Ўтган ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаси, шак-шубҳасиз, ўзимизнинг қоракўзлар Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида чемпион бўлгани бўлди.
Хўш, баъзи чет эл оммавий ахборот воситалари жар солганидек, бу ғалаба ростан ҳам тасодифми ёки машаққатли меҳнат самараси?
Ishonch.uz мухбири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт мураббийи, кўп карра мамлакат биринчилиги ғолиби Сарвиноз Эргашеванинг отаси Абдукамол Эргашев билан шулар ҳақда суҳбатлашди.
БИР НЕЧА ҚУТИ “ВАЛЕРИАНКА” ИЧДИМ
Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини 11 кун давомида диққат-эътибор билан кузатдим. Очиғи, шу соҳанинг одами сифатида ҳамюртларимиз дона сурган ўйинларни ҳис-ҳаяжонсиз кўра олмадим. Ҳатто турнир давомида бир неча қути “валерианка” ичиб юборганимни ҳам билмай қолдим. Айниқса, Нодирбек Абдусатторовнинг ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу билан кечган муросасиз баҳсида ўзимни қўярга жой тополмадим.
Ҳамюртимизнинг иродали ғалабасидан нечоғли хурсанд бўлганимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Ўйиндан сўнг польшалик ФИДЕ устаси Камил Пичта “Кейинги фарзандимнинг исмини Нодирбек қўяман”, дегани дунё аҳли ўзбек ўғлонларига тан берганидан далолат.
ЎЗБЕКЛАР ҒАЛАБАСИ ТАСОДИФМИ?
Кўп йиллардан буён шу соҳанинг қозонида қайнаган инсон сифатида айтишим мумкинки, бу ғалабамиз айримлар айтаётганидек тасодиф эмас. Аксинча, машаққатли меҳнат самараси, мамлакатимизнинг сўнгги икки йилда шахматга бўлган эътибори натижаси бу. Ишонаверинг, диёримиздан шахмат спорт тури бўйича олтин авлод етишиб келмоқда. Уларга мана шундай ғамхўрлик қилишда давом этсак, марра бизники.
Шахмат мураббийи сифатида уларга раҳмат айтмоқчиман. Энди бу спорт тури юртимизда янада оммалашади, чемпионларнинг кўплаб муносиб издошлари кашф этилади, деган умиддаман.
БИЗ ИЛГАРИ ҲАМ ЮТГАНМИЗМИ?
1992 йилда Филиппин пойтахти Манилада ўтган шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси кумуш медалга эришган. Аммо ўша пайтдаги таркибга назар ташласак, жамоамиздаги бешликдан фақатгина Саидали Йўлдошевгина ўзимиздан, қолганлари эса “оғалар”дан ташкил топган эди. Мана, қаранг, Валерий Логинов, Григорий Серпер, Александр Ненашев, Сергей Загребельний, Михаил Салтаев ва захирадаги спортчи Саидали Йўлдошев… Мен миллатчи эмасман, аммо юқоридаги фикримни шахматчиларнинг исм-шарифлари ҳам тўлиқ исботлаб турибди.
ЭНДИ НИМА ЎЗГАРАДИ?
Ченнайда ўз сўзини айтган ўзбек шахматчиларининг ёш ва иқтидорли экани бизга янги-янги умидлар бермоқда. Нодирбек Абдусатторов 2004, Нодирбек Ёқуббоев 2002, Жавоҳир Синдаров 2005, Шамсиддин Воҳидов 2002 йилда таваллуд топган ёш ниҳоллар. Биргина Жаҳонгир Воҳидов 1995 йилда туғилган. У ҳам энди 27 ёшга тўлди. Бундан кўриниб турибдики, бу йигитларнинг ҳали кўп ва хўп тарихий ютуқларни қўлга киритишади.
2026 йили Тошкент шаҳри Бутунжаҳон шахмат олимпидасига мезбонлик қилади. Бу ҳам нуфузли халқаро спорт федерациясининг юксак эътирофи, мамлакатимизга билдирилган ишончнинг яққол намунаси. Аждодларга муносиб авлод бўлиш масъулияти, спортга берилаётган эътибор туфайли ўша кунларда ҳам насиб этса, ғолиб бўламиз.
Акмал АБДИЕВ суҳбатлашди
ISHONCH.UZ
