Ижтимоий вирус…нега кўпаймоқда

58

      Яқин қариндошларимизнинг бириникига борганимда, улар яшайдиган кўчада жаноза эди. Марҳум эндигина 23 ёшга етган, ҳали оила ҳам қуриб улгурмаган, яхши, зиёли бир оиланинг фарзанди, юқори ташкилотларнинг бирида фаолиятини бошлаган бола, тунда ишдан қайтгач, сабабсиз ўз жонига қасд қилган –ўзини осган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда ҳар 40 сонияда бир одам ўз жонига қасд қилади. Ҳар йили 100 минг кишидан ўртача 11 киши ўз ҳаётига чек қўяди. Жаҳонда содир этилаётган ўз жонига қасд қилишларнинг  75 фоизи камбағал давлатларда рўй берар экан. Жаҳоннинг баъзи минтақаларида ўз жонига қасд қилиш 15-19-29 ёшлилар орасидаги ўлимга сабаб бўлувчи асосий омилга айланиб бормоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳам бундай ўлим кўрсаткичлари ошса ошмоқдаки, асло камайгани йўқ.

Нега айнан ўсмирлар ва ёшлар ўртасида?..Бундан 20-30 йиллар илгари ҳам бундай ҳодисалар кўп бўлганми?

Минг афсуски, ёшлар ва суицид бирга юрадиган жуфликка айланиб бораяпти. Мутахассислар буни “Ижтимоий вируснинг тарқаши” деб атамоқдалар. Бу эса ҳозир инсоният оламидаги глобал муаммоларнинг бирига айланиб, дунёнинг ҳеч бир ҳудудини чеклаб ўтаётгани йўқ.

– Кундалик турмуш ташвишларидан ортиб, ўсмирлик ёшидаги фарзандлари билан дилдан суҳбатлашадиган ота-оналар кам. Ўсмир ёшдагилар ва ёшларга энг аввало ота-она томонидан яратиладиган психологик иқлим зарур,–дейди психолог Дилдора Хошимова.– Психологияда ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилиш борасида уч омил мавжуд. Биринчиси: ижтимоий қатламнинг номутаносиблигининг ёшлар ҳаётига таъсири, иккинчиси: оилавий низо ва босимлар, учинчиси: муаммони енгиб ўтолмаслик, уни олдида ожиз қолиш. Масалани ташқаридан туриб эмас, ичкаридан ҳал этишга эътибор қаратмасак, бу кўрсаткичлар ўсиб бораверади. Ёшлар бу ҳолатга дуч келса, доим унинг атрофидагиларни айблаш ҳам тўғри бўлмайди. Аввало, унинг руҳиятини емираётган хаёллардан қутқаришимиз керак. Уларга носоғлом ғоя нима эканлигини англашга кўмаклаша олсаккина, улар ичкаридан ўзларини тафтиш қила олади. Руҳий инқироз остонасидаги ўсмирни қуйидагилар орқали таниш мумкин: уйқусизлик, иштаҳанинг йўқолиши ёки аксинча кўп овқат ейиш, ҳолсизлик, сабабсиз оғриқлардан шикоят қилиш, ташқи кўринишга ҳаддан ортиқ эътибор бериши, кўпроқ ёлғиз қолишга интилиш, ўлим билан боғлиқ мавзуларда кўп гапириши, келажак учун режаларининг йўқлиги, уйдан қочишга уринишлар, ўзига зарар етказишни ифодаловчи расмлар, ёзувлар, сабабсиз йиғлаш, қўпол муомала, шахсий буюмларини бошқаларга тарқатиш…Бундай ҳолатларда ушбу ўзгаришларни ўз вақтида англаш ва ёшларга имкон қадар кўмак кўрсатилиши лозим.

Ўтган йилларда ЖССТ ўз жонига қасд қилиш даражаси энг юқори бўлган жами 10 давлатнинг рўйҳатини тузган ва унда Ўзбекистон давлати 5-ўринда турибди. Бу биз учун фожеа эмасми?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўз жонига қасд қилиш “бирданига бир куни” рўй бериб қолмайди. Ўтказилган тадқиқотларга кўра, ўзини ўлдирган ўсмирлардан 90 фоизи қайсидир даражада “кўмаксизлик” даражасида қолган. Бу ўринда тушкунлик, дипрессиядан тортиб, вос-вос, зўравонлик ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ҳам сабаб сифатида кўрсатилади. Ўз жонига қасд қилганлар орасида аёлларга қаранда эркаклар кўпроқ. Бир йил давомида суицидларнинг кўрсаткичи бир миллиондан ошаётгани бу ҳолатни шунчаки бехавотир қараб бўлмаслигини кўрсатмоқда. Улардан 20 нафар суиқасд уриниши муваффақиятсиз бўлган инсонга тўғри келган.  Ҳозирда мутахассислар виртуал дунё орқали рўй бераётган таҳдид ва ҳақоратлар, ижтимоий тармоқлар воситасида тарқаётган ғоялар муаммони чуқурлаштириб юборганлигини айтиб, ҳукуматларни бунга эътибор қаратишга чақирмоқдалар.

“Ўз жонига қасд қилиш жуда мураккаб муаммо. Аксар ҳолларда унга итарувчи омил ягона бўлмайди. Бундан ташқари ёшлар ўртасидаги ўз жонига қасд қилиш ҳоллари яхши ўрганилмаган ва тадқиқ қилинмаган” дейди Британияда суиқасдларни олдини олиш билан шуғулланадиган Samaritans ташкилотининг бошқарувчи директори Рут Сазерланд.

“Ёшлар орасидаги ўз жонига қасд қилиш йўл харакати фалокатларидан сўнг иккинчи ўринда туради. Бундан ташқари жинс нуқтаи назаридан қарасангиз, 15-29 ёшдаги аёллар орасида ўз жонига қасд қилиш ўлимга олиб келувчи омиллар орасида биринчи ўринда туради”, дейди ЖССТ мутахассиси Александра Флейшманн. Бу ҳол жаҳон бўйлаб тенг маънога эга бўлмасада, глобал муаммога айланиб улгурган.

Экспертлар кейинги йилларда кучайиб бораётган бу муаммони бартараф этишни узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш, ижтимоий-маслаҳат- кўмак марказларини ташкил этиш лозимлигини таъкилдайди. Ҳозирча ЖССТ нинг маълумотларига кўра, бу каби стратегия 28 та мамлакатда мавжуд. Финляндияда бу стратегия натижасида ўз жонига қасд қилишлар 30 фоизга камайган экан. Бундан кўриниб турибдики, дунёда бу муаммо тобора ошиб бораётган бошқа мамлакатларда ҳам зудлик билан мавжуд суицидларга курашиш механизмларини ишлаб чиқиш зарурати туғилмоқда. Бунда педагог ва психологлар томонидан суициология фанини ўқитиш тизимини йўлга қўйиш зарурати. Айниқса, ўсмир ёшидаги ёшлар орасида кучайтириш лозим. Ота-оналарни ҳам бунга тайёрлаш. Бу фандан таълим берувчи психолог ва психиатрларни малака оширишини таъминланиши, оммавий ахборот воситаларида  ўзини осиш, заҳарлаш каби очиқ саҳналарни намойиш этаётган клип ва телесериаллар, миллий менталилетимизга ёт турли реклама роликлари каби оммавий тарғибот орқали тарқатилаётган маҳсулотларнинг мазмун-моҳияти, ғоявий-бадиий қиймати, уларнинг инсон онгига таъсирини аниқ билмай туриб оммалаштирмаслик чораларини кўриш зарур. Ғарб давлатларида бундай масалалар билан маълум илмий муассасалар, лабораториялар, марказлар шуғулланади.

Суицид–ижтимоий вирус. Уни даволаш учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси, оила, ота-она, мактаб, маҳалла, таълим муассасалари, давлат ва жамоат ташкилотлари уйғунлиги талаб этилади. Мазкур вирусни даволаш ҳам, унинг олдини олиш ҳам жамиятнинг ўзига боғлиқ. Шундай эмасми?

                                                                                        Шаҳло Абдураҳмонова,

“ISHONCH”