан халқаро доирада муҳокама ўтказиш мақсадида илмий мақола чоп этади. Бу ерда таълим олиш, илмий иш қилиш учун таниш-билишчилик кетмайди. АҚШда талабалар «Scopus»да қайд қилинган журналларда мақола чиқариши шарт деган талаб йўқ. Тадқиқотчи ўз ишининг янгилигини эълон қилиш учун мақола чиқариши унга фойдали бўлиши мумкин. Аммо ҳақиқий илмий мақола ёзиш учун камида бир неча ой изланиш керак. Шахсан ўзим амалий тилшунослик соҳасида Канада ва Америкада бўлаётган илмий ишларни ўқиб бораман – булар бошқа ҳамкасблар ҳам хабардор бўлиши учун ёзилади.
Номи чет элники, холос
– Тадқиқотчи ўз ишини якунлаш учун «Scopus»га муаллиф қидирилмоқда» деган эълонларга мурожаат қилишга мажбур бўлиб қолмоқда, – дейди ёш тадқиқотчи Нилуфар Тошeва. – Мақолаларнинг сони кўп, аммо сифати йўқ. Бир йилда 20 тадан 50 тагача мақола чиқарган ёшларни кўрдим ва ҳайрон қолдим. Чунки битта мақола учун ўзим неча кунлаб кутубхонада ўтириб, изланаман. Хорижий журналларда мақола эълон қилиш деярли муаммо эмас, таржима қилиб жўнатасиз, кейин кутасиз. Негадир юртимиздаги Олий аттестация комиссияси рўйхатидан ўтган журналларда мақола чиқариш муаммо, таниш-билишчилик дегандай…
– Франция таълим тизимида ҳам докторант мақола чиқаришга мажбур эмас, – дейди Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети таянч докторанти Соҳиба Муллаeва. – Агар учта «Scopus» журналига кирувчи мақола чоп этса, автоматик тарзда ҳимоя қилган бўлади ва илмий даража олади. Шунинг учун уларга, истасанг, мақола ёз, истасанг, диссертация қил, деган шартлар қўйилади. Бизда эса бошқача… Докторантларга ҳар уч ойда мақола чиқариш мажбурий қилиб қўйилган олийгоҳлар бор. Шунинг учун хорижий «сохта» журналларга ўзбекистонлик олимлар пул сарфлаб ётибди.
Тадқиқотчилар эътибор бериши керакки, хориж журналларида импакт фактори юқори нашрларнинг сохта нусхалари кўпайиб кетган. «Microsoft» дастуридан хабари бор киши электрон журнал ташкил қилиб қўйган. Ҳайъат аъзоларига қарасангиз, икки юз киши. Бу жараён, айниқса, Ҳиндистонда ривожланган. Бу журналларнинг номи чет элники, холос. Мана шу журналлардаги чиқишларнинг 80 фоизини ёш ўзбек олимларининг мақолалари ташкил этяпти. Аслида, шундай статистика тўғри бўлиши мумкинми? Бу рақамлар ўзбек илм-фани нуфузини ҳам туширади. Шу боис Олий аттестация комиссияси қарорларини ислоҳ қилиш, магистр, фан номзоди ва ўқитувчилардан илмий мақола ёзиш талаби кўрсатилган бандларга ўзгартириш киритиш муаммоларга ечим бўлиши мумкин.
Зеро, илм йўлида изланаётган ҳар бир шахс билим ва салоҳиятини ўз соҳасининг ривожи учун сарфлайди, шогирдларга мерос қолдиради. Уларнинг илмий тадқиқоти янгилик сифатида аҳамиятли бўлса, миллий ва халқаро нашрларда чоп этилиши унчалик ҳам муаммо эмас.
Электрон саҳифаларда мақолалар сони ошгани билан илмнинг поғонаси ортиб қолмайди.
Шоира БОЙМУРОДОВА,
журналист
