Ҳеч ким кафолат беролмайди

164

ёхуд ҳомиладорлар дори ичиши мумкин эмас(ми?)

Яқинда қабулимга 25 ёшлар чамасидаги келинчак келди. Унинг ранглари оқариб кетганди. Қўлидаги таҳлил натижаларида унда камқонликнинг оғир даражаси аниқлангани қайд этилган.

– Шунча дори ичсам ҳам аҳволим ­ўнгланмаяпти, – деди у ҳорғин оҳангда.
– Нонуштага нима едингиз? – деб сўрадим ундан.
– Битта тухум.
– Кеча кечқурун-чи?
Келинчак гуруч қайнатиб, қатиққа аралаштириб ичганини айтди. Ҳаммаси аён – бундай шароитда унинг аҳволи ­ўнгланмайди. УТТ хулосасини кўздан кечираман: ҳомиладорликнинг бешинчи ойи. Қўшимча текширув жараёнида камқонлик темир етишмовчилигига боғлиқ эмаслиги маълум бўлди. Келинчак эса темир препаратлари қабул қилган.
– Сизга дориларни қайси врач тавсия этди?
– Врач эмас, ўзим дорихоначидан сўраб олдим.
Бу кўпчиликка хос одат. Кейинги пайт­ларда халқимиз орасида дори-дармонларга ружу қўйиш ҳолатлари кўп кузатиляпти. Дори воситаларининг эса тури кўп. Уларни ҳар қадамда учрайдиган дорихонадан сотиб олиб, истеъмол қилиш муаммо эмас. Боши салгина оғриган ҳам, йўталган ҳам, ўзини нохуш сезган ҳам дарҳол дорихонага югуради. Сотувчи эса ўзига маъқул дорини мижози қўлига тутқазиб юбораверади. Дори фойда қилса, бемор «шифокор»га айланади, ҳамма танишларига тавсия қилади. Наф сезмаса, дорилар сифатсиз бўлиб кетганидан нолийди.
Ваҳоланки, ҳар қандай дори-дармонни, албатта, шифокор кўригидан ўтиб ва мутахассис тавсияси асосида қабул қилиш керак. Аввало, биз, касаллик сабаблари билан курашамиз. Улар бартараф этилмаса, ҳар қанча дори-дармон қабул қилган билан хасталик тузалмайди, аксинча, дардга дард қўшилади. Айниқса, ҳомиладорлик даврида бирорта ҳам дорини шифокор рухсатисиз қабул қилмаслик керак.
Статистик маълумотларга кўра, ҳомиладорларнинг деярли 69 фоизи ички ­аъзолар касалликларидан азият чекмоқда, 48 фоиз аёлларда эса камқонлик кузатилмоқда. Қолаверса, аёлларнинг 80 фоизидан ортиғи ҳомиладорлик даврида бир неча дори-дармон қабул қилади. Ана шунинг оқибатида 10-18 фоиз ҳолатларда болалар бир ёки бир неча ривожланиш аномалиялари билан туғилмоқда.
Мутахассислар туғилажак «янги меҳмонлар»нинг учдан бирида салбий реакциялар кузатилиши мумкинлигидан ҳавотирда. Баъзи манбаларда ҳомиладор аёллар витамин ва темир препаратларидан ташқари тўрт хил дори-дармон қабул қилаётгани айтилган. Ваҳоланки, ҳеч бир мутахассис «Манави дори ҳомилага ножўя таъсир қилмайди», деб кафолат беролмайди. Ҳатто темир препаратлари ҳам FDA (Fооd and Drug Administratiоn) бўйича хавфсиз гуруҳга кирмайди, улар нафақат ҳомиладорларда, балки барчада ошқозон-ичак муаммоларини келтириб чиқариши мумкин.
Таҳлилларга кўра, туғма нуқсонларнинг 10 фоизи хромосом ва генетик нуқсонлар туфайли келиб чиқса, 1 фоизи дорилар сабабли ривожланади. Охирги пайтлар перинатал интенсив терапия бўлимларига ярали некротик энтероколит ташхиси билан чақалоқлар қабул қилинмоқда. Уларнинг 62-94 фоизи етилмаган гўдаклардир. Ҳомиладор аёлнинг антибактериал воситаларни истеъмол қилиши ҳомиладаги ичак ички қаватининг майда тукчалари емирилишига сабаб бўлмоқда. Натижада чақалоқ туғилганидан сўнг ичак­ларда яралар ҳосил бўлишидек аянч­­ли ҳолатлар ҳам учраб турибди. Ҳомиладорликда қўлланилаётган дори воситалари келажакда болага эмбриотоксик, тератоген ва фетотоксик ножўя таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу боис биз ҳомиладорликнинг биринчи уч ойида антибиотиклар қабул қилишни мутлақо тақиқлаймиз. Аҳвол жуда жиддий бўлган тақдирдагина, тавсия қиламиз. Аммо кейинги пайтларда нафақат ҳомиладорлар, жуда кўпчилик салгина шамолласа ҳам кучли антибиотиклар қабул қилиши кузатиляпти. Йиллар синовидан ўтган «пенициллин», «ампициллин» каби дориларни ҳозир ҳеч ким истеъмол қилмайди. Сабаби, улар секин таъсир кўрсатади. Биз эса бир кунда яхши бўлишни истаймиз ва энг кучли антибиотиклардан фойдаланишга шошиламиз. Оқибати маълум. Ҳомиладор аёл кучли антибиотикларни қабул қилса, кейинчалик чақалоқнинг иммун тизими заифлашади, устига-ус­так, кейинчалик унча-мунча антибиотик таъсир қилмайдиган бўлади. Натижада чақалоқ кўп касалланади ва нимжон бўлиб вояга етади.
Маълумки, тиббиётда барча дори-дармонлар гуруҳларга ажратилган. Улардан бири «Фуфломицин» туркумидир. Бу илмий текширувлар билан исботланмаган, тиббиёт принципларига жавоб бермайдиган, самараси ўрганилмаган, аммо муомалада кўп учрайдиган преператлар гуруҳидир. Уларни ҳар қанча қабул қилсангиз ҳам, самарасини сезмайсиз. Ушбу туркумга кирувчи дорилар биз билганимиздан ҳам кўп бўлиши мумкин. Шу боис шифокорларимиз ҳомиладорлик даврида аёл қандай дори воситаларини ва нима учун, қай муддатда истеъмол қилгани бўйи­­ча тўлиқ маълумотларни йиғиб бориш­лари зарур.
Ҳомилага, яъни туғилаётган чақалоққа дори воситаларининг биронтаси ҳам 100 фоиз потенциал хавфсиз, деб бўлмайди. Уларнинг ножўя таъсири олдини олиш мақсадида препаратни фақат ҳомиладорлик даврида белгиланган хавфсизлиги ва метаболизмини билган ҳолда ишлатиш керак. Шифокор дори воситасини тайинлашда ҳомиладорлик даврини ҳисобга олиши даркор. Тавсия қилинаётган дори-дармонларнинг фойдаси кўпроқ, ножўя таъсири камроқ бўлишига эътибор қаратиш зарур. Ҳомиладор аёлларга янги дори воситаларини тавсия қилишдан тийилган маъқул.
Албатта, дори-дармонларнинг ҳомиладорга ва ҳомилага таъсирини нафақат шифокорлар, балки бошқалар ҳам яхши англаб етсаларгина, ножўя таъсирларнинг олдини олиш мумкин.

Саломат МАТЯҚУБОВА,
Хоразм вилояти перинатал маркази директори, тиббиёт фанлари доктори