Чемпионлар қандай кутиб олинди?

96

      10 августдан 11 августга ўтар кечаси Тошкент халқаро аэропортига Бутунжаҳон 44- шахмат олимпиадаси ғолибларини кутиб олиш учун минглаб одам кела бошлади.

Гарчи вақт алламаҳал бўлса-да, одамларнинг кўплигини кўриб, ўзбек халқи ўз қаҳрамонларини нечоғлиқ ардоқлашини ҳис этиш мумкин.

Аэропортнинг ички ҳудудида чемпионлар учун ясалган махсус қизил йўлак икки четидаги байроқлар билан жуда чиройли кўринарди.

Ташқарига ўрнатилган катта ҳажмдаги мониторлар орқали кутиб олувчилар ичкарида ва ташқарида бўлётган барча жараёнларни кузатиб боришди.

Ва ниҳоят, соат миллари 3:00дан ўта бошлагач, чемпионлар Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров, Жаҳонгир Воҳидов ва Шамсиддин Воҳидов қизил йўлакда кўриниш беришди. Улар ташқарига чиққач, минглаб кутиб олувчиларнинг ҳайқириғи эшитилди. Одамлар чемпионларни беш-ўн дақиқа олқишлаб туришди.

Маълум вақтдан сўнг чемпионларни кутиб олишга бағишланган тантанали маросим ҳам бошланди…

Давлатимиз раҳбарининг дунёни лол қолдирган шахматчиларимизга йўллаган табригини Бош вазир Абдулла Арипов ўқиб эшиттирди.

Шахматчиларимиз номидан сўзга чиққан Нодирбек Абдусатторов улуғ ғалабанинг қўлга киритилишида яратилган барча шарт-шароитлар, кўрсатилаётган эътибор учун юрт эгасига раҳматлар айтиб, миннатдорлик билдирди.

Давлатимиз раҳбарининг фармони билан “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланган ўғлонларга 600 миллион сўмдан пул мукофоти (сертификат) ҳамда Президент совғаси — Equinox автомобиллари калитлари топширилди.

Тантанали тадбир элга машҳур санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар билан ҳам янада файзли ва қизиқарли ўтди.

Тадбир якунида ота-онаси ва яқинлари билан Equinox автомобилларига миниб, таъбир жоиз бўлса, янада улкан мақсад ва ютуқлар сари томон йўл олган Ўзбекистон ифтихорларини барча ҳавас билан кузатиб қўйишди.

Юртимизда ҳамманинг ҳавасини келтирадиган қаҳрамонлар кўпаяверсин!

                                                                       Алижон Абдураҳмонов