“Қўлимизга тутқазилган хатнинг мазмунига кўра, икки ойдан сўнг ишдан бўшатилар эканмиз. Лабораториялар аукционга қўйилибди. Энди хусусий бўларкан. Ишсиз қолишдан хавотирланиб, ҳокимиятга бордик. Ҳокимиятдагилар сизларни ҳеч ким ишдан бўшатмайди, дея ортимизга қайтаришди. Бош шифокоримиз эса бу борада ҳеч қандай кафолат ва жавоб бераётгани йўқ. Топиб олган гапи шу: “хусусий бўласизлар, ишда қолиш-қолмасликларингни эса уни сотиб олганлар ҳал қилади”. Ихтиёримизда икки ой вақт қоляпти. Бизга ёрдам беринг”.
Қашқадарёлик тиббиёт ходимларининг ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу мурожаати янги муаммо эмас. Оилавий поликлиникалардаги лаборатория хизмати (пештахталардаги “бизда тиббий хизмат бепул” деган ёзувга қарамасдан) аллақачон пулли хизмат кўрсатишга ўтиб бўлган. Яширадиган сир эмас бу. Очиғи, бунга ҳаммамиз кўникиб ҳам қолдик. Ваҳоланки, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатларга кўра, туман ва шаҳар оилавий поликлиникалари, кўп тармоқли касалхоналар аҳолига бепул хизмат кўрсатиши керак.
Хусусан, шу вақтгача ҳомиладор аёллар учун барча тиббий текширувлар, жумладан, қон таҳлиллари бепул амалга оширилаётган эди. Энди оилавий поликлиникаларда “SS-LAB” компаниясига тегишли лабораториялар фаолият юрита бошлади. Ажабланарлиси, уларнинг хизмат ҳақи хусусий клиникалардан ҳам қиммат.
Масалан, оддий қон таҳлили – гемоглобин 35 минг (хусусий клиникаларда 20-25 минг) сўм, қоннинг қуюқ ёки суюқлигини аниқлаш – 25 минг (хусусий клиникаларда 15-20 минг) сўм. Бу ҳам етмагандек, прайс-лист рўйхатини ўқиб кўрган кишининг асаби таранглашмай қолмайди. Боиси камқонлик, юрак етишмовчилиги ва қандли диабет каби касалликлар билан оғриган беморларда ушбу анализлар ҳар ҳафта ўтказилиши талаб этилади. Хўш, улар дори-дармонга маблағ топсинми ёки такрорий анализларгами? Аҳолига ноқулайлик туғдираётган бу ҳолатларга қандай муносабатдасиз, ҳурматли мутасаддилар?!
Хўп, касалхоналардаги лаборатория марказлари хусусийлаштирилаётган экан, ушбу жараёнга бош-қош бўлаётган валломатлар ўша муассаса ходимларининг ишсиз қолиб кетиши ҳақида ҳам ўйлашганми? Лабораторияни сотиб олган тадбиркор уларни ишдан бўшатиб, ўрнига таниш-билишини ишга олмаслигига кафолат борми?
– Поликлиникамизга хусусий компания келгач, шу вақтгача фойдаланиб келган тиббий жиҳозларимиз ташқарига чиқариб ташланди, – дейди ўзини таништиришни истамаган юнусободлик лаборатория ходими. – Ўзимизни эса хусусий лабораторияга яқинлаштирмади ҳам. То улар жойлашиб олгунга қадар беш-ўн кун вақт ўтди. Бу орада беморларнинг тиббий анализ жавоблари кечикиб кетди. Шифокорлар эса жовдираб турган беморларга нима дейишни билмай ҳалак.
PS: “SS-LAB” тиббий-диагностика лабораторияси 2018 йилда ташкил топган бўлиб, беш юздан ортиқ турдаги таҳлил, лаборатория диагностикаси хизматини кўрсатади. Айни вақтда пойтахтнинг барча туманларида фаолият юритмоқда.
Шоира БОЙМУРОДОВА,
журналист
