Авазбек Ҳожиев Наманган шаҳар «Баркамол авлод» маҳалла фуқаролар йиғинида 2018 йилдан буён ишлаб келаётган эди. 2020 йилнинг 1 июлида штатлар сони қисқариши важи билан иш берувчининг ташаббусига кўра, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
– Ўша кезларда соғлиғим ёмонлашгани боис тиббий муолажа олаётган эдим, – дейди Авазбек Ҳожиев. – Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан ишдан бўшатилганимни эшитиб, аҳволим янада ёмонлашди.
А.Ҳожиевнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Наманган вилояти кенгашига қилган мурожаатини меҳнат ҳуқуқ инспектори Баҳром Раҳимбердиев синчиклаб ўрганди ва ходим қонунга зид равишда бўшатилгани ойдинлашди.
Хусусан, иш берувчи 2022 йил 29 декабрда ходимга огоҳлантириш хати берган, аммо огоҳлантириш муддатига амал қилмасдан у билан тузилган меҳнат шартномасини шу заҳоти бекор қилган. Бу ҳам етмагандай, ходимнинг иш ҳақини тўламаган, ишдан бўшатиш нафақасини ҳам беришдан бош тортган. Шунингдек, Меҳнат кодексининг 151-моддасига биноан фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация бермаган.
Суд адолатли қарор чиқарди: А.Ҳожиевнинг барча ҳақ-ҳуқуқлари тикланиб, иш берувчидан унинг фойдасига моддий зарар ундириб берилди.
Орзугул РУСТАМОВА
«ISHONCH»
