Офтобда қолган сув обиҳаётми ёки обизаҳар?

188

Аслида суҳбатдошим билан бутунлай бошқа мавзуда гаплашмоқчи эдим… Бироқ тиббиёт фанлари фалсафа доктори, болалар невропатологи Зоҳиджон Исмоилов қабулига киришим билан у қўлимдаги елим идишдаги газли ичимликка кўзи тушгач, савол берди:

– Сувни қаердан олдингиз?
– Дўкондан.
– Муздаймиди?
– Муздай ичмайман, ўртача эди.
– Яхши. Ҳозирги иссиқ кунларда имкон қадар кўчага чиқмаслик, соя-салқин жойларда юриш, кўпроқ суюқлик ичиш керак. Бу нарсаларни унутмаяпмизу, аммо бир ҳолатга ҳеч ким эътибор бермаяпти. Йўлларнинг четида, бозорларда чанқоқбости ичимликларни кўтара сотадиган дўконлар кўп. Ўша дўконлар олдида турли ичимликлар 40-45, ҳатто 50 даража иссиқда, офтобнинг тиғида қалашиб ётибди. Энди тасаввур қилинг, ҳаттоки оддий сув ҳам бунақанги иссиқда, яна полиэтелен идишда ўз таркибини ўзгартириб юборади. Иссиқда «куйиб-пишиб» ётган газли ичимликлар, турли кимёвий қўшимчалар қўшилган рангли сувлар, энергетик ичимликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Тўғри, кўпчилигимиз дўконлардаги музлатгичда турган салқин ичимликларни олиб ичамиз. Лекин бу ичимликлар дўконга етиб келгунга қадар кўчада, офтобда неча кунлаб турган бўлади. Мен кўп эътибор бердим ва кузатдим. Ўша кўтара савдо қиладиган дўконларнинг олдида сувлар оддий мато билан шунчаки ёпиб қўйилган. Жазирама иссиқда турган сув заҳарга айланади. Ичимликларни ана шундай ҳолатда сақлаётганларга жиддий чора кўриш керак. Сабаби улар қилаётган ишнинг салбий натижаси 20-30 йилдан кейин билинади – ген ўзгариб кетади. Туғруқ ёшидаги ва ҳомиладор аёллар дўконлардан ана шу салқин ичимликларни олиб ичяпти. Афсуски, музлаткичга етиб келгунча бу ичимликлар сақлаш қоидаларига амал қилинмагани учун ўз таркибини ўзгартириб улгурган бўлади. Бунинг оқибатида эса болалар психологик, неврологик ўзгаришлар билан, танада нуқсонлар билан туғиляпти. Болалар ўртасида ошқозон-ичак касаллик­лари, жигардаги ўзгаришлар ва онкологик касалликлар кўпайиб кетяпти.
Ота-оналар «Нега бундай бўляпти, биз эр-хотин қариндош эмасмиз, уйим тинч, асабийлашиш йўқ, боламиз эса…» деб кўп савол беришади. Боя айтдим, сақлаш қоидаларига амал қилинмаган ичимликларни ҳаммамиз ичамиз, лекин унинг аянчли асорати ҳақида ҳамма ҳам билмайди. Мен Тошкент тиббиёт академиясидан чиқиб, уйга кетаётганимда йўл юзида тахлаб ташланган ичимликларни кўрганимда, ичимда бир дард уйғонади, буни тушунтириб беролмайман. Биргина юпанч шуки, яхшиям болаларим «рангли» ичимликлар ичишмайди. Лекин сув ичилади…
Ҳозир клиникаларга борсангиз, касаллар навбат кутиб турганини кўрасиз. Айнан ёзда болалар шифохоналарида жой йўқ. Бунга сабаб нима? Асосий сабаб­лардан бири – иссиқда сақланган сувлар! Афсуски, нотўғри сақланган ичимликларни ичиб, заҳарланаётганимиз билан бировнинг иши йўқ.
Ичимлик ишлаб чиқараётган компанияларга нисбатан ҳеч қандай адоватим йўқ. Менимча, улар маҳсулотлари қандай ҳолатда аҳолига етиб келаётгани ва таркиби ўзгариб кетаётганини билишмайди. Агар билишганда, бу нарсанинг олдини олган бўлишарди. Катта юк машиналарда заводдан чиққан ичимликлар офтоб тиғида қолишини ҳам улар билишмаса керак.
Нега сал нарсага асабийлашадиган бўлиб боряпмиз, нега сабаби аниқ бўлмаган турли касалликлар кўпайиб кетяпти? Нима учун онкологик касаллик­лар ортиб бормоқда? Нега касалликлар ёшариб кет­япти? Чунки иссиқда қолиб, таркиби ўзгарган ичимликлар организмдаги табиий жараёнларни бузиб юборяпти. Ҳар бир элементни химиявий реакция­­га киритиш учун маълум бир иссиқлик берилади. Энди 45-50 даража иссиқликда турган маҳсулотни тасаввур қилинг. Агар бу ичимликлар заводдан тўғри дўконларга келса ва музлатгичларга жойланса, бу бошқа гап.
Ўзбекистон иқлими иссиқ мамлакатлардан бири. Шунинг учун салқин ичимликлар доим ва кўп ичилади. Шундай экан, ичимликларнинг сақланиши кучли назорат қилиниши зарур.
– Сизнинг мулоҳазаларингизни эшитиб, менда хавотир уйғонди. Иссиқда қолиб, таркиби ўзгарган ичимлик­ларнинг бугунги салбий оқибатлари ҳақида гапиряпсиз. Мен 10-20 йилдан кейинги ҳолатни тасаввур қилиб, қўрқиб кетяпман. Агар қисқагина муддатда шунчалик асорати бўлса, кейинчалик…
– Бугунги ёш болалар ўша заҳарланган ичимликларни ичиб, улғаймоқда. Организмда турли ўзгаришлар бўлаверади. Бепуштлик кўпайяпти, касалликлар ёшар­япти… Бу ҳозирча! Балки кейинчалик бу ҳолатлар тартибга солинар, аммо унгача асосий қатлам заҳарланиб бўлади. Мен тарихни яхши биламан. Ва яна шуни биламанки, узоқ йиллар давомида бизнинг устимиздан самолётларда сепилган турли-туман заҳарлар таъсирида генимиз бузилган. Биз пахта далаларида пастлаб учган самолётларни кўрганмиз. Ҳозирги авлод буни билмайди. Ўшанда бизнинг қўлимиздан ҳеч нарса келмаган. Аммо ҳозир-чи? Нега билсак-да, кўрсак-да, бу фожеанинг олдини олмаяпмиз!
Энг қизиғи, ўша чанқоқ­бости ичимликларнинг ёрлиғига «салқин жойда сақлансин», деб ёзиб қўйилган. Лекин ҳаммаси кўчада. Мана, фожеа! Ҳозир 3-4 ёшли болалар шу ичимликни ичяпти. Орадан 20 йил ўтгач, улар ота-она бўлишади. Улардан қандай фарзандлар туғилади ва улар қандай интеллектуал салоҳиятга эга бўлади? Ахир ген бузилган бўлади-ку!
Баъзи масала ва мавзуларни гапираётганда инсонда иккиланиш бўлиши мумкин. Аммо аччиқ ҳақиқат шуки, бу масалада, бу мавзуда мен адашмаяпман.
– Ота-оналар билан суҳбатлашганингизда шу мавзу ҳақида ҳам гап очиладими?
– Албатта. Аммо фойдаси йўқ. Уларга иссиқда қолган ичимликнинг зарарини айтсам, «болам яхши кўради, бошқа нарсага кўнмайди», дейди. Ана шу кўзга кўринмайдиган ажал ҳаммани заҳарлаяпти.
– Демак, кўчада сотиладиган чанқоқбости ичимлик­ларни умуман ичмаслик керакми?
– Мен умуман ичманглар, демайман. Зотан, бунинг иложи ҳам йўқ. Шунчаки, тадбиркорларга тушунтириш керакки, ичимликлар иссиқда сақланмасин. Бу мавзуда ҳеч ким жим ўтирмаслиги керак. Ҳамма баравар курашсагина, албатта, натижага эришамиз!
Кўпчилик, шу жумладан, журналистлар ҳам йўл четларида уюлиб турган сувларни кўрганда шунчаки ўтиб кетишарди. Лекин бу шунчаки ўтиб кетадиган муаммо эмас! Яна бир бор таъкид­лайман, бу жуда катта муаммо! Уни ҳал этиш учун қалбида миллатни яхши кўриш туйғуси бўлган ҳар бир инсон жон куйдириши керак. Агар ўшандаям бу ҳолат давом этса, унда офтоб тиғида туриб қолган ичимликларни сотишга қаршилик қилиш, йўл қўймаслик керак. Бугун тадбиркор фақат чўнтагини ўйласа, бош­қалар эса «менга нима» деса, оқибати нима бўлади? Буни ҳозир англашимиз шарт! Ўз саломатлигимиз ва келажакка лоқайд бўлмайлик!

Суҳбатдош:
Зиёда РАЖАБ қизи