Увоғи ҳам нон деймиз-у…

75

Яқинда шундай маълумотни ўқиб ҳайратда қолдим: бугунги  кунда Тошкент шаҳри бўйича 2 тонна нон чиқиндихонага ташланмоқда экан.

Шу маълумот таъсирида юрганимда бир ҳолатга кўзим тушди. Одамлар кўп қатнайдиган йўлакдан кетар эканман, олдимдаги киши ерга узалиб, бир бурда нонни олди, кўзига суртди-да, чўнтагидан елим пакет чиқариб ўради, сўнгра чўнтагига солиб, йўлида давом этди.

Нуроний отахоннинг бу ҳолати ёдимга яна бир воқеани солди. Ўша кунлари дўстларимиз билан ошхонага киргандик. Бизнинг ёнимиздаги столга эса бир неча нафар ёшлар келиб ўтирди. Турли таомларни буюртма қилиб, овқатланишди. Беихтиёр бир ҳолат эътиборимни тортди. Уларнинг столи чала ейилган таомлар билан тўла эди. Ёшлардан бири зерикди, шекилли, столни йиғиштира бошлади. Идишларни бир четга олиб қўяр экан, бир бурда нонни олди-да, столни артиб, уни кулдонга ташлади…

Ана шу ҳолатлар мени мушоҳада чорлади. Нонни нега азиз биламиз, унинг увол бўлиши олдини оламиз, ёш авлодни ҳам шу қадриятлар асосида тарбиялаймиз? Ёки шундай этиб тарбиялай оляпмизми?

Нон – инсониятнинг буюк кашфияти. Минг йиллар давомида юзага келган бу кашфиёт инсоният жуда муҳим бўлди.

Инсоният 5-7 минг йил илгари буғдой, арпа, шоли сингари бошоқли ўсимликларни, 4 минг йил илгари эса макка ва тариқни маданийлаштиришган. Шунинг баробарида нон тайёрлашни ўзлаштирган. Ўша вақтдан буён нон инсон учун азиз неъмат бўлиб келмоқда, дастурхоннинг асосий неъмати, жоиз бўлса, тириклик ва тирикчилик рамзи бўлиб келмоқда.

Мутахассисларнинг ҳисобича, бир киши кунига ўртача 400 грамм нон ва нон маҳсулотлари истеъмол қилади. Уни тадрижий ҳисобласак, бир ойда 12 килограмм, бир йилда 144 килограмм буғдой зарур бўлади.

Энди шу буғдойни етиштириш учун кетадиган меҳнатни айтинг! Унда неча кишининг заҳмати бор. Дона дон ерга тушгунча ерни шудгорлаш, уруғни тайёрлаш зарур. Уруғ экилиб, майсалар парваришида бевосита иштирок этадиган кишиларни ҳисобласак, бу миқдор янада ортади. Ўрим-йиғим ишлари, хирмон чошлашу донни сақлаш, сўнгра тегирмон, ахийри, новвой қўлларида тандирдан узилгунча яна ўнлаб киши меҳнат қилади. Нонни бозорга элтмоқ, дастурхонга тортмоққа ҳам яна бир неча киши меҳнат сарф этади. Бу жараёнда қанча киши тирикчилигини ўтказиб, қанча киши оиласини тебратади.

Алихонтўра Соғуний “Тарихи Муҳаммадий” асарида машойихларнинг шундай ҳикматини келтиради: “Ҳар бир банданинг ейдирган бир парча нони олтмиш қўлдан ўтиб, унинг оғзига тушадур”.

Буларнинг барчаси нонни тежаш, тўғрироғи, уни исроф қилмаслик зарурлигини кўрсатади.

Айтмоқчи бўлган хулосам шуки, фаровон ҳаётимиз рамзи бўлган азиз неъмат – нонни қадрлашдек эзгу анъаналаримизни давом эттиришимиз, ёш авлодни нонни исроф қилмаслик руҳида тарбиялашга эътибор қаратишимиз зарур.

Шохиста Неъматова,

ЎзДЖТУ талабаси