ёхуд исроф бўлаётган сув ва чиқинди оқаётган ариқлар ҳақида
«Ishonch» газетасининг 2022 йил 16 июлдаги сонида чоп этилган «Унинг ўзи ҳаёт демакдир ёхуд биз қадрига етмаётган бебаҳо неъмат ҳақида мулоҳазалар» мақоласини ўқиб, анчадан бери мени ўйлантириб келаётган фикрлар билан ўртоқлашишни лозим топдим. Чунки тоза сувни ифлослантирмаслик ва тежаб ишлатиш глобал муаммога айланди.
Ҳар куни ишга кетаётиб, кўча бўйларидаги жўмраксиз қувурлардан оқиб ётган обиҳаётни кўриб, ичим ачийди. Мен яшаётган қишлоққа йигирма йиллар аввал қайсидир грант асосида ичимлик сув келтирилган. Баъзи ҳамқишлоқларим «Сувни тортишаётганда пул тўламайсизлар, дейишганди. Лекин барибир пул олишяпти», дея норози бўлиб қўйишади. Бу каби эътирозларни эшитиб, истеъмол қилинган сув учун арзимаган ҳақ тўлашга ҳам оғринаётган одамларни кўриб, ажабланаман.
Баъзан бетон ариққа сиғмай, кўчага тошиб кетган сувнинг исрофи ҳам ҳеч кимни ўйлантирмайди. Бу одатий ҳолга айланганми, ҳамма бепарво, ҳамма лоқайд.
Яқин-яқингача кексаларимиз тандирда янги ёпилган нонни оқизоқ қилиб еганларини эслашарди. Бугун эса ариқда оқмаган чиқиндининг ўзи йўқ ҳисоби: елим идишлардан тортиб, чақалоқларнинг тагликларигача сувга ташланяпти. Ана энди ўзингиз айтинг, шундай азиз неъматни ифлослантиришга ва исроф қилишга ҳаққимиз борми?
Бугун сув шу даражада ифлослантирилдики, Тошкент шаҳридан оқиб ўтувчи Салор каналининг суви хўжалик-маиший мақсадларга ёки чўмилишга ярамай қолди. Албатта, канал сувидан дарахтлар ва гулларни суғоришда фойдаланиш мумкин. Бироқ сабзавот ёки қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда бу сувдан фойдаланиш мумкинлиги даргумон. Андижон шаҳри ичидан оқиб ўтаётган Ҳўтанариққа қараб бўлмайди. Чунки у ариқдан кўра канализацияга ўхшайди.
– Шу йилнинг ўзида сувни ифлослантириш ёки булғатиш, шунингдек, сув объектларига ишлаб чиқариш оқоваларини оқизишга йўл қўйилгани юзасидан 100 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, ҳуқуқбузарларга 87 миллион 30 минг сўм маъмурий жарима қўлланилди, – дейди Андижон вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Сув, ер ресурслари ва ерости бойликларини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Дилшодбек Умаров. – Шунингдек, Қорадарё, Тентаксой ҳамда Мойлисой дарёларини муҳофаза қилиш тадбирларида ҳам 33 нафар фуқарога 82 миллион 200 минг сўм маъмурий жарима солинди.
Лекин жарима солиш билан иш битармиди? Ахир она-табиатга нисбатан қилинган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ўзимиз ўтирган шохга болта уришдек гап-ку?
Аслида, ҳар нарсанинг ўлчови бўлганидек, тоза ичимлик сув ҳам биз ўйлаганчалик кўп эмас.
Эътибор беринг, дунё захирасидаги 96 фоиздан ортиқ сув шўрланган, 68 фоиздан ортиқ чучук сув музликларда жамланган, яна 30 фоиз ичишга яроқли оби-ҳаёт ер остида. Дарё ва кўллар каби ер усти чучук сув манбалари жами ичимлик сувининг атиги 3 фоизини ташкил қилади, холос.
Қизиғи, инсон танасининг 65-66 фоизи, бош миянинг 80-82 фоизи ва кўзимизнинг 99 фоизи сувдан иборат.
Сайёрамизда ҳар 100 нафар одамнинг 13 нафари тоза сув ичишдан маҳрум.
– Истиқболдаги ривожланиш кўп жиҳатдан мавжуд сув ресурслари, уларнинг миқдори ва ҳолати, сувга бўлган талаб ҳамда сувдан фойдаланиш даражасига, умуман олганда, сувга бўлган муносабатимизга бевосита боғлиқ, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши аъзоси Ойбек Раҳимов. – Келажакда аҳоли сонининг янада ошиши билан ер усти ва ер ости сувларидан ичимлик сув сифатида фойдаланиш янада кучаяди. Шу сабаб яқин йилларда аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолади. Шаҳарлардан, далалардан чиқаётган ифлосланган сувларни тозалаш бўйича энг илғор ва самарали технологиялардан фойдаланишни йўлга қўйиш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш устувор вазифамиз ҳисобланади.
Анваржон ҲАЛИМОВ,
«ISHONCH»
