XXI аср – технологиялар асри. Бугунга келиб, ушбу воситалар кундалик ҳаётимизга кенг кириб келди, баъзилари ҳайратомуз даражада оммалашди. Масалан, қўл телефонларини олайлик. Улардан масофадан туриб ёки экран орқали кўришиб гаплашишдан ташқари, ҳар хил хабарлар, суратлар ва видеолавҳалар жўнатиш, ўқиш, тинглаш ва томоша қилиш мақсадларида ҳам фойдаланамиз.
Албатта, мобиль телефонларининг яратилиши технологик тараққиёт ютуғидир. Улар том маънода коримизга яраб, узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилмоқда. Бироқ, «Ҳар тўкисда бир нуқсон» деганларидек, бу масаланинг ҳам хавотирли бир жиҳати бор. Аниқроғи, ҳозир уйда ҳам, кўча-кўйда ҳам кўпчиликнинг қўлидан телефон тушмайди. Таъбир жоиз, бу алоқа воситаси уларнинг доимий ҳамроҳига айланиб улгурган. Энг ачинарлиси, баъзи ҳомиладор аёллар кўп вақтларини телефон титкилаш билан ўтказишмоқда. Шу тариқа ўзининг ҳам, туғилажак фарзандининг ҳам соғлиғига путур етказмоқда. Чунки мобиль телефонидан чиқаётган нур инсоннинг мия ҳужайраларига салбий таъсир кўрсатиб, хавфли касалликларга дучор қилади.
Баъзи аёллар эса фарзанди йиғлаб, хархаша қила бошласа, юпатиш учун қўлига телефон бериб қўйишади. Боласи бу матоҳга батамом боғланиб қолгандан кейин «Энди уни бундан қандай халос қилсам экан?» деб бош қотиришади.
Ҳолбуки, болалик инсон умрининг энг завқли, энг қадрли ва унутилмас бетакрор қисми саналади. Бинобарин, у гўзал, ёрқин ва қувноқ хотираларга бой бўлиши керак. Бунинг учун эса ота-оналар зурриётларига қулай шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиб беришлари, уларни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш чораларини кўришлари шарт.
Афсуски, ҳозир эндигина тетапоя бўлган кичкинтойларнинг қўлида ҳам телефону планшетлар. Улар миллийлигимиз рамзи бўлмиш бешикчаларни, қўғирчоқлару ўйинчоқларни кўрмай-ушламай катта бўлишяпти.
Эҳтимол, сиз «Давр шуни тақозо қиляпти», дерсиз. Мен эса оддий бир ҳақиқатни эслатмоқчиман: олтинга тенг болалик даврини азалий қадриятларимизга таянган ҳолда таассуротларга бой қилиб ўтказишнинг йўллари кўп. Бунинг учун биз уларнинг мазмун-моҳиятини янада бойитишимиз, унутилганларини қайта тиклашимиз ва ёшларимизни ҳар томонлама етук инсонлар қилиб вояга етказишда барчасидан имкон қадар унумли фойдаланишимиз керак.
Мадинабону ҲАИТОВА,
Мирзо Улуғбек номидаги
Ўзбекистон Миллий университети
талабаси
