Хоразм вилоятида иккита гемодиализ маркази фаолият бошлади. Улар бир вақтнинг ўзида 58 беморга хизмат кўрсатиш имконига эга. Бу эса ҳар бир мижоз йилига 144 та муолажа олиш имкониятини яратади. Беморларга ҳар бир муолажа учун давлат томонидан ажратилаётган маблағ 60 доллардан 48 долларга тушиши белгиланган.
Гемодиализ марказларининг очилиш маросимларида республика соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амирило Иноятов, вилоят ҳокими ўринбосари Санъат Салаев ва бошқалар сўзга чиқиб, тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ушбу муассасаларнинг аҳамияти ҳақида тўхталдилар.
Вазият қандай?
Дунёда буйрак етишмовчилиги билан хасталанган беморлар сони ошиб бораётгани сир эмас. Республикамизда ҳам бу кўрсаткич йилдан йилга кўпаймоқда. Хоразм вилоятида 2021 йил бошида 157 бемор гемодиализ хизматидан фойдаланар эди. Ҳозирда улар сони 175 нафарга етган. Аслида ушбу муолажага муҳтожлар сони 200 дан зиёд. Сурункали буйрак етишмовчилиги билан рўйхатда турувчилар рўйхати эса анча катта.
Шу пайтга қадар беморлар тўртта муассасадаги 23 та аппарат орқали муолажа олишарди.
-Бунинг учун уч-тўрт соат навбат кутардик, жуда чарчаб, ҳолдан тойиб қолардик,-дейди иккинчи гуруҳ ногирони Қодир ака Собиров.
Маълумотларга кўра, мамлакатимизда бир беморга бир йилда 100 дан 132 тагача гемодиализ сеанси ўтказилмоқда. Бунинг оқибатида гемодиализ муолажаларини олувчи беморларнинг ҳаёт давомийлиги бутун жаҳон миқиёсида 10 йилдан ортиқ бўлса-да, республикамизда ушбу кўрсаткич 5-6 йилни ташкил қилмоқда.
Қониқарсиз деб топилган эди
Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 12 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳолига нефрологик ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш бўйича фаолият қониқарсиз деб топилган эди. Боиси, ҳужжат қабул қилинган пайтда мавжуд аҳволнинг таҳлили гемодиализ ёрдамига муҳтож бўлган беморларга тўлиқ тиббий хизмат кўрсатишга тўсқинлик қилаётган бир қанча ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигини кўрсатган. Маълумотларга кўра, 2018 йил 1 январь ҳолатига республика бўйича мавжуд бўлган 252 та гемодиализ ускунасининг ҳам 28 таси таъмирталаб аҳволда бўлиб, таъмирлаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш имконияти мавжуд эмасди. Натижада гемодиализ муолажасига муҳтож беморлардан 800 нафарга яқини бу хизмат билан қамраб олинмаган эди. Гемодиализ бўлинмаларининг ярмидан ортиғи мослаштирилмаган хоналарда жойлашган, кўпгина гемодиализ машиналарининг белгиланган фойдаланиш муддати ўтиб кетган.
Беморларнинг айтишича, ўша пайтлари гемодиализ муолажалари учун зарур дори-дармонлар етишмасди. Уларни ўз маблағлари ҳисобига сотиб олишган ҳолатлар кўп бўлган.
Қарорда терминал ва ўткир буйрак етишмовчилигига дучор бўлган беморларни даволашнинг ягона стандартлари ва протоколлари жорий этилмагани, шунингдек, нефрологик касалликларнинг барвақт олдини олиш, уларга ўз вақтида ташхис қўйишнинг самарали тизими, беморларни танлаш ва гемодиализга юбориш тартиб-таомиллари йўлга қўйилмагани, мутахассислар етишмаслиги ва бошқа муаммолар ҳам таҳлил қилинган ҳолда, ҳар бирига алоҳида ечим кўрсатилган. Хусусан, нефрологик касалликларни даволашнинг замонавий тиббий инфратузилмасини яратиш ва ушбу соҳада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишда давлат-хусусий шериклик имкониятларидан фойдаланиш белгиланган.
Тўрт йилда нималар ўзгарди?
-Давлатимиз раҳбарининг мазкур қароридан кейин ушбу йўналишда бир қатор ўзгаришлар кузатилди. Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилгани энг улкан воқеалардан бири бўлди. Бу борада ҳудудларда ҳам самарали ишлар қилинди. Биргина Хоразм вилоятига олтита гемодиализ аппарати келтирилди. Буйрак кўчириб ўтказиш амалиётлари йўлга қўйилди, – дейди Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Жуманазар Қурбонов. –2021 йил январь ойида соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ҳиндистоннинг Nephroplus компанияси ўртасида Тошкент шаҳри, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида умумий қиймати 9,8 миллион АҚШ доллари бўлган, жами 1100 нафар беморга гемодиализ хизматини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил қилиш бўйича битим имзоланган эди. Ушбу лойиҳа доирасида хусусий шерик томонидан 2 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиб, Урганч ва Боғот туман тиббиёт бирлашмалари ҳудудида халқаро стандартлар асосида сифатли гемодиализ хизматларини кўрсатиш имконига эга бўлган 58 та шифо ўринли 2 та замонавий гемодиализ марказлари қуриб битказилди ҳамда етакчи ҳорижий давлатларда ишлаб чиқарилган тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.
Марказларда беморларнинг яқинлари кутиб ўтиришлари учун барча шароитларга қулай холлар, умумий муолажа хонаси, оғир беморлар учун, коронавирусга чалинганлар учун алоҳида хоналар мавжуд.
Қандай ўзгаришлар кузатилмоқда?
-Сир эмас, илгари юзлаб, минглаб юртдошларимиз соғлиғидаги муаммоларни ҳал қилиш учун уйини сотиб, машинасини сотиб, қарз олиб хорижга чиқишга мажбур бўларди. Охирги беш йилда бу каби ҳолатлар кескин камайди. Тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш масаласи устувор вазифа қилиб белгиланди. Дунёнинг ривожланган давлатлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар самараси катта бўлмоқда. Мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳудудларда амалга оширилмоқда. Натижада нафақат хорижга чиқишга, балки пойтахтга боришга ҳам хожат қолмаяпти,-дейди соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Амрилла Иноятов. — Оролбўйи минтақасида гемодиализ марказларининг ташкил қилиниши ушбу ҳудуд аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Бундан сал олдинроқ, Қорақалпоғистонда ҳам гемодиализ маркази иш бошлаган эди. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад гемодиализ муолажасига муҳтож беморларга халқаро стандартлар асосида сифатли гемодиализ хизматларини кўрсатиш ҳамда муолажаларини олувчи беморларнинг ҳаёт давомийлигини узайтиришдир.
Шу куннинг ўзида ўнлаб беморларда янги марказларда муолажа бошладилар. 73 ёшли Эгамберган ота Йўлдошев янги имкониятлардан мамнун.
-Ҳафтасига икки марта муолажа оламан. Тўрт соат ётиш осон эмас. Бу ерда шароитлар жуда бошқача. Кайфиятим кўтарилди. Ҳар беморга битта телевизор. Кино кўриб, вақт ўтганини ҳам билмай қолдим.Асосийси, энди биз навбат кутиб ўтирмаймиз, шифокорлар бизни кутиб туришади.
Ҳазорасплик Икромбой ака Сотимов икки ярим йилдан буён даволаниб келади. Ҳаста жонга ҳафтасига икки марта тумандан Урганч шаҳрига келиб-кетиш осон эмас. Масофа икки соатлик йўл. Йўлкира ҳам арзон эмас. Тушликни ҳам ҳисобга олганда, Урганчга бир бориб келиши камида 100 минг сўм. Пенсияси шу муолажадан ортмайди. Ҳар гал тонгги бешда йўлга чиқар, шифохонада тушгача навбатда ўтирар, муолажаларни олиб, уйга тунга яқин кириб борарди. Муолажаларни ўтказиб юборган вақтлари ҳам бўлган. Боғот тумани эса бир қадам. Икром ота қувончини яширмай, бу имкониятни яратиб берганларга қайта-қайта раҳмат айтади.
-Ҳамма муолажаларни тўлиқ ва вақтида оладиган бўлдим, пулим, вақтим тежаляпти, давлатимиздан розиман,-дейди Икром ота.
Шерик ҳақида нималарни биламиз?
Ўзбекистон нима учун “Nephroplus” компаниясини танлади? Ушбу ташкилотнинг афзаллиги нималарда кўринади? Маълумотларга кўра, “Nephroplus” Осиё минтақасида диализ хизматини кўрсатадиган йирик операторлардан бири ҳисобланади. Шартномага кўра, компания диализ марказлари қуриш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлашдан ташқари, беморларга 10 йил мобайнида халқаро стандартларга мос диализ хизматини кўрсатиш мажбуриятини ҳам олган. Яна бир аҳамиятли жиҳати, лойиҳага кўра шу пайтга қадар Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган уйда диализ ўтказиш имконини берадиган перитонеал диализнинг янги технологияларини жорий қилиш ҳам белгиланган. Бу эса беморларнинг нафақат вақти ва маблағини тежайди, балки фаол турмуш кечириш имкониятини ҳам кенгайтиради. Компания юқори хавфсизлик стандартлари ва тиббий хизмат сифатини жорий қилади ҳамда янги клиникаларнинг хавфсиз ва самарали режимда ишлаши учун керакли қўшимча инвестицияларни жалб қилади. Ўзи 25 йилдан буён диализ қабул қилувчи компания вакили Камол Д. Шоҳнинг сўзларига кўра, “Буйрак касаллиги ташхиси қўйилиши ҳаётнинг охири эмас, аксинча бу янги ҳаётнинг бошланишидир”.
Марказларнинг очилиш маросимларида, ушбу муассасалар компаниянинг 306-ва 307- клиникалари эканлиги айтиб ўтилди.
Асосийси, одамлар хурсанд
Бу каби марказларнинг ташкил қилиниши аҳоли соғлиғига давлат томонидан қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари, Амрилла Иноятов таъкидлаганидек, булар бир-икки марта ўтказиладиган кампания эмас, тизимли жараёндир. Ислоҳотлар нафақат нефрология йўналишида, балки юрак қон томир, эндокринология, гематология, онкология, умуман, тиббиётнинг барча бўғинларида давом этади. Мақсад, аҳолининг сифатли ҳаёт кечиришига эришиш.
Ҳар иккала марказ очилиш маросимларида иштирок этган беморлар ва уларнинг яқинлари кўзларида қувонч ёшларини кўрдик. Уларнинг ҳаётга иштиёқи ошиб, эртанги кунига ишончлари мустаҳкамланди. Узоқ ва бахтли турмуш кечириш орзуси алангаланди. Бу инсон қадри учун амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг ёрқин исботидир.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
ishonch.uz
