Избоскан туманидаги Янгиқишлоқ аҳли йигирма беш йилдирки, тоза ичимлик сувга зор. Одамларнинг шу масалада бормаган идораси, мурожаат йўлламаган мутасаддиси қолмади, ҳисоб. Маҳаллани сув билан таъминлаш ҳар гал йиллик дастурга киритилса-да, натижа йўқ.
Ҳатто, 2020 йилдаги йўл харитасида “ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинидаги мавжуд кўчалар юз фоиз тоза ичимлик сув билан таъминланиши кафолатланади”, деб ёзиб қўйилган ҳам. Аммо, бу ваъдалар ҳам ёлғон бўлиб чиқди.
Туман, вилоят ҳокимликларига қилинган мурожаатлар самара бермагач, аҳоли 2021 йили Олий Мажлис Сенати раисига шикоят хати юборди. Аммо андижонлик мутасаддилар унга жавобни ҳам сохта имзолару ёлғон гаплар билан аравани қуруқ олиб қочишдек қилиб, эплашди.
– Қўлимизда Сенатнинг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Р.Алимовга Избоскан тумани “Сувоқова” таъминоти МЧЖ раҳбари У.Маматожиев томонидан юборилган жавоб хати ва далолатнома бор, – дейди М.Йўлчиева. – Унга сохта имзо қўйилган. Босилган муҳр ҳам ишончсиз. Далолатномадаги “Фуқаро М.Йўлчиева билан тузилган далолатнома илова қилинади” деб ёзилган сатрлар ҳам ғирт ёлғон. Чунки мен далолатнома тузиш жараёнида умуман иштирок этмаганман. Ишчи гуруҳ билан ҳам учрашмаганман. Далолатноманинг қуйи қисмида “Сувоқова” туман бўлими бошлиғи У.Маматожиевнинг ва масъул ходим Ж.Солиев ҳамда “Ифтихор” МФЙ раиси Д.Ҳасановларнинг исм-фамилиялари ёзилиб, имзоси қўйилган. Д.Ҳасановнинг имзоси сохталаштирилган. Чунки Д.Ҳасанов бундан икки йил аввал МФЙ раислигидан ўз хоҳишига биноан бўшаб кетган. Мана сизга республикамизнинг энг юқори ҳукумат аъзолари сўровига жавобнинг избосканча усули.


Хўш, ҳурматли мутасаддилар “Ифтихор” МФЙнинг тоза ичимлик сув орзусида кун санаётган уч мингдан ортиқ аҳолиси яна кимга додини айтсин? Шу йигирма беш йил ичида қанчадан-қанча ҳудудлар обод бўлди. Наҳотки биргина қишлоқни тоза ичимлик сув билан таъминлаш шунчалик қийин бўлса?
Йўлдош ИСОҚЖОНОВ,
Избоскан тумани Боймаҳалла МФЙ оқсоқоллар кенгаши раиси
