Хиром айлаётган «эркак»лар

81

Бугун телеэкранларда, клипларда, ижтимоий тармоқларда қилпиллаб хиром айлаётган «эркак»лар, устига аёлнинг кийимини кийволиб, лабини, кўзини бўяб, тўйларда нағма қилаётган эркак отлиқ таъвияларни кўраверганимиздан бора-бора асл эр йигит қиёфасини унутиб қўймоқдамиз.

Замоннинг зайли билан ижтимоий тармоқларда профил очиб олиб, бачкана қилиқлари билан одамларни жалб қилиб, ўзларини тили билан айтганда, «просмотрчилари» сонини миллионга етказиб, шу орқали жарақ-жарақ пул топаётган «тик-токчи», «вайнчи» ўзбек «йигит»ларининг фаолиятини кузатиб, шунга амин бўлдимки, таъбир жоиз бўлса, улар жамиятимиз миясига тушган қуртлар.
Жинси эркак бўла туриб, экранда шиқинглаб, сузилиб кўриниш берса, ҳар бир чиқишида аёлсифатларнинг ҳатти-ҳаракатини тарғиб қилса ва буни миллионлаб ёшлар онгига сингдириб турса… Кун келиб, бизнинг заминда ҳам аросатда қолган жинслилар ўз ҳақ-ҳуқуқини сўраб, «байроқ» кўтариб чиқмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди…
Энг ачинарлиси, актёрликка ўқимаган, ҳеч қандай билим-савияга эга бўлмаган, биргина матоҳи қўлидаги телефон орқали ижтимоий тармоқларда «ётволиб», маданиятсизлик ва бачканаликни тарғиб қилаётган бу «йигит»лар олий маълумотли инсонлардан ўн баробар кўпроқ пул топаётганини билган ёш-яланг борки, ўзини шу «соҳага» урмоқда.
Бугун ҳақиқий эркак қиёфасидаги актёрларимиз четда қолиб, экранларни мана шундай аёлсифатлар босиб кетаётганидан ҳавотирга тушасан киши. Аммо, афсуски, уларни қўллаб-қувватлаётганлар ҳам, уларнинг томирига сув қуйиб, гуркирашига шароит яратиб бераётганлар ҳам ўзимиз…
Биз бора-бора «аёлсифат»ларга кўникиб бормоқдамиз. Негадир уларни ёқлаётганларга ҳам бизда секин-аста иммунитет ҳосил бўлмоқда. Бу шундай иммунитетки, номи –ЛОҚАЙДЛИК.
«Менга нима, сенга нима?», «Бундайлар бугун пайдо бўлиб қолмаган», «Улар шу йўл орқали пул топаяпти» қабилида фикрлаш оқибатида жамиятда қўрқоқ, пул учун ҳар нега «қодир», ор-ғурурсиз, сўзида турмайдиган аёлсифат «йигитлар» сони кўпайиб бораверади. Бунга эса, асло йўл қўйиб бўлмайди!
Унутмайлик, миллат парокандалигига «ўшанақа»лар замин яратади.

Орзугул РУСТАМОВА,
«ISHONCH»